Мен нега иқрор бўлгандим?

(Олий Мажлисда референт бўлиб ишлайдиган аканинг муносабати баҳонасида битганим)

Сиз иқрор бўлмасангиз, ичингиздагини қаршингиздаги одам асло билмайди. Ниманидир тан олдингизми, демак пушаймонсиз. Аммо яқиндаги иқрорим («Депутатман, дейишга ийманаман...”) билан шунчаки, виждонимни ювиб олмоқчи эмасдим.

Хўш, унда нимани мақсад қилгандим?

Жорий йилда депутатлар навбатдаги муддатга сайланади. Демак, навбатдаги сайловларда ҳам муваффақият қозониб, депутат бўлмоқчидирман? Аммо ундай эмас. Эълон қилган мақоламни Жомбой туманининг чекка бир қишлоғида мени сайлаган одамларнинг юздан бири ўқиган бўлса, эҳтимол. Шундай экан, бу “чиқишим” натижа бермаслиги аён. Яна сайланишни истасам, ўша ҳудуддаги аҳолининг меҳрини қозонишим, ишончини оқлашим керак, холос. Бунинг учун олдинда кераклича вақтим бор ҳали.

Ўзимни қаҳрамон кўрсатмоқчи эдимми? Бу жуда нозик савол. Шунинг учун ўзимни яна қайта тафтиш қилиб кўрдим. Юрагимга икки кун қулоқ солдим.

Аввало, айтганимдек ўша мақолани ёзишга олти ойдан кам тайёрланмаганман. Ташқи эмас, ички жараённи, руҳиятимнинг тайёр бўлишини кутганман.

Биринчидан, ўша иқрорномани ёзиш мен учун оғир эди. Уят ва орият юкидан эзилдим.

Иккинчидан, мақола ёзилгач, уни эълон қилишни яна икки кун ўйладим. Бир неча бор файлни ўчириб юборишга ҳаракат қилдим.

Учинчидан, иқрор ўқилгач, таъна-дашном, ҳақоратлар ёмғири ёғилишини аниқ-тиниқ ҳис этдим.

Ва буларнинг учаласи ҳам содир бўлди. Буни аллақачон бўйнимга олиб бўлгандим.

Мақсадим – мендан, менинг депутатлигимдан анча катта. Бу мақомни мендан олинишидан фойдалироқ, деб ҳисобладим.

Яъни, биринчи навбатда, мен ҳис қилган туйғуларни туйган депутатлар бошқа шунчаки, қўл кўтармасин. Бу тоифалар кўп. (Мақола эълон қилингач, ушбу иллатлар ҳақида ўзимга ёзган, гапирган депутатлар бўлди). Иймансин, уялсин. Сессияда узоқроқ қолиб кетишдан оғринмасин. Кенгаш раисига, судяга, прокурорга, ИИБ, солиқ раҳбарига мажлисда савол бера олсин. Эътироз қила олсин.

Қолаверса, соҳа тезроқ ислоҳ бўлсин.  

Олий Мажлис... мен бу бинога икки марта кирганман. Бошқа пайтда бу бинога ташқаридан қараганман, холос.

ИШОНАМАНКИ, ИЧКАРИДАГИЛАР ОДДИЙ ОДАМЛАР ЭМАС. САРАЛАНГАНЛАР. Ва яна ўйлашимча, Олий Мажлиснинг қоровули ҳам оддий одам бўлмайди...

Ижтимоий тармоқларда бугун қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ҳам фаол. Фейсбук фойдаланувчилари ичида менга маломат қилганлар кўп бўлди. Масалан, Олий Мажлисда референт бўлиб ишлайдиган дўстимиз Дониёрбек Эркинжонов (Буюк Ўзбек Ўғлони). “...шунчалик ийманар экансиз, марҳамат, депутатликни топширинг, бу мажбурий эмас, жон деб қабул қилишади. Одамларни чалғитмасдан сайловолди ташвиқот демайсизми? Вилоят, керак бўлса Олий Мажлисга сайланмоқчиман демайсизми? Ўзингизни яраланган шердек кўрсатибсизу! Антипиарга гап-сўз йўқ. Мана, депутатларимиз сиздан ўрнак олиши керак. “Жонбой тонги” газетаси шу статусингиз орқасида анча танилди, депутатликдан фойдаланишнинг бир усулида буям. Ҳа, айтгандек, қайси партиядан сайлангансиз?” деб ёзди.

Дониёрбек Эркинжонов, саволларингизга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

  1. Депутатликни шахсан топширишим ёки қандай ҳолатда муддатидан олдин чақириб олинишим мумкинлигини яхши биламан (http://lex.uz/docs/436950). Англаганингиздек, гап менинг ийманишим ва депутатликдан кетишим ҳақида бормаяпти.
  2. Сайловолди ташвиқотим эмаслигини юқорида ёздим.
  3. Биласиз, ҳозирги кунда вилоят депутатлигига туман депутатларидан саралаб олиш тажрибаси бошланган. Ўз навбатида, вилоят депутатларини Қонунчилик палатасига. Сиз юқоридасиз, балки бехабардирсиз, туман кенгашида жон койитиб ишлаш, ўзини кўрсатиш ёки ишлагандай кўриниш унча қийин эмас. Сиёсий партияларнинг тумандаги вакиллари айнан вилоятга “жони бор” номзодларни излаш билан овора. Олий Мажлисга келсак, бунинг учун сиёсатни бироз эрта бошлаган маъқул. Камида талабаликдан ҳаракат қилинса, мақсадга мувофиқ. Масалан, сиздек. Ишонинг, бу чиқиш ортида вилоят ёки Қонунчилик палатаси кўзланмаган.
  4. “Яраланган шер”, “антипиар” – бу ўзини ҳурмат қилган одамга нисбатан ишлатилса, ҳақорат, деб қабул қиламан. Сиз менга бу атамаларни татбиқ этяпсиз.
  5. Биласиз, Самарқандда “Жомбой” деган туман бор, “Жонбой” эмас.
  6. Менга жуда ботиб кетгани, “газетангиз шу чиқишингиз ортидан танилди” деб ёздингиз. Илтимос, бошқа бундай деманг. Бунинг учун пасткаш бўлишим керак. (Газетамизни сизга шахсан таништирмоқчи эмасман).
  7. Гапингиз охирида “айтгандек, қайси партиядансиз?” дебсиз. Бундаям нописандликни ҳис қилдим. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланганман.

Саволларингизга назаримда жавоб бера олдим, деб ҳисоблайман.

Дониёрбек Эркинжонов, фақат биргина мен маломат қилмагандимку, деб оғринманг. Сиз депутатларнинг кимлигини, фаолиятини яқиндан тушунган одамсиз. Олий Мажлисга алоқангиз бор. Бу ҳазилакам даргоҳ эмас. Шунинг учун сизнинг фикрингизни мисол қилиб олдим.

Дарвоқе, “Xushnudbek.uz” телеграм канали ва фейсбукдаги саҳифамда яна қайта ва қайта депутатлар керак эмас, улар текинхўр, халқни алдаяпти каби гаплар айтилди.

 

Ўта шахсий фикрим. ДЕПУТАТЛАР БИЗГА ЖУДА КЕРАК. Фақат қоғозларда белгилаб берилган бурч ва масъулиятини англаган депутатлар керак. Депутатлигидан ийманадиган, арзимасада, ийманишниям билмайдиганлар эмас!

Нега? Масалан, айни вақтда Жомбой туманининг бир неча ҳудудларида дайди итлар тарқалган. Аҳоли чорвасига, ўзига зарар келтиряпти. Бу бўйича таҳририятгаям бир неча бор мурожаат бўлди. Дайди итларни тутиш, ҳудудларни тозалаш бўйича туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда ветеринария бўлимига 2019 йил, 25 апрель куни депутатлик сўрови чиқаргандим. Мана, шунгаям 17 кун бўлди. Улар ҳозирча на депутатнинг сўровига жавоб қайтарди, на итларни тутди. Депутат сўровига жавоб 10 кун муддат ичида қайтарилиши керак. (“Ҳалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми туғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, 2-бандига кўра “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар” деб қайд этилган).

Хўп, бу ташкилотлар нега сўровни писанд қилмади? Ва мен депутат сифатида нима қила оламан бундай вазиятда?

“Ўзбекистон республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 193-моддасида депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб кўрсатилган.

Назаримда, бу жарима миқдорини кўтариш керак. Чунки буни йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчининг жаримаси билан солиштирганда, бу миқдор анча паст. Ҳарқалай, депутат сўрови ҳам кўнгилхушлик учун чиқарилмайди!

Фараз қилайлик, депутат ишласа, халқнинг вакили сифатида бу каби минглаб муаммоларни ҳал этиши, масъулларни қўзғаши мумкин.

Хуллас, ҳамма гап фақат депутатда эмас!

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

Халқ депутатлари Жомбой

туман кенгаши депутати.