Мен севган фасл...

Суманбарларнинг уйи баланд тоғнинг этагига туташган улкан қир биқинида жойлашган. Бораверсангиз, яқинлашаверсангиз, қирлар ҳам салобат билан сиз томонга келаётганга ўхшайди. Унинг ортида осмонга бош қўйган, оқ салла ўраган мағрур чолларни эслатадиган баҳайбат чўққиларнинг уч-учида қотиб қолган қорлар оқариб, ялтираб, аниқ-тиниқ кўрина бошлайди.

Одатдагидек, ҳалигача ҳеч ким ёшини аниқ айтолмаган улкан чинор тагида тўхтадим. Ичим қизиб, дамба-дам соатимга қарайвердим. Бошимда ҳар хил ўй-хаёл, саволлар чарх ура бошлади: “Суманбар уй-рўзғор ташвишидан суғрилиб чиқармикан? Учрашув ҳақида берган ваъдаси эсидан чиқмадимикан?

Ниҳоят, Суманбарнинг нозик гавдаси узоқдан қорайиб кўринди. Кўнглим тоғдай кўтарилди. Бутун вужудимни илиқ, ёқимли, бутунлай ўзгача туйғу қамради. Юрагим гўёки кўкрак қафасимда эмас, балки қулоқларим остида гурсиллаб ураётганга ўхшади. Кўзларим порлаб кетди. Ўрнимдан туриб, у томон юра бошладим.

- Салом, - деди Суманбар оппоқ тишларини кўрсатиб майин жилмаяркан. - Узр, куттириб қўйдим. Ишқилиб... Ишқилиб, мана, келдим. Хафа бўлманг, тағин...

Нафасим ичимга тушиб кетгандай бўлди. Тилим айланмай қолганди. Кўзларига... Тўғриси, кўзларига қаролмадим, улар олов уфуриб, каминани ёндириб юборишга тайёрланаётганга ўхшаб туюлди.

- Яхшимисиз, Суманбар? - дедим ниҳоят майин бармоқларини билинар-билинмас сиқиб кўришарканман. - Нега хафа бўларканман? Келдингиз, шунисига ҳам шукур...

- Хўш, айтинг, бугун қаерларни зиёрат қиламиз?

- Буйруқни бугун сиздан эшитамиз, - дедим ўзимни анча ўнглаб олиб. - Қаерга бошласангиз, ортингиздан эргашавераман...

Суманбарнинг оппоқ, кенг бодом қовоқларига бориб туташган қалин қошлари бир оз чимирилгандай бўлди. Бўй-бастига ярашиб турган қип-қизил кўйлагининг кенг этагини шамолга тўлдириб, бир-икки айланиб олди.

- Имкониятни каминага берганингиз учун раҳмат, - деди Суманбар завқланиб куларкан. - Сиздай одамни измимга солиш... Ростини айтсам, ўзим ҳам шуни истаб турувдим. Қарши бўлмасангиз, истироҳат боғини айланайлик. Уни нафақат баҳорда, кузда айланишнинг ҳам завқи бор.

Таклиф каминага ҳам маъқул тушди. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган маданий истироҳат боғи томон ёнма-ён йўлга тушдик. Унинг бунёд этилганига кўп вақт бўлгани йўқ, беш йилдан бироз ошди. Катта-кичик йўлакларнинг атрофида ўтқазилган арча, қарағай, бошқа турли туман манзарали дарахтлар энди қомат тиклаган. Баъзилари куз бўлишига қарамай яшнаб турибди. Яна бошқалари япроқларини салқин эсиб турган шабадага бепарво топширмоқда. Боғнинг икки томонига экилган тераклар сарғайган ва сийраклашган япроқлари билан чапак чалганча бизни олқишлаб турган одамларга ўхшайди.

Дарвозадан одамнинг юрагидан бошланган томирлардек ҳар томонга тарқалиб кетган катта-кичик, узун-калта йўлакларни аллақачон қуриб-қақшаётган хазонлар эгалламоқда. Ўнг томонда улкан-улкан тошлардан бунёд этилган жажжи сунъий тоғ биқинида табиатнинг ноёб, гўзал жонивори оҳунинг тошдан яратилган сиймоси одамларни хавф-хатардан огоҳ этаётгандек, атрофга зийрак боқиб турибди. Ундан анча юқорироқда гўёки ноёб гиёҳларни тановул қилиш учун иккита шохи икки томонга тарвақайлаган тоғ эчкиси бор кучи билан юксакликка интилмоқда. Чап томонда, аттракционлар ўрнатилган майдонда болаларнинг чуғур-чуғури бутун атрофни тўлдирмоқда. Тўғрида эса, яхна ичимлик, музқаймоқ павильони. Ёзнинг жазирама иссиғида музқаймоқ, яхна ичимлик олмоқчи бўлсангиз, навбатда туришингизга тўғри келади. Ҳозир харидорлар анча сийраклашиб қолибди. Музқаймоқ ҳам, яхна ичимлик ҳам онда-сонда сотилмоқда.

Битта-битта босиб одимлай бошладик. Оёқларимиз остида умрини яшаб бўлган, сарғайган, қуриб-қақшаган япроқлар маъюс сас чиқариб эзилади. Одамнинг ҳам, ҳар бир жониворнинг ҳам, ҳатто ҳар бир гиёҳ, япроқ умрининг ҳам поёни борлигидан огоҳ этади.

Бошқа дарахтларга нисбатан каттароқ арча тагида ўрнатилган, бироз ранглари ўчган, уриниб қолган ўриндиқ олдида тўхтадик. Рўмолчамни олиб, аввал уни хазондан, кейин чангдан тозаладим.

- Марҳамат, ўтирасизми? -  дедим Суманбарга бироз тикилиб.

- Раҳмат, - деди Суманбар узун киприкларини пирпиратиб. - Келинг, бир нафас хордиқ чиқарайлик, танамиз ҳам, оёқларимиз ҳам бироз яйрасин...

Суманбар ўтиришига ҳалақит бергани учун майдалаб ўрилмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган узун, тун қўйнидан суғуриб олингандек шовиллаб турган қоп-қора сочларини кўкраги устига ташлаб қўйди. Унинг қизил олмадек яшнаб ва ялтиллаб турадиган тип-тиниқ юзи қуюқ сочлари орасидан янада жозибалироқ кўрина бошлади. Чуқур ҳаяжон, битмас-туганмас завқ-шавқ оғушида секин ёнига чўкдим.

- Жуда кўп одамлар баҳорни севадилар, - деди Суманбар киприклари яширишга қийналаётган кўзларини чарақлатиб. - Унга ташна бўлиб яшайдилар. Мен эса кузни севаман. Уни ҳар гал соғиниб-соғиниб кутаман. Баҳорим ҳам, ёзим ҳам, қишим ҳам - куз. У ёши улғайган, ўзини анча босиб олган, катта ҳаёт йўлини ўтаган вазмин одамга ўхшайди. Куз кирганда доим отамни эслайвераман. У киши оғир, минг марта ўйлаб, бир марта гапирадиган одам эдилар. Куз пайти бутунлай очилиб яшардилар. Қизим, кузда боғларни айлангин, - дердилар доим кўзлари ёниб. - Куз фасли одамни вазмин бўлишга тайёрлайди. Ҳаётнинг абадий эмаслигидан огоҳ этади. Юрагингни раҳм-шафқатга тўлдиради. Хаёлингни чархлайди. Руҳиятингни тозалайди...

Шу вақт нарироқда, билинар-билинмас эсаётган салқин шабадада оҳиста тебранаётган хазонлар устига мусича келиб қўнди. У бир-икки “ку-ку” дейиши биланоқ ёнида иккинчиси пайдо бўлди.

- Жуфти бўлса керак, - дедим гапни бошлашга баҳона топилганидан хурсанд бўлиб. - Улар ҳам биз каби сайрга чиқишганга ўхшайди.

- Тўғри айтасиз, улар ҳам ёлғиз яшамайдилар. Қушлар орасидан бевафоларини топиш қийин. Катта умид билан оила қурган баъзи одамлар-чи? Бир-иккита фарзандлари бўлса ҳам, осонгина ажрашиб кетаверадилар. Отаси тирик бечора етимлар бағри қонга тўлиб қолаверади. Қушлар-чи? Оҳ, қушларнинг муҳаббати... Бир газетада ўқиганман, оила қурган қалдирғочларни бир-биридан фақат ўлим ажратаркан...

Шу вақт боғ устида, бир парчаси кўриниб турган осмонда узун арғамчи солиб учаётган турналар пайдо бўлди. Баландлигидан ҳар бири одам кўзи зўрға илғайдиган қора нуқталардек жимирлаб кўринарди.

- Турналарни санай оласизми? - дедим Суманбарга осмонга тикиларканман. - Мар-ҳамат, санаб кўринг, улар ҳам тоқ эмас, жуфт. Турналар ҳар доим ўз жуфти билан ёнма-ён парвоз этаркан. Бир-бирига куч-қувват бахш этганча қанот қоқаркан. Бундай руҳий мадад уларнинг узоқ-узоқларга, олис манзилларига эсон-омон етиб олишларини таъминларкан.

Ўрнимиздан турдик. Юрганимиз сайин оёғимиз тагида яна хазонлар ғамгин шитирлай бошлади. Илтижо билан осмонга чўзилган улкан қўлларга ўхшаб қотиб турган дарахтлардан узилаётган япроқлар аввал бошимизга, кейин елкамизга урилиб, оёқларимиз остига тўшаларди.

- Бечора япроқлар, - деди Суманбар совуққотаётгандек бир оз энтикиб. - Умри хазон бўлаётган япроқлар... Улар баҳорда кўм-кўк бўлиб яшнаб турган. Ҳавони ғубордан, заҳардан тозалаган. Барча жонзотга хизмат қилган. Энди эса... Албатта, бу табиат қонуни. Нафақат япроқлар, ҳатто эртами, кечми, ўзимиз ҳам худди шулардек тўкиламиз. Лекин баъзи-баъзида шундай қисқа ҳаётимизнинг қадрига етмаймиз. Ҳар бири қадр-қимматли, Аллоҳ томонидан санаб берилган онларимизни беҳуда ишларга сарфлаймиз. Бир-биримизга хиёнат қиламиз. Бир-биримизга чоҳ қазамиз...

Суманбарни севиш, севилиш, умуман, ишқ-муҳаббат ҳақидаги саволларга кўмиб ташламоқчи бўламан. Аммо тилим амримга бўйсунмайди. Оғиз очишга журъат қилолмайман. Чўчитиб юборишдан, ножўя гап айтиб қўйиб, кўнглини оғритишдан қўрқаман. Таваккалига ўзимни файласуфлардек тутиб, ноилож гап бошладим:

- Суманбар, - дедим ҳали супурилмаган, қалин хазон босган йўлакдан одимларканмиз. - Шунисига ҳам шукурки, бахтимизга муҳаббат яратилган. У узиб бўлмайдиган занжирдек одамларни бир-бирига бирлаштириб туради. Қуёш осмонни, оламни ёритади. Муҳаббат эса кўнгил қуёши. У одамнинг бағрини ёритади. Кўнгил осмонини ёритади...

Суманбар менга ялт этиб қаради. Ширин жилмайди. Қорачиғи олов бўлиб ёнаётгандек, кўзлари бутунлай ўзгача чарақлади.

- Инсоният ҳалигача муҳаббатдан улуғ туйғуни кашф этолмаган, - деди Суманбар бошини силкитиб қуюқ сочларини орқасига ёйиб ташларкан. - Муҳаббат - кўнгил кашфиёти. У дастлаб кўнгилда таваллуд топади. Тил билан эмас, кўнгилдан кўнгилга пинҳона изҳор этилган муҳаббат ҳақиқий муҳаббатдир. Нафақат ёр, нафақат ота-она ёки фарзанд, балки Ватаннинг ҳам, унинг муқаддас тупроғининг ҳам фақат кўнгилдан севилишини истайман. Муҳаббатсиз одамнинг қалби бўм-бўш, ғарибдир. Бундай одам ҳеч кимни, ҳеч нимани севолмайди. Бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Суманбарнинг сўзлари фикр-хаёлимни бутунлай ўзгартириб юборди. У кўзимга оддий қиз эмас, худди осмондан тушган фаришта бўлиб кўрина бошлади.

Яшнаб турган чеҳрасига сезилар-сезилмас ўғринча нигоҳ ташладим: икки кўзи одамни ҳайратга соладиган даражада ўткир чарақлаб турибди. Узун киприклари кўзларини қўриқлашга тайёрланаётган аскарлардек саф тортган. Қайрилма қошлари гоҳ бир-бирига туташади, гоҳ бир-биридан силкиниб-силкиниб ажралади. Иягининг бир четига ёпишиб турган қорамтир холи ўрнидан гоҳ у, гоҳ бу томонга қўзғалиб, чинакам мўъжиза тўла гўзаллик кашф этмоқда...

Суҳбатимиз анча қизиб, учрашувимизга оқ фотиҳа берадиган ўша қариб-қартайган, иккимиз учун ниҳоятда муқаддас кекса чинор тагига етиб келганимизни сезмай қолибмиз. Унинг ҳам шохлари яланғоч бўла бошлаган. Баргларининг ярмидан кўпи тўкилиб, оёқларимиз остида гиламдек тўшалиб ётарди.

- Сиз билан хайрлашиш мен учун жуда оғир, - дедим гапни нимадан бошлашга қийналиб. - Учрашувимиз тугамаса экан. Аллоҳ инсониятга севиш ва севилиш учун муҳаббатни инъом этганига юз марта шукур. Шундай учрашувлар, тотли висол онларини инъом этганига минг марта шукур.

- Файласуф бўлиб кетинг-э, қойил, - деди Суманбар қиқирлаб кулганча ўрнида бир-икки айланиб, хайрлашиш учун оппоқ, майин қўлини чўзаркан. - Сабр ҳақида эшитганмисиз?

- Йўқ, - дедим ҳайрон бўлиб.

- Сабрнинг таги роҳат...

Иккаламиз ҳам бараварига кулиб юбордик. Суманбарнинг гавдаси қора нуқтага айланиб, кўзга кўринмай қолганича қоқилган қозиқдек ўрнимда анча маҳал қотиб турдим.

Ниҳоят, ортимга қайтарканман, бағрида ўн тўрт кунлик ойни ардоқлаётган осмондек ёришган қалбимнинг энг чуқур туб-тубидан ҳали бўғзимгача, тилимгача етиб келолмаган қуйидаги сўзлар отилиб чиқа бошлади: “Куз - мен севган фасл. Бу фаслда бахтимни топдим. Бу фаслда муҳаббатимни топдим. Энди куз фаслига бўлган муҳаббатимни ҳеч ким ҳеч қачон сўндиролмайди...”

Файзи ҲАЙДАРОВ