Мен сизларни эшитяпман!

Ота қаршисида қиқир-қиқир кулаётган уч-тўрт болани ғира-шира кўрди. "Ким бўлди булар? Фотима эмасмикан, йўқ, Зокиржонга ўхшаяпти". Ота аллақачон вояга етган набираларини қаршисидаги "чурвақалар" билан адаштириб қўйди. "Дарвоқе, яқинда Зокиржонга келин олиб бердик-ку". Ота кичик набирасига ўтган йили келин қилганини элас-элас эслади. Хотирасидан койинди.

– Бобо, кимни ўлдирдингиз? – болалардан бири отанинг юзига яқин келиб, шу саволни берди.

Ота атрофида пилдираётган болаларни танимоқчи бўлиб тикилди. Яна шу савол. Бу савол умри давомида минг марталаб, миллион марталаб берилгандир. Бу савол ўзига ўзи томонидан ҳам берилган. Деярли ҳар куни. Жавоб эса йўқ, бўлмайди ҳам.

– Ҳа, сизларними! Қани, ҳаммаларинг тез ҳовлига чиқиб ўйнанглар-чи! Уйниям бозор қилиб юборибсизлар, – ота Соҳиба келинининг овозини таниди. – Боболаринг дам олиши керак. Чарчатиб қўйибсизлар.

Ота келинини ўзича алқаб қўйди. Ўғлимга яхши келин олиб берганман-да. Жуда фаросатли. Чанқаганди, чой ичирди. Бироз совуқ ўтганди, кўрпанинг устидан тўнини ташлаб қўйди.

Ота кўзларини юмди, ухламоқчи бўлганидан эмас, шунчаки, одатга айланиб қолган, хаёл суради. Ухламасдан туш кўради...

***

– Тожибой, келдингми? Тез ювиниб ол, укажон. Ҳозир овқатни сузаман, – тандирхона томондан опасининг ёқимли овози эшитилди.

Уч-тўрт тенгдош жўралари билан тушгача қишлоқ этагидаги ариқларни қазиб, уйга қайтди.

Опаси ялпиз қовуриб келган экан. Тожибой бир соатча аввал ариқ қазиётганда узоқдан опасини кўргандай бўлувди. Демак, ялпиз тергани чиққан. Улар бир-бирининг юзига қарашмади. Опа жонидан ҳам ортиқ кўрадиган укасига яна ялпиз қовуриб бергани учун ийманди. Ука эса мана, бир неча ойдирки, хонадонига бир тишлам гўшт олиб келолмагани учун орланди.

Тожибой уч-тўрт кун аввал тегирмончининг томорқасини ағдариб берганди. Эвазига ярим қоп маккажўхори уни олди. Тугаса, яна ярим қоп бераман, деган. Ваъдасида турса бўлди... Опаси ўша ундан нон пиширибди.

Бир-бирига чексиз меҳр қўйган бу икки жон ўз хаёллари билан бўлиб, жимгина тушлик қилишди.

Тожибой қовурилган ялпиздан ҳеч қачон безор бўлмаган. Тўрт йил урушда бўлди, барибир ялпизни соғинди. Урушдан қайтди, опаси турмушга чиқди, ялпиз таъмини унутмади. Опаси қўшни Пайариқ туманида яшарди, икки фарзанди билан бева қолди, Тожибой уларни ҳам олиб келди, қарамоғига олди. Ўшандаям ялпизни қўмсади. Йиллар ўтди, мўл-кўлчилик бўлди, тўқчилик бўлди. Умрида кўрмаган, эшитмаган таомлар, узоқ юртлардан келадиган ғалати мевалар пайдо бўлди. Лекин опаси ўз қўли билан қовуриб берган, ариқ бўйида ўсадиган ялпиз бошқача туюлди унга. Чунки бу йиллар унга сабр-тоқатни, меҳрни ўргатган. Маккажўхори унидан тайёрланган нонда, оддийгина ўтда опасининг меҳри, меҳнатини ҳис қилган. Юрагининг энг чуқур ерларига кўмилган бу хотиралар унга ҳамма нарсадан тотли!

Ота тамшаниб қўйди.

***

Бир неча йил аввал ота йиғлади. Набиралари унга қараб "Нима бўлди, ота? Йиғламанг, бу кино-ку!", – дейишди. Тожибой ота учун бу кино эмас. Бундай киноларга тоқати етмайди. Телевизорда яхши кунларни, бахтли инсонларни кўрсатишларини истайди. Уруш ҳақидаги фильмлар бу инсонни яна етмиш йил ортга қайтаради. Бундан оғири йўқ. Парчаланган елкаларини ушлаб қўяди. Уч ўқ елка қопқоғига муҳр қўйган. Бу излар йиллар ўтгани сари янада бўртиб кўриниб қолгандай туюлади унга.

Улар совуқ ўлкаларда душманлар яқинлашиб келаётгани ҳақида миш-миш эшитишди. Икки кун ўтиб билдики, миш-миш эмас экан. Поездда кетиб боришарди. Ўрмонлар оралаб ўтишди. Қанийди, урушмасдан яшасанг, инсон! Дунёни янада гўзалроқ бўлиши учун яшасанг, курашсанг.

Поезд қаттиқ силкинди. "Пистирма қўйишган экан! Бошингни эгиб ол, Тожибой!", – деб бир неча ой давомида хизматда унга яқин бўлиб қолган кавказлик маслаҳат берди. Уларнинг устига ўқ ёғила бошлади. Поезд тўхтади. Улар пастга тушганда ҳаммаёқни порох ҳиди тутиб кетганди. Тутун кўзни ачиштирар, атрофни кўриб бўлмасди. Бироз аввал кўзига бемисл гўзал бўлиб кўринаётган ўрмон ваҳимали тусга кирганди. Аммо инсоният ҳимоясига отланган йигирма бир ёшли юрак ҳар қандай қўрқувни енгади. Унинг ортида опаси бор! Керак бўлса, кўкрагини қалқон қилиб бўлса-да, опаси томонга бировни ўтказмайди. Бунга ғурур, орият йўл қўймайди. Табиийки, у яқин дўсти айтганидек "бошини эгиб олмайди". Олдинга интилди. Ўрмон ичига анча кириб борди. Атроф бутунлай кўринмасди. Ким ўлаётгани, ким қолаётганини билиб бўлмасди.

Тожибой қаттиқ силкиниб кетди. Елкасини чўғ куйдирарди, кўнгли айниб, йиқилди. Нафаси сиқа бошлади. Юраги музлаб қолаётгандай бўлди...

– Чекинишди! – кавказлик ва яна бир шериги унинг елка ва кўкракларидаги қонни тозалашар, ёрдам кўрсатишарди.

Тожибой бир неча ой госпиталда даволанди. Тузалгач, яна олов ичига кирди...

***

Тўрт-беш йилча аввал қаттиқ момоқалдироқ бўлди. Кечаси билан осмон гумбурлади. Ота яна етмиш йил ортга қайтгандай бўлди. Қонли йиллар кўз ўнгида гавдаланди. Кўпчилик учун шунчаки, табиат ҳодисаси бўлган момоқалдироқ отага қаттиқ таъсир қилди. У шундан кейин анча оғриб қолди. Ўзига ўзи гапирадиган одат чиқарди.

***

– Ота, ҳоким бова келди! Сиздан хабар олгани келишибди.

Ота бошини кўтарди. Тумонат одам. Ҳарбий оркестр куйлаяпти. Ҳоким Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожибой Мухторовнинг қўлидан тутди, билагига нимадир тақди.

– Ота, Сиз оловли йилларни босиб ўтдингиз. Сизнинг ҳаётингиз олтинга тенг. Шунчаки яшамадингиз, сиз каби инсонларнинг вақти ҳеч қачон тўхтамайди. Мана шу соат каби. Бу олтин соат. Шахсан Президентимизнинг совғаси. Соғ бўлинг, ота! Бизларни дуо қилинг!

Ота дуо қилди. Унинг дуоси йиғилганлар эшитадиган даражада баралла эмасди, аммо урушга нафрати бўлганлар, ҳаётга, тинчликка муҳаббати бўлганлар буни аниқ эшитди!

Исомиддин ПЎЛАТОВ.