"Метан заправка"ларга киритилган чекловлар юмшатилди
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаевнинг маълум қилишича, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни ростлаш мақсадида ҳудудларда "метан заправка"ларга киритилган чекловлар юмшатилган.
Айни пайтда Тошкент шаҳри, шунингдек, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги "метан заправка"лар фаолиятини тиклаш мақсадида тайёргарлик ишлари бошланган. Мазкур ҳудудлардаги "метан заправка"лар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Ҳ.Тошхўжаев бир кунлик ёқилғи сарфи, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиниши ҳақида айтди. Унга кўра, 15 декабрь куни тизим корхоналари томонидан 254,9 млн. кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Истеъмолчиларга эса 246,4 млн. кВт·соат электр энергияси етказиб берилган.
– Мамлакатимиздаги барча иссиқлик электр станцияларида ушбу электр манбасини ишлаб чиқариш учун 45,6 млн. кубометр табиий газ, 15,2 минг тонна кўмир, 12,2 минг тонна мазут ёқилган, –деди Ҳ.Тошхўжаев. – Республика табиий газ истеъмоли 158,7 млн. кубометрни ташкил қилган. Кеча “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 204 та "метан заправка"нинг 704 таси белгиланган график асосида ишлади. Юзага келган ортиқча талабни қоплаш мақсадида юқорида айтиб ўтилган ҳудудларга автобензин ва дизель ёнилғиси миқдори оширилган тарзда етказиб берилмоқда. Хусусан, кеча “Ўзбекнефтгаз” жамияти томонидан мамлакатимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 4376 тонна автобензин етказиб берилди.
Матбуот хизмати раҳбари сўзига кўра, ҳозир газ босимининг пасайгани ва "Янги Ангрен" иссиқлик электр станцияcи 3-сон энергоблокида юзага келган носозлик туфайли сутканинг тиғиз вақтларида электр энергияси етказиб беришга қўйилган вақтинчалик қисқа муддатли чекловлар давом этмоқда.
Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 9 та, газ таъминотида юзага келган 6 та носозлик бартараф қилинди. Шунингдек, таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 826 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг барчаси махсус бригадалар томонидан тузатилган. Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 564 та мурожаат ҳам шу куннинг ўзида ўрганилиб, ҳал этилган.
Мазкур юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида тизим корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада туну кун меҳнат қилмоқда.