Микроқарз расмийлаштириб бериш баҳонасида пластик карталардан пул ечиб олган “уддабурон” қўлга олинди

2020 йил 19 декабрь куни Жомбой туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро Самарқанд вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 14 октябрь куни турмуш ўртоғига тегишли бўлган телефон аппаратидан телеграм мессенжерига кириб, микроқарз расмийлаштириб бериш тўғрисида “Микроқарз Админ” номли аккаунтдан келган хабарга жавобан микроқарз расмийлаштириб олмоқчи бўлган. Турмуш ўртоғига тегишли паспорт ҳамда Миллий банк пластик картасини телеграм орқали жўнатиб, телефонига “OSON” иловаси орқали келган махфий кодни ушбу профил фойдаланувчисига юборгандан сўнг пластик картадаги жами 4.622.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ечилганганлигини маълум қилган.

Самарқанд вилояти ИИБ тезкор-қидирув ҳамкорлиги бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани, Дам маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган Б.Қ. содир қилганлиги аниқланган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу шахс Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида қўлга олинди. Ундан 3 дона қўл телефони аппарати, Алоқа банк номига расмийлаштирилган пластик карта далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.