Миллий гвардия ходимининг қандай талабларини бажармаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади?
Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун 29 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, кодекснинг 194 (1)-моддага кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, кўрсатилган муддатда Миллий гвардия органларига (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга) бориш ёки Миллий гвардия органларида (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда) ҳозир бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, янги белгиланган нормага кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиш, шунингдек, оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида билиб туриб сохта уйдирмаларни тарқатиш энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қонунга мувофиқ, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими Миллий гвардия органлари билан тўлдирилди.
Хусусан, Миллий гвардия органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади. Жумладан, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади.
Бундан ташқари, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ дориларини олиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) тартибига фуқаролар, юридик шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Юқорида қайд қилинган қонун билан сиёсий партияларга аъзо бўла олмайдиганлар рўйхатига ички ишлардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ходимлари ҳам киритилди.
Қонун билан Солиқ кодекси, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Зайнаб БЕРДИЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.