Самарқанддаги музейда аҳолидан харид қилинган қадимий ашёлар кўргазмага қўйилди
Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалк акцияси доирасида аҳолидан сотиб олинган ёки туҳфа сифатида қабул қилинган қадимий ашёлар намуналари кўргазмаси ташкил этилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли қўлидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга каратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясини ўтказиш белгиланган, – деди кўргазманинг очилишида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Хўжақул Муҳаммадиев. – Мазкур акцияни амалга ошириш, яъни аҳолидан қадимий буюм ва ашёларни сотиб олиш учун ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши лозим. Ўтган йилдан бошлаб ушбу тизим йўлга қўйилди ва икки йилдан буён вилоят бюджетидан зарур миқдордаги маблағ қўриқхона ҳисобига ўтказиб берилмоқда. Ана шу маблағ эвазига бу йил аҳолидан 1345 дона ашёларни олишга эришдик. Улар асосан этнография, нумизматика, археология, тасвирий санъат ва бошқа соҳаларга оид ашёлардир ва илк бор намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг очилишида “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясида фаол иштирок этган фуқароларга қўриқхона томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, бу фуқароларга оила аъзолари билан биргаликда 2024 йил давомида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги маданий мерос объектлари ва музейларга бепул кириши учун сертификатлар берилди.