Миллий қадриятлар рақамли маконда жамоатчиликка тақдим этилди

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан “Qadriyatim.uz” миллий платформаси ҳамда “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида маърифат тарғиботчилари, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, соҳа мутахассислари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Иштирокчиларга “Qadriyatim.uz” платформасининг мазмун-моҳияти, асосий вазифалари ва имкониятлари, шунингдек, “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбомининг яратилиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Qadriyatim.uz” лойиҳаси Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизнинг бой миллий, маънавий ва маданий меросини рақамли шаклда тўплаш, сақлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган.

Қайд этилганидек, ушбу платформа орқали ўзбек халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари ягона марказлашган ахборот базасида жамланиб, тўлиқ рақамлаштирилди. Веб-сайт ҳамда Android ва iOS операцион тизимлари учун мўлжалланган мобил иловалар орқали фойдаланувчиларга қулай, замонавий ва интерактив форматда тақдим этилмоқда.

- Платформанинг муҳим жиҳатларидан бири, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кўбаев, - интерактив харита орқали ҳудудлар кесимида миллий қадриятларни кўриш, видео, фото ва анимацион материаллар асосида танишиш, шунингдек, викторина ва сўровномаларда иштирок этиш имконияти мавжудлигидир. Бу эса, айниқса ёшлар орасида миллий қадриятларга бўлган қизиқиш ва муҳаббатни оширишга хизмат қилади.

Миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида нашр этилган “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбомида миллий меросга оид суратлар, маънавиятни юксалтиришга қаратилган илмий ва маърифий фикрлар ўз ифодасини топган. Китоб-альбом ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган.