Милоддан аввалги I-II асрга тааллуқли тангаларни Ўзбекистондан олиб чиқмоқчи бўлган шахс тўхтатилди
Божхона ходимлари маданий аҳамиятга эга бўлган қадимий тангаларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона пости ходимлари томонидан фуқаро М.Ш. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, ушбу шахс декларацияда кўрсатмасдан ва божхона ходимига маълум қилинмаган 8 дона қадимий тангаларни олиб ўтаётганлиги аниқланди.
Экспертиза хулосаларига асосан, ашёвий далил сифатида олинган 2 дона танга милоддан аввалги I-II асрларда буюк Эвкратид I бошқарувидаги Юнон-Бақтрия подшолиги даврида, 2 дона танга Милодий I-II асрларда Кушон подшолиги даврида ва яна 2 донаси 70−80 йил муқаддам АҚШда зарб қилингани ҳамда 2 дона танга араб ёзувлари битилган XIX асрга оид эканлиги маълум бўлиб, уларнинг умумий қиймати 63,5 миллион сўмни ташкил қилди.
Юқорида ашёвий далил сифатида олинган тангалар Сурхондарё вилояти Археология музейига топширилди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.