Минг сўмлик писта пўчоғи 111,5 минг сўмга тушди

Бугун республикамиз бўйлаб оммавий ободонлаштириш ҳашари ўтказилди. Афсуски, ушбу хайрли ишларга бефарқ кимсалар ҳам орамизда бор.

Айни шу кунларда Булунғур тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекцияси томонидан туманнинг марказий кўчаларида тозалик ва озодаликни сақлаш, чиқиндиларнинг аҳоли томонидан белгиланмаган жойларга ташланишининг олдини олиш бўйича назорат-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

Жумладан, бугун, 14 март куни инспекторлар назоратига тушган фуқаро М.М. автомашинада кетаётиб, писта пўчоқларини белгиланмаган жойга, автомашинанинг ойнасидан йўлга ташлаган.

Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, фуқарога нисбатан 111 500 (бир юз ўн бир минг беш юз) сўм миқдорида жарима белгиланди.

Ҳурматли фуқаролар! Ҳудудимизни тоза ва озода сақлайлик. Зеро, обод юртга байрамлар ярашади.

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.