Мирзо Улуғбек издошлари яна Самарқандда жам бўлади
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 сентябрдаги қарорига кўра, юртимизда буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан шу йилнинг 10-11 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган мазкур анжуман Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ўтказилиши режалаштирилган.
– Айни пайтда конференцияга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов. – Анжуманнинг очилиш маросими ва ялпи мажлис, беш шуъбадан иборат дастури тайёрланди. Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбарлари, юртимизнинг таниқли илм-фан намояндалари ва хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Бир қатор халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардаги олий ўқув юртлари ва астроном, тарихчи олимларга таклифномалар юборилиб, улардан жавоб олинган. Ҳозиргача ўнга яқин давлатдан йигирмадан ортиқ иштирокчи конференцияда иштирок этишини тасдиқлаган. Шунингдек, айрим олимлар анжуманда онлайн тартибда қатнашишини билдирди.
Анжуман дастуридан Мирзо Улуғбекнинг астрономия илми ривожига қўшган ҳиссаси, яратган асарларига оид сўнгги тадқиқотлар натижалари, илмий янгиликлар, ўша давр илмий ва маданий ҳаётига доир, шунингдек, улуғ аллома шогирдларининг фаолиятига бағишланган маърузалар, тақдимотлар ўрин олган.
Тадбирлар давомида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” ва “Тўрт улус тарихи” номли асарларининг бир неча тилдаги янги нашрлари тақдимоти ўтказилади.
Самарқанд давлат университетида анжуманда қатнашадиган хорижлик олимлар томонидан маърузалар ўқилиши, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Жумладан, италиялик олим, ҳисоблаш физикасининг дунёга машҳур арбоби ва қора туйнукларнинг биринчи тасвирларини яратишга улкан ҳисса қўшган Лучиано Резолла томонидан очиқ маъруза ташкил этилади. Маърузада коинотнинг сирли ойнаси – қора туйнукнинг биринчи сурати бўйича маълумот берилиши кутилмоқда.