Мирзо Улуғбек жаҳон таниган шахс
Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги муносабати билан шу номли кўргазма очилди.
Кўргазмада Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг археология, этнография, ҳужжатлар, тасвирий санъат фондларидаги энг сара асарлар орқали улуғ аждодимизнинг серқирра ҳаёти ва фаолияти жонлантирилган. Илмий изланишлар натижаси ўлароқ яратилаётган бу каби кўргазмалар алломанинг турли соҳаларга қўшган бебаҳо ҳиссасини эътироф этиш, уни бугунги кунда соҳаларда кенг татбиқ этиш, шунингдек, юртимизга хорижлик тарих ихлосмандларини жалб этиш мақсад қилинган.
Кўргазмада музейшунослар, олийгоҳларнинг тарих ва астрономия йўналишида таҳсил олаётган талабалари ҳамда тарих ихлосмандлари иштирок этди.
Ушбу кўргазма жорий йилнинг апрель ойига қадар намойиш қилинади.