Миср Сенати раиси Самарқандни зиёрат қилди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Миср Араб Республикаси Сенати раиси Абдулваҳоб Абдулрозиқ бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамроҳлигида Самарқандга келди.
Самарқанд темирйўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.
Миср делегацияси дастлаб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Меҳмонларга буюк жаҳонгирнинг қудратли давлати, соҳибқирон ва темурийлар томонидан Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқандда амалга оширган бунёдкорлик ишлари, мазкур мақбаранинг тарихи ҳақида маълумот берилди.
Регистон мажмуаси билан танишув чоғида бу ерда Мирзо Улуғбек ва Баҳодир Ялангтўш томонидан қурдирилган мадрасалар, уларни асраб-авайлаш борасида бугунги кунда давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритилди.
Миср Араб Республикаси Сенати раиси Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Меҳмонлар Бибихоним масжиди ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликларда ҳам бўлиб, аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини эътироф этди.
Алишер Исроилов.