Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Моҳир ҳунармандларнинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари хорижликларни ҳайратлантирди

Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилди.

Унда вилоятнинг барча туман-шаҳарларидан тажрибали ва "Уста-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганаётган ёш ҳунармандлар вакиллари иштирок этди.

- Кўргазмада 20 га яқин йўналишлар бўйича маҳсулотлар намойиш этилди, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. - Жумладан, каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари ясаш, миниатюра, миллий либослар ва бошқа йўналишларда маҳаллий ҳунармандларимизнинг қўли билан ясалган буюмлар томошабинлар, айниқса хорижлик сайёҳлар ҳайратини оширди. Уларнинг айримлари ҳунармандларга қўшилиб, маҳсулотлар тайёрлашга киришиб ҳам кетишди.

Кўргазма давомида ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди. Лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш, бешик ясаш жараёнларида ҳунармандчиликка қизиққан оддий томошабин ва сайёҳлар бевосита иштирок этди.

Вилоятдаги фольклор жамоалар ижро этган миллий ашула ва рақслари тадбир иштирокчиларига завқ улашди.