Бу ерда эркак ва аёллар ҳуқуқи бирдек ҳимоя қилинади

Самарқанд вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Моҳира Азимова узоқ йиллардан буён бевосита хотин-қизларнинг ҳаётига оид масалалар билан шуғулланиб келади. Моҳира опа раҳбарлигида фаолият юритаётган марказ ходимлари бор-йўғи уч нафар – раҳбар, психолог ва иш юритувчи. Ана шу кичик жамоа ҳар йили ёрдам сўраб мурожаат қилган юзлаб хотин-қизлар ва эркакларга беминнат кўмак кўрсатмоқда. Моҳира Азимова билан марказнинг бугунги фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Моҳира опа, фуқаролар асосан қайси масалаларда кўпроқ мурожаат қилади?
– Кўпроқ оилавий можаролар, зиддиятлар ва уй-жой масаласида мурожаатлар бўлади. Ҳатто арзимаган, уйда эр-хотин ёки қайнона-келин тинчгина ўтириб, ҳал қилса бўладиган масалаларда ҳам шикоятлар тушади. Аксарият ҳолларда оила аъзолари ўртасида бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишга ҳаракат қилмаслик, ишончсизлик кучайганини кўриш мумкин.
Аммо жиддий таҳқир остида қолган аёллар ҳам бор. Уларга тегишли ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Масалан, Каттақўрғон аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига келган мурожаатни олайлик. Гўдаклигидаёқ онаси томонидан ташлаб кетилиб, турли шахсларнинг қарамоғида вояга етган Солия (исмлар ўзгартирилган) 16 ёшида она бўлди. У ҳали турмушга чиқмаган қиз эди. Боласини кимларгадир бериб юборишди. Ёшгина, ҳимоясиз Солия ўз манфаати йўлида ундан фойдаланишни ўйлаганлар орасида кун кечирарди. Ниҳоят бир куни водийлик бир йигит уни ёқтириб қолади. Уйланиб, ўз юртига олиб кетади. Улар уч нафар қизлик бўлдилар. Эри мунтазам спиртли ичимлик ичган. Кейинчалик у Солиянинг ўтмишини эслатиб, таҳқирлай бошлаган. Аёлга нисбатан тазйиқ кундан-кун кучайиб борган. Тинимсиз таҳдидлар остида қолган аёл энди ўзини ҳимоя қилиши кераклигини тушуниб етган. Унинг мурожаатига кўра, аёл давлат ҳимоясига олинди ва марказга жойлаштирилди. Фарзандлари мактабга, болалар боғчасига, ўзи эса ишга қўйилди. Шу билан бирга, имтиёзли кредит асосида янги уй олиши учун бошланғич тўлов давлат томонидан тўлаб берилди. Солия жорий йилнинг март ойида янги уйга кўчиб ўтади. Ҳозирча у марказда яшаб турибди.
Афсуски, бундай аччиқ қисмат эгалари кам эмас. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, аввало, бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун эса комплекс ишларни амалга ошириш, фуқароларимизнинг, айниқса, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва шу орқали инсонларнинг бир-бирига нисбатан ҳурматини шакллантириш лозим.
– Туманлардаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари қисқартириб юборилди. Шундан сўнг вилоят марказига бўлаётган мурожаатлар сони кўпайдими?
– Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оиладаги зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатларини аниқлаш, зўравонликнинг олдини олиш мақсадида марказнинг йиллик иш режаси ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилиши керак бўлган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Айни пайтда Самарқанд вилояти ҳудудий маркази ва намунавий Каттақўрғон маркази фаолият юритмоқда. Бизнинг фаолиятимиз асосини “1146” - Ишонч телефони орқали ва бевосита ўзимизнинг ишонч телефонимизга тушаётган мурожаатлар билан ишлаш ташкил этади десам, хато бўлмайди.
Марказлар сони қисқартирилгач, мурожаатлар кўпайди, дея олмайман. Чунки келиб тушаётган барча мурожаатларни ҳамкор ташкилотлар билан ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, 2021 йилда марказимизга жами 351 нафар шахсдан мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 326 нафарини аёллар, 18 нафарини вояга етмаганлар, қолганини эркаклар ташкил этди. Гарчи ҳимоя ордери берилаётган аёллар сони ойдан-ойга ошаётган бўлса-да, бу аслида зўравонликни яширишни истамаётганлар сони ортаётганидан далолат беради. Мисол учун, ўтган йили 200 нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилган бўлса, олдинги йилларда бу рақам 100 га яқинни ташкил қилган, холос. Албатта, ҳар бир мурожаатчи билан психологимиз Насиба Маматова индивидуал шуғулланиб, оғир ҳолатларда уларни стрессдан чиқариш борасида психологик машғулотлар ўтади, руҳий маслаҳатлар беради.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бизнинг самарали фаолият юритишимизда вилоят ҳокимлиги томонидан доимий равишда катта ёрдам кўрсатилиб, марказимиз ҳокимлик мутасаддилари томонидан фаол қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, “Меҳр-1”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3” операциялари доирасида хориждаги уруш ўчоқларидан қайтариб олиб келинган аёлларни реабилитация қилиш, уларга турар жой ва хонадонлар ажратишда берилаётган беғараз кўмак учун вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
– Суҳбат давомида бир неча марта айтиб ўтдингиз, марказга эркаклар мурожаати ҳам кўпайган деб. Айтинг-чи, улар асосан қандай мурожаатлар билан қелишади?
– Марказга эркаклар томонидан келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарияти хотинлари хиёнат қилган ёки муомала маданиятидан бехабар бўлган аёллардан безган фуқаролардир. Бизга мурожаат қилган эркаклар, албатта, исм-фамилияларини ошкор этмасликни сўрашади.
Гендер тенгликни таъминлаш – жамиятнинг ҳар бир соҳасида аёллар билан бир қаторда эркаклар ҳуқуқларини ҳам бирдек таъминлаш назарда тутилади.
Наргис Қосимова суҳбатлашди.