Можаро рўй бермасидан аввал унинг олдини олиш керак

Аёл соғ-саломат бўлсин-да, ишқилиб. Маҳалланинг юзига доғ тушмасин каби хаёллар билан овоз келган томонга қараб юрди. Кейинги бурилишда бир аёлнинг жон ҳолатда югураётгани, ортидан эса машинани телбаларча ҳаракатлантираётган ҳайдовчи уни қувиб келаётганини кўрди. Дағ-дағ қалтираётган аёлни ортига олди. Машинадан қўлида бир даста пулини ўйнатганча бир эркак тушди.

– Нима, ҳимоячимисиз? Қочинг йўлимдан!

– Шу маҳаллада хотин-қизларнинг ҳимоячисиман, бир аёлнинг ортидан машина билан қувишга нима ҳақингиз бор?

– Ярим оқшом ресторанда ишлаган аёл соғ аёлми, сизнингча. Айтган ишни бажариши керак-да!

– Ҳозир милиция чақираман-да, қилмишингиз учун жавобгарликка торттираман.

Шу гапдан сўнг эркак оз бўлса-да, шаштидан тушди. Аёл фарзандларини боқиш учун тунда ҳам ишлаётганини йиғлаб айтиб берди. Бу ҳолатни шундайлигича қолдиролмади. Аёл билан у ишлайдиган ресторанга бориб, нега ўз хизматчиларини, айниқса, аёлларни ярим тунда ҳимоя қилмаётганини, уйига олиб бориб қўйиш учун транспорт ташкил қилмаганини сўради. Ҳатто қонуний асосда талаб қилди. Ресторан эгаси хатосини тан олди. Кейинги кунларда официант аёл унга қўнғироқ қилиб, раҳмат айтди, ҳақиқатан ҳам шу воқеадан кейин уни уйига машинада элтиб қўйишаётган экан.

Мутахассис вазифалари салмоқли

Бу аёл қайси соҳа вакили экан, деб ўйлаётгандирсиз. Унинг иш фаолиятида айнан шу каби бўлмаса-да, шунга ўхшаш ҳолатлар учраб туради. Эҳтимол, бошқа киши бўлганда ҳаётимни хавф остига қўйиб нима қилдим, ахир профилактика инспектори, қолаверса, маҳаллада посбон бор, деб ўйлаши ҳам мумкин эди. Аммо ўз маҳалласи шаъни, қолаверса, инсонийлик жиҳатдан ҳам бировнинг дардига бефарқ қараб турмайдиган бу аёл маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.

Кўпинча маҳаллада салбий кўрсаткичлар ошганда "Маҳалла фаоллари етарлича ишламаяпти", деймиз. Аммо ушбу кўрсаткичларни оширмаётган маҳалла бунга қандай эришгани кам ёритилади. Айниқса, оиладаги маънавий-ижтимоий муҳитни яхшилаш масаласида олиб борилган ишларни бир жумлага сиғдириш, кўрсатиб бера олиш осонмас. Тўғридан-тўғри оилалар билан ишлайдиган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар бугун ҳудудлардаги оилаларнинг чин маънодаги кўмакчисига айланиши кутилмоқда.

Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонидан сўнг маҳалла маслаҳатчиларининг ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иш бошлади. Уларнинг нафақат вазифаси, балки иш услуби ҳам ўзгарди.

Вилоятдаги илк "Аёллар ижтимоий мослашув маркази" Каттақўрғонда

– Ушбу мутахассисларни танлашда биринчи нав­батда уларнинг фидойилигига эътибор қаратилди, – дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳимова. – Шаҳардаги 35 та маҳалланинг 40 фоизида янги мутахассислар иш бошлади. Шу пайтгача маҳалладаги деярли барча ишларга жалб қилинган маслаҳатчилар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис сифатида иш бошлагач, асосий иш фаолиятини оилалар, хотин-қизлар билан ишлашга қаратмоқда. Хотин-қизлар билан боғлиқ турли салбий кўрсаткичларнинг камайишида бу жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Оилаларнинг ҳар бирининг ижтимоий аҳволи чуқур ўрганилиб, муаммолари ҳал этилаётир. Биргина мисол, ўтган йили шароити ўта оғир ҳисобланилган оилалар 1 200 тани ташкил этган бўлса, бу йил уларнинг сони 602 тага тушди. Жорий йил давомида 200 нафарга яқин хотин-қизлар жамоат ишларига жалб қилинди. 229 нафари турли ташкилотларга ишга жойлаштирилди, 93 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредитлар берилиб, уларнинг иш бошлаши учун имконият яратилди. Қолаверса, ўз жонига қасд қилган хотин-қизлар ҳамда ажрашаётган оилалар сони ҳам ўтган йилга нисбатан камайган.

Умуман, иш фаолиятимизда Президентимиз фармони муҳим дастуруламал бўлди. Сабаби, илгари хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлсак-да, аниқ ваколатларимиз йўқ эди. Қийин аҳволга дуч келиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш мураккаб эди. Имконияти чекланган, ночор аҳволда қолган оилаларга имтиёзли уйларнинг берилиши, турли ташкилотлар ҳамкорлигида моддий жиҳатдан қийналиб қолган оилаларга ёрдам кўрсатилиши, мутахассисларнинг оилалар билан ишлашининг таъминланиши ишимизни тўғри ва тизимли ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яқинда шаҳримизда "Аёллар ижтимоий мослашув маркази" иш бошлайди. Унда қийин аҳволда қолган аёлларга зарур тавсиялар берилади, уларни ўша вазиятдан олиб чиқиш бўйича иш олиб борилади. Кейинчалик марказ таркибида хотин-қизларни ишга жойлаштириш учун тикувчилик цехи ташкил этиш ниятимиз бор. Хотин-қизларнинг муаммоларини биринчи босқичдаёқ аниқлаш ва уларга тегишли ёрдам кўрсатишда маҳалладаги мутахассислар бизнинг асосий тиргакларимизга айланмоқда.

Энди фақат маслаҳат билан иш битмайди

Каттақўрғон шаҳридаги Кўҳнадам маҳалласига борганимизда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисининг телефон орқали бир аёлга далда бераётганига гувоҳ бўлдик.

– Боқувчисини йўқотган аёл, икки фарзанди бор, коммунал тўловда нореал қарздорлиги бор экан, ҳали ёши тўлмаган боласини ташлаб, ярим кун овора бўлса-да, аммо муаммосига жойида ечим тополмабди, – деб изоҳ берди Моҳира Жаниева. – Бу масалани ҳал қилишда, албатта, куннинг иккинчи ярмида мажбурий ижро бюросига бориб, масалани ўрганаман. Бир пайтлар бизга фақат оиладаги жанжаллар билан мурожаат қилган аёллар эндиликда у ёки бу соҳадаги муаммоларини айтишяпти. Чунки ўтган йилдан буён ҳар бир оилага кириб боряпмиз, муҳитни ўрганяпмиз. Аксарияти оддий кундалик муаммоларнинг ҳам қонуний ечими борасидаги маслаҳатга муҳтож. Уларга тегишли мутахассислар билан ёрдам кўрсатдик. Агар уларга ўз вақтида тўғри ечим кўрсатмасак, муаммолар кўпайиб кетади. Тўғридан-тўғри хотин-қизлар қўмитаси билан бирга ишлаётганимиз туфайли у ёки бу ташкилотлар ҳам аҳоли мурожаатлари бўйича талабларимизни эътиборсиз қолдирмаяпти. Мисол учун, бир аёл турмуш ўртоғининг ичкиликка берилгани туфайли уйидан жанжал аримаётгани бўйича мурожаат қилди. Турмуш ўртоғи билан гаплашдик, даволанишга кўндирдик, соғлиқни сақлаш муассасасига мурожаат қилдик. Харажатларигача ёрдам бердик. Ҳозир бу оилада хотиржамлик, эр ишга жойлашди, улардан доим хабардормиз. Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси ҳамкорлик самараси.

Маълумот учун айтиб ўтай: ушбу маҳаллада 2016 йилдан бери оилавий ажралишлар, хотин-қизлар орасида жиноятчилик кузатилмаган. Нотинч оилалардаги муаммолар ўз вақтида ечим топаётгани сабабли улар ҳам қайд этилмаган. Дарвоқе, юқоридаги мисол қаҳрамони ҳам айнан Моҳира опа бўлади. Эҳтимол, ўша пайт кўчага чиқмаганида нохуш ҳолат, ҳатто жиноят содир этилиши турган гап эди. Фаолияти давомида бундай ҳолатлар учраб туриши сабабли ўзи ҳам турмуш ўртоғидан тез-тез дакки эшитиб туради. Аммо у "Энди биз шунчаки маслаҳатчи эмас, мутахассисмиз. Демак, ишимизни виждонан бажаришимиз, ҳар бир аёлнинг ташвишидан хабардор бўлишимиз керак. Бунинг учун эса қонун-қоидаларни, аввало, ўзимиз билишимиз керак", дейди.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон» мухбири.