Мўъжизадан ҳайратга тушиш ва завқ туйиш барчамизга боғлиқ

Одатда, газета ва журналлар, уларнинг обунаси, таҳририятларнинг иқтисодий аҳволи ҳақида йил якунида, аниқроғи, обуна мавсуми чоғида кўпроқ гапирамиз, ёзамиз, баҳс-мунозарага киришамиз. Шу пайтда қайси нашрнинг муассиси қайси ташкилот эканлиги, таҳририят ва муассис муносабатлари ҳам яққол намоён бўлади. Бу орада “Интернет борку, газета керакми?”, “Мен газета ўқимайман, ахборотни сайт ва ижтимоий тармоқлардан оламан”, “мажбурий обуна” деган гап-сўзлар кўпайиб қолади.  Дарров турли услубларда ижтимоий сўровлар ўтказилади ва “Ана кўряпсизми, одамлар газета ўқимаяпти, мажбурий обуна йўқ ҳозир, ўзи газета кимга керак?” деган хулосалар айтилади

Афсуски, бугунга келиб бундай муносабат, гап-сўзлар фақат обуна мавсумида эмас, йилнинг бошқа пайтда ҳам айтилмоқда. Чунки босма нашрларни чоп этиш, улар фаолиятини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, соҳада тизимли ислоҳотларни амалга оширишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Тўғри-да, кейинги ўн йилда газеталаримиз сони тенг ярмига қисқариб, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатида 366 тани ташкил этаётган бир пайтда газета ва газетхон, муассис ва таҳририят, обуна ва нашрни етказиб бериш масалаларида жиддий бош қотириш, тизим фаолиятини ўзгартириш зарурати юзага келмоқда.

Шу жиҳатдан, устоз журналист Ўткир Раҳматнинг “Ҳар кунги мўъжиза” – у тизимли ислоҳотларга муҳтож” сарлавҳали мақоласи ғалвир сувдан кўтарилиб, қайси нашрга қанча обуна расмийлаштирилгани маълум бўлган йил аввалида эмас, балки ана шу жараёндан кейин орадан уч ой ўтганда кўплаб таҳририятлар иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораётганда чалинган огоҳлик қўнғироғидек туюлди.

Кейинги пайтда маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги туман, шаҳар газеталари бир неча юзтадан нари борса 2-3 минг нусхада (айримларигина бундан кўпроқ бўлиши мумкин) чоп этилаётганига кўникиб ҳам қолгандик. Қарангки, бу йил вилоят, республика даражасидаги газеталар бошига ҳам “шу кун” тушиб турибди. 

Айтинг-чи, эртанги кунидан умид кўринмаётган бундай нашрларда кимлар ишлаяпти? Ҳа, тўғри, фидойилар, ҳаётини қаламга тикканлар “эртага вазият ўзгариб қолар”, деган илинж билан ёки “шунча йил соҳа нонини едим, энди ташлаб кетсам бўлмас” деган юзхотир билан ишлаяпти. Олий ўқув юртини битирган журналист, яхши мутахассис мана шундай ҳолатни кўриб туриб, таҳририятга ишга келади, ишлайди деб ўйлайсизми? Асло, йўқ. Таҳририятнинг яқинига ҳам йўламайди.

Ҳозир замон зайли деймиз ёки шароит тақозоси – ҳар бир мутахассис аввало ойлик маош билан қизиқади, меҳнатидан қандай манфаат кўришини сўрайди (биз фалон ой маошсиз ишлаганмиз, фалон пайтгача иш ўрганганман, деган гаплар ҳозир ноўрин, бундан наф йўқ). Шундай бўлгач, таҳририятга, газетага янги ҳавони, янги руҳни ким олиб киради? Қандай қилиб бундай нашрлардан мўъжиза, тағин ҳар кунлик мўъжиза кутиш мумкин, уларнинг ўзи аранг 10-15 кунда чоп этилаётган бўлса?

Мақолада интернетнинг, газета-журналларнинг вазифаси ҳақида асосли фикрлар келтирилган, ҳатто хориж давлатларида кечган шу каби жараёнлар ва бугунги кунда босма нашрларга бўлган муносабат тўғрисида аниқ маълумотлар баён этилган.

Тўғри, бугун газеталардан ахборот тарқатиш функцияси талаб қилишнинг ўзи ноўрин. Ахборот асосан, ижтимоий тармоқлар, сайтлар орқали тарқатилмоқда. Бу ахборот ва янгиликлар тезкор бўлгани баробарида асосли ва аниқ манбалардан олинган бўлса, бош устига. Аммо, баъзида биринчи бўлиш иштиёқида шошма-шошарлик билан, асосланмаган ахборот тарқатиш қандай оқибатларга олиб келаётганини ҳам барчамиз кўриб турибмиз (бунинг ўзи алоҳида мавзу). Лекин шу воқеа-ҳодисанинг нима сабабдан юзага келганини, натижасини ёки янгиликнинг моҳияти ва кутилаётган самарасини газета орқали таҳлил қилиб ёритиш мумкинку. Бугун айрим телеканаллар информацион дастурини айнан ижтимоий тармоқларда тарқатилган ва одамларнинг эътиборига тушган мавзуларнинг тафсилоти ташкил этмоқда. Газеталар ҳам бугун муштарийнинг шу каби талаб ва истакларини инобатга олиши лозим. Қолаверса, босма нашрлар зиммасида аҳолида ижтимоий фикрни шакллантириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мамлакатда ёки маълум бир ҳудуддаги янгиланиш ва ўзгаришлар моҳиятини халққа етказиш вазифаси ҳам мавжуд.   

Обуна масаласи бугун таҳририят бош муҳаррирларининг асосий ташвиши бўлиб қолган. Юқорида қайд этганимиздек, бу иш энди мавсумий эмас, йил давомида бош қотириш керак бўлган жараёнга айланган. Вазият шундай бўлгач, бош муҳаррир қачон газетанинг ижодий ишларини ўйлайди, ходимларни қандай қилиб руҳлантиради ва улардан янги мавзулар талаб қилади? Ваҳоланки, ҳар бир таҳририятнинг муассиси бор, таҳририят ва муассис ўртасидаги шартнома ёки келишувда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Катта эҳтимол билан, бу ҳужжатларда таҳририятнинг иқтисодий ҳолати, газетага обуна уюштириш билан боғлиқ вазифаларни муассис ўз зиммасига олган. Афсуски, бугун ушбу ҳужжатларни ҳам, ўзаро муносабатларни ҳам замон талабига мослаштириш керак бўляпти.

Айни пайтда таҳририят ва обуначи муносабатлари совуқлашишида газеталарни етказиб берувчиларнинг ҳам яхшигина “ҳиссаси” бор. Бугун ҳеч бир почтачи, аввалгидек хонадонма-хонадон кириб газета тарқатмайди. Ҳар бир маҳаллада ҳам почтачи йўқ, штатлар аллақачон қисқариб кетган. Борларининг эса ойлик маоши ўзига яраша, табиийки, ишга муносабати ҳам. Улар ҳафтада бир марта нашрни етказиб берса, қувонаверинг. 10-15 кунда ёки бир ойда бир келиб, ҳаммасини ташлаб кетади. Сифати истеъмолчи талабини қониқтирмайдиган бундай хизматдан ким фойдаланади? Бунақа шароитда ким ўз вақтида етказиб берилиши гумон бўлган газета учун бир йил олдин пул тўлаб обуна бўлади?

Айнан шу оғриқли масала ечимида мақола муаллифи яхши таклиф ва фикрларни айтиб ўтган. Қайд этилганидек, матбуот тарғиботи қўллаб-қувватланиши, тизимда имтиёзлар жорий этилиши зарур. Таҳририятларнинг ўзи газета тарқатиш фаолиятини йўлга қўйиши учун имкониятлар яратиш лозим. Айрим таҳририятларнинг бу борадаги фаолияти қийин бўлса-да ўзини оқлади-ку.

Газетани сотувга чиқариш бугун сезиларли даражада камайган. Чунки, матбуот тарқатувчилар таҳририятларга буюртма бермайди. Сабаби, берилган буюртма асосида газета сотилса яхши, сотилмаса газета таҳририятга қайтарилади. Бу эса таҳририят учун зарар.

Савол туғилиши мумкин – айрим газеталар бугун текин тарқатиляпти, улар бунинг харажатини қандай қоплайди? Буни таҳририят ўзининг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб белгилайди ёки рекламалар орқали бу харажатни қоплайди. Баъзида муассислар бунинг учун имконият яратиб беради.

Афсуски, газетачиларни ва газетхонларни ўйлантираётган бундай масалалар, оғриқли саволлар жуда кўп. Шунинг учун ҳам бугун босма нашрларни ташкил этиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш, муштарийларга етказиб бериш ва бошқа масаларни қайта кўриб чиқиш, ҳар бир томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш лозим. 

Баъзилар башорат қилаётганидек, газеталарнинг умри тугамайди. Босма нашрларга ҳамма вақт эҳтиёж бўлган. Бунинг сабаб ва омиллари ҳам барчамизга яхши маълум. Интернет, ижтимоий тармоқ барибир газета, журнал, китобнинг ўрнини босмайди. Бежиз китобхонлик бугун кенг тарғиб этилмяпти. Ҳаммасининг ўз ўрни, ўз ўқувчиси бор.

Ғолиб Ҳасанов.