Мўл-кўлчиликда ва бой-бадавлат яшашни хоҳласак...

Мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, танланган стратегия Янги Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан устун ривожланган мамлакатларидан бирига айлантириш, заҳматкаш халқининг мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат ҳаёт кечириш бахтига муяссар қилиш учун реал имкониятлар яратиб бермоқда.

Бундай имконият тарихда жуда кам учрайдиган ноёб иқтисодий воқелик, фақат биз ундан унумли фойдаланишимиз керак.

Янги Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатларидан бирига айлантиришнинг учта асосий омили

Ҳар қандай давлатнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва аҳолининг турмуш даражасига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатувчи сон-саноқсиз омиллар бор. Бизнинг назаримизда, ушбу омиллар қаторида Янги Ўзбекистонни қисқа муддатларда дунёнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган, тараққиётга юз тутган, андаза олишга арзийдиган давлатларидан бирига айлантиришнинг учта асосий омили мавжуд.

Биринчиси, асрлар давомида аждодларимиз меҳнати ва ақл-заковати билан яратилган ва бугунги кунда биз ўз эҳтиёжларимиз йўлида фойдаланиш бахтига муяссар бўлган бебаҳо тарихий мерос.

Иккинчиси, Яратган сахийлик билан бизга инъом этган нодир ва ноёб табиий ресурслар.

Учинчиси, иқтисодий тараққиётда том маънода тўнтариш ясашга, бу борадаги улуғ мақсадни амалий натижага айлантиришга қодир, лекин вазият тақозоси билан муайян қисми хорижда бўлган ишчи кучи ресурслари.

Ҳар учала омилнинг улкан имкониятларини рўёбга чиқариш, Янги Ўзбекистонни аҳоли тўқ ва фаровон ҳаёт кечирадиган юртга айлантириш аввало, халқнинг иқтисодий саводхонлигини ошириш билан узвий боғлиқ.

Имкониятлар катта, лекин натижалар оқсаяпти. Ким айбдор?

Тўкин-сочинликда, қулай шароитларда тўқ-фаровон ҳаёт кечириш, бой-бадавлат яшаш иштиёқи барча мамлакатлар халқларига хос. Мамлакатимизда ушбу мақсадга эришишга нима тўсқинлик қилади?

Иқтисодиёт соҳасида чуқур билимга эга бўлмаган кишиларда нима учун дунёнинг айрим мамлакатларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган номинал ялпи ички маҳсулот 100 минг АҚШ долларидан ошиб кетганда (Люксембургда 135 минг АҚШ доллари), бизнинг мамлакатимизда у атиги 2,3 минг (паритет харид қуввати бўйича 6,9 минг) АҚШ долларини ташкил қилади, деган саволнинг туғилиши табиий. Аксарият кишилар бунинг асосий сабаби табиий бойликларда бўлса керак, деб ўйлайди ёки бошқа ҳақиқатдан йироқ сабабларни кўрсатади. Лекин, афсуски, камдан-кам кишилар ушбу ғайритабиий парадоксал ҳолатнинг асосий айбдори ўзимиз эканлигимизни, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва келажаги, халқимизнинг мўл-кўлчиликда бой-бадавлат фаровон ҳаёт кечириши фақат ўзимизга боғлиқ эканлигини идрок этмайди.

 Табиий ресурсларга жуда қашшоқ, лекин дунёнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли мамлакатларидан бирига айланган Япония ва аксинча, ресурсларга жуда бой, аммо қашшоқликда, аянчли аҳволда кун кечираётган айрим Африка давлатлари тажрибаси мазкур муаммонинг асосий ечими моддий бойликларда эмаслигини кўрсатади. Мамлакатда қудратли миллий иқтисодиётни барпо этиш, унинг реал имкониятларидан кундалик ҳаётимизда фойдаланиш бахтига муяссар бўлишнинг асл сабаблари хусусидаги ўзимизнинг айрим фикр-мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.

Мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат яшашнинг яширин сири

Шариат мусулмон халқини сабр-қаноатли бўлиш, борига шукур қилиш руҳида тарбиялашни мўлжал қилади ва ҳаммага аёнки, бу борада жуда катта амалий натижаларга эришди. Лекин, у инсоннинг ҳалол меҳнат қилиб, тўқ-фаровон яшаш йўлидаги интилишларига ҳеч қандай тўсиқ қўйган эмас. Аксинча, Яратганнинг ўзи муқаддас заминимизга нодир ва ноёб табиий ресурсларни сахийлик билан инъом этиб, бизнинг бой-бадавлат ҳаёт кечиришимиз учун реал имкониятлар яратиб берган. Лекин биз ушбу имкониятлардан унумли фойдалана олмаяпмиз. Жаҳон мамлакатларининг кўп йиллик илғор тажрибаси шундан гувоҳлик берадики, халқнинг бой-бадавлат яшаши мавжуд имкониятлар билангина эмас, балки ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, уларни ҳаётнинг реал натижаларига айлантира олганлик даражаси билан белгиланади.

Ўзбекистон табиий ва меҳнат ресурсларига бой мамлакат. Ушбу ресурслардан унумли фойдаланиш орқали кўплаб муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш мумкин. Булар сирасига ишсизлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш, ходимларнинг даромадини ошириш, инфляцион жараёнларнинг олдини олиш, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, мавқеини мустаҳкамлаш ва бошқа бир қатор муҳим масалаларни киритиш мумкин. Ушбу долзарб муаммоларнинг муваффақиятли ҳал этилиши биринчи галда, ушбу қимматбаҳо ресурслардан қай даражада унумли фойдаланаётганлигимизга боғлиқ.

Қимматбаҳо ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги муайян кўрсаткичлар ёрдамида аниқланади: меҳнат унумдорлиги (ишчи кучи ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги), капитал қайтими (асосий капиталдан фойдаланиш самарадорлиги), айланма маблағларнинг айланиш тезлиги (айланма капиталдан фойдаланиш самарадорлиги), рентабеллик (корхона фаолиятининг самадорлиги) ва бошқалар.

Жаҳон амалиётида аҳоли жон бошига ёки иқтисодиётда банд бўлган ҳар бир ходимга тўғри келадиган ЯИМ ҳажми кўрсаткичи кенг қўлланилади. Ушбу кўрсаткичларни аниқлашда формуланинг суратида мамлакатда йил давомида яратилган товарлар ва хизматлар ҳажми, яъни ЯИМ – ижтимоий ишлаб чиқаришнинг якуний натижаси, унинг махражида эса ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун жамиятда мавжуд имкониятлар – аҳоли ва унинг таркибидаги иқтисодиётда банд бўлганлар сони ўз ифодасини топган.

Интернетда иқтисодий самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири – унумдорлик хусусида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Унумдорлик жадвалида 137 кўрсаткич билан Ирландия пешқадамлик қилмоқда, АҚШ 114 кўрсаткичи билан 12-ўринни эгаллаган. Агар ушбу кўрсаткич қўлга олинган натижанинг (маҳсулот ҳажмининг) уни ишлаб чиқаришга йўналтирилган сарф-харажатларга нисбати билан ўлчанишини инобатга олсак, мамлакатимизда қимматбаҳо иқтисодий ресурслардан (меҳнат, меҳнат қуроллари, жиҳозлар, асбоб-ускуналар, электр қуввати, газ, сув ва ҳоказолар) фойдаланиш қай даражада самарасиз эканлиги хусусида аниқ тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин. Халқимизда “Шайхда ҳунар бўлмаса, мачитнинг айвони ҳам торлик қилади”, деган ажойиб нақл бор.

Модомики, биз табиат ва жамият инъом этган бебаҳо иқтисодий ресурслардан унумли фойдана олмас эканмиз, мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат яшамаётганлигимизга ўзимиздан бошқа ким айбдор?

Бизнингча, бунинг халқаро тажрибада ўзининг тўла исботини топган, мантиқан инкор этиш қийин бўлган йўли – иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурни юксалтириш, уларнинг чексиз, яширин имкониятларидан унумли фойдаланиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришдан иборат.

Иқтисодий онг, иқтисодий тафаккур, иқтисодий фаолият тушунчалари хусусида айрим мулоҳазалар

Иқтисодий тафаккур иқтисодий онг замирида юзага келади, ундан озуқа олади. Ўз навбатида, иқтисодий тафаккур иқтисодий онгни ривожлантириш, уни такомиллаштиришнинг, иқтисодиёт соҳасидаги билимларни янги даражаларга кўтаришнинг муҳим қуроли ҳисобланади. Инсон ўз онгида аксини топган, хулқ-атвор сифатида шаклланган иқтисодий ғоянигина ҳаётга татбиқ қилиши мумкин. Демак, айнан иқтисодий онг, иқтисодий тафаккур инсоннинг иқтисодий фаолияти унумдорлигини оширишнинг, унга ушбу фаолиятдан юқори самара олишга имконият берадиган тўғри қарорлар қабул қилишнинг, ўз меҳнатидан тегишли натижа олиш ва бой-бадавлат яшашининг ягона шарти ҳисобланади.

Инсонда иқтисодий онг бўлмаса, иқтисодий тафаккур ҳам бўлмаганидек, иқтисодий онг ҳам иқтисодий тафаккурсиз ривожланмайди. Инсоннинг иқтисодий онги қанча баланд бўлса, унинг когнитив тафаккури, иқтисодий мавзуларда мушоҳада юритиш қобилияти ҳам шунча кучли бўлади.

Иқтисодий онг – ташқи оламда содир бўлаётган иқтисодий воқеликлар, иқтисодий жараёнлар, иқтисодиёт борасидаги назарий ва амалий билимларнинг инъикосидир. У ижтимоий онгнинг ажралмас таркибий қисми бўлиб, унда иқтисодий билимлар, иқтисодий ҳаёт борасида жамланган бой тажриба билан биргаликда, инсоннинг шахсий ва ижтимоий эҳтиёжлари, ижтимоий-иқтисодий реалликни баҳолаш тўғрисидаги дунёқараши ва хулқ-атвори ўз аксини топади.

Иқтисодий тафаккур эса инсон ақлининг олий маҳсули бўлиб, инсон иқтисодий онгини янада ривожлантириш, уни юксак даражаларга кўтариш, инсон онгида аллақачон шаклланган иқтисодий билимларни такомиллаштириш, уни янги ғоя ва назариялар билан тўлдириш, бойитиш имконини берувчи жараёндир. Иқтисодий тафаккур жараёнида инсон ўзининг кундалик ҳаёти ва келажаги учун зарур бўлган иқтисодий муаммоларнинг инновацион ечимларини излаб топади. Бошқача сўзлар билан ифодалаганда, иқтисодий тафаккур иқтисодиёт илмини бойитишнинг, уни янги даражаларга олиб чиқишнинг қудратли қуроли, локомотивидир. У инсоннинг иқтисодиётга оид турли-туман ахборотларни қабул қилиб, уни ақл ёрдамида таҳлил қилиш ва унга таянган ҳолда иқтисодиёт борасида самарали қарорларни қабул қилишга қаратилган яратувчанлик фаолияти.

Инсон фаолияти таркибида иқтисодий фаолият марказий ўринни эгаллайди. Чунки инсон айнан шу фаолият ёрдамида онгида ўз аксини топган илмий-назарий ғоялар ва амалий тажриба таъсири остида шаклланган билимларга, унинг негизида пайдо бўлган хулқ-атворига таянган ҳолда табиатга фаол таъсир кўрсатади. Пировард натижада, у ўзининг кундалик эҳтиёжлари учун сувдек зарур бўлган турли-туман моддий ва маънавий ноз-неъматларни ишлаб чиқаради. Яшашимиз ва ишлашимиз учун бизга қулай шароит яратиб берадиган ҳашаматли бинолар, боғ-роғлар, узоғимизни яқин қилаётган автомобиллар, чарчаганимизда жонимизга оро кирувчи дам олиш масканлари, таълим муассасалари, мазали таомлар, биз севиб ўқийдиган китоблар – буларнинг барча-барчаси инсон иқтисодий фаолиятининг меваларидир. Жамиятдаги барча тирик жон дунёсида фақат инсонгагина хос ушбу нодир фазилат инсоннинг табиат устидан ҳукмронликка эришишининг бош омили, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Халқнинг (алоҳида индивиднинг) тўқчилик ва мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат ҳаёт кечириши биринчи галда, иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурнинг ҳосиласи, инсоннинг ўз ҳаётий эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлатилаётган иқтисодий ресурслардан тежамкорлик билан унумли фойдалана олганлиги учун иқтисодиётнинг унга ҳадя этган туҳфаси, мукофоти.

Афсуски, иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурнинг моҳияти, уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришдаги алоҳида аҳамияти, уларни шакллантириш ва ривожлантириш муаммолари тадқиқотчиларимиз эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Товар-пул муносабатлари батамом издан чиққан режали иқтисодиёт шароитида иқтисодий онг ва тафаккурнинг жамият тараққиётидаги роли сезиларли даражада сусайган эди. Лекин товар-пул муносабатларига кенг йўл очиб берган замонавий бозор иқтисодиёти шароитида вазият тубдан ўзгарди, ушбу омилнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги роли эса кескин ошди. Шу сабабли иқтисодий онг ва тафаккурнинг жамият ижтимоий тараққиётидаги ролини ошириш муаммолари актуаллашди ва бу борада тизимли тадқиқотларни амалга ошириш, инсон иқтисодий онги ва тафаккурини замон талаблари даражасига кўтаришнинг ноанъанавий усул ва механизмларини излаб топиш, уларни амалиётга жорий этиш заруратга айланди.

М.Мухаммедов,

иқтисод фанлари доктори, СамИСИ профессори.

М.Пардаев, иқтисод фанлари доктори,

СамИСИ профессори.

(Давоми бор)