Иқтисодий онг, иқтисодий тафаккур, иқтисодий саводхонлик. Булар учун сарфланган молиявий ресурс ўзини оқлайдими?
Тадқиқотлар жараёнида иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурнинг чексиз имкониятларини рўёбга чиқариш, уларни ҳозирги замон талаблари даражасига кўтариш асосида мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришнинг етакчи омилига айлантиришга қаратилган чора-тадбирларни иккита йўналишда амалга ошириш самара беради.
Биринчиси – жамият аъзоларининг иқтисодий онг доирасини кенгайтириш, уни иқтисодиёт соҳасидаги янги замонавий билимлар билан қуроллантириш, аҳоли кенг қатламлари орасида ижтимоий-иқтисодий борлиқни ўзида тўла акс эттиришга қодир мукаммал иқтисодий онгни шакллантириш, кенг халқ оммасини, аҳоли барча қатламларини давр талаблари руҳида тарбиялаш, уларнинг онгини янги, бозор иқтисодиётига хос замонавий иқтисодий билимлар билан бойитиш. Ушбу тадбирлар аҳоли барча қатламларини қамраб олиши керак, деб ўйлаймиз.
Мамлакат аҳолиси иқтисодий саводхонлигини ошириш кенг қамровли тадбир бўлиб, у катта миқдордаги молиявий ресурсларни жалб қилишни тақозо этади. Бу жиҳатдан ушбу тадбир жамиятга жуда қимматга тушади. Молиявий ресурслар танқислиги шароитида катта миқдордаги молиявий ресурсларни аҳоли барча қатламларининг иқтисодий саводхонлигини ошириш орқали унинг иқтисодий онгини янги замонавий билимлар билан қуроллантиришга сарфлаш иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан оқилонами, деган савол туғилади? Албатта, оқилона. Чунки аҳоли иқтисодий онгини янги замонавий билимлар билан қуроллантиришга сарфланган молиявий ресурслар мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга мультипликатив таъсир кўрсатади ва натижада мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришнинг ишончли омилига айланади.
Истеъмол маданиятининг пастлиги оқибатида мамлакатда нодир ва бебаҳо иқтисодий ресурслардан фойдаланишда, улардан тайёрланган тайёр маҳсулот ва хизматларни истеъмол қилишда катта исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда, тежамкорлик тамойиллари қўпол тарзда бузилмоқда. Айниқса, деҳқонларнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб-териб олиш, уларни транспортировка қилиш, сақлаш, эл дастурхонига етказиб бериш жараёнларида иқтисодий саводхонлигнинг давр талаблари даражасида эмаслиги, иқтисодий интуициянинг етишмаслиги оқибатида ишлаб чиқарилган ноз-неъматларнинг талайгина қисми нобуд бўлмоқда.
Ижтимоий ишлаб чиқариш мамлакат аҳолисининг ҳаёт фаровонлигини юксалтиришни, моддий ва маънавий ноз-неъматлар мўл-кўлчилигини таъминлашга эришишни мўлжалга олади, уни бош мақсад қилиб белгилайди, ялпи товар ва хизматларни яратади. Агар иқтисодий тараққиётнинг шу олтин қоидасини инобатга оладиган бўлсак, иқтисодий саводхонлигимиз етишмаслиги, билимсизлигимиз оқибатида юзага келаётган бундай йўқотишларни қанчалик тез бартараф этсак, ҳаётимиз ҳам шунча тез фаровон бўлиши шубҳасиз. Ижтимоий ишлаб чиқаришдан бош мақсад ноз-неъматларни шунчаки ишлаб чиқариш эмас, балки пировард натижада, уларни истеъмол қилиш, фаровонликка эришишдан иборат.
Иккинчиси – мамлакатда, хусусан, ёшларимизда иқтисодий тафаккур юритиш қобилиятини ривожлантириш, аҳолида когнитив тафаккур кўникмаларини шакллантириш, энг муҳими, уни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг етакчи омилига айлантиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш.
Мамлакатнинг иқтисодий пойдеворини шакллантиришда иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ва сифатини яхшилаш орқали бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлган мутасадди шахслар когнитив иқтисодий тафаккурини юксалтиришга жиддий эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ушбу тоифага давлат органлари ходимларини, раҳбарларни, тадбиркорларни, профессор-ўқитувчиларни, тадқиқотчиларни, иқтисодчиларни, ОАВ ходимларини киритиш мумкин. Ушбу тоифага мансуб шахсларнинг тафаккури, иқтисодий фикрлаш қобилияти, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Улар иқтисодий реалликни акс эттирувчи маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, турли омилларнинг таъсирини аниқлаш, уларга таяниб назарий ва амалий хулосалар чиқаришда, иқтисодий тараққиёт натижаларини халқ орасида тарғибот қилишда келажакда иқтисодий тараққиёт йўналишларини белгилаб беришда ва уларнинг ижроси бўйича тегишли қарорлар қабул қилишда бевосита иштирок этади.
Бошқача айтганда, ушбу тоифага мансуб аҳоли қатламлари, бир томондан, миллий иқтисодиётнинг ҳолати, унинг глобаллашган жаҳон хўжалигидаги мавқеи, иқтисодий ўсиш суръатлари ва сифати учун масъулдирлар. Иккинчи томондан эса улар вазият тақозо этганда, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий юксалиш суръатларига бевосита таъсир кўрсатиш, аниқроғи, уни янада жадаллаштириш имкониятига эгадирлар. Шу сабабли макро ва микро даражада йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун уларнинг моддий ва маънавий жавобгарлигини ошириш, айни пайтда уларни тараққиётнинг юксак даражаларига эришишдаги хизматларини моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг самарали механизмларини яратиш лозим.
Иқтисодий саводхонлик барчамизга сувдек зарур
Жамиятда инсон иқтисодий фаолияти, яъни меҳнати эвазига ишлаб чиқарилган барча моддий ва маънавий ноз-неъматлар, пировард натижада, инсон истеъмолини таъминлаб беришни, унинг эҳтиёжларини қондиришни мўлжалга олади. Инсон ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш илинжида тинимсиз меҳнат қилади, иқтисодий фаолият юритади.
Бизнинг назаримизда, иқтисодий тараққиёт фақат ноз-неъматларни ишлаб чиқариш билан эмас, балки уларнинг истеъмоли билан ҳам узвий боғлиқ. Чунки истеъмол – бош мақсад, ишлаб чиқариш эса унга эришиш воситаси. Юксак иқтисодий онг ва тафаккур воситасида истеъмол жараёнида тежалган ноз-неъмат, ўз моҳиятига кўра ишлаб чиқариш жараниёда яратилган қўшимча маҳсулот ҳажмини англатади. Халқимизда узоқ йиллик амалий тажрибадан келиб чиққан “дунё топгунча, ҳисоб топ”, деган нақл бор.
Кўп асрлар муқаддам "Авестода" “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар”, деган битиклар битилган. Демак, халқимиз азал-азалдан истеъмол жараёнида йўл қўйиладиган исрофгарчиликларга нисбатан бефарқ бўлмаган, уни қаттиқ қоралаган. Исрофгарчилик хусусидаги фикримизнинг оддий формуласи қуйидагича: ишлаб чиқариб, нобуд қилгандан кўра, ишлаб чиқармай қўяқолган афзал.
Кундалик ҳаётимиз учун сувдек зарур бўлган, инсоннинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган ноз-неъматларни истеъмол қилишда йўл қўйилаётган исрофгарчиликлар, айниқса, ҳашаматли ресторанларда озиқ-овқат ресурларидан фойдаланиш самарадорлигининг пастлиги натижасида юзага келаётган йўқотишлар, ишлаб чиқаришда ва хонадонларда газ, электр қуввати, сув каби бебаҳо ресурслардан фойдаланиш самарадорлигининг пастлиги каби муаммоларни бартараф этишда истеъмолчи иқтисодий дунёқарашининг роли жуда катта. Мана шу тарзда мамлакатимизда бугунги кунда истеъмол маданиятининг давр талабларига жавоб бермаслиги халқимиз иқтисодий фикрлаш доирасининг торлиги, иқтисодий билимларнинг етишмаслиги билан боғлиқлигини таъкидламоқчимиз.
Юқорида қайд этилган муаммони ечишнинг асосий йўли аҳоли барча қатламлари орасида истеъмол маданиятини ривожлантиришдан иборат, деб ҳисоблаймиз.
Иқтисодий тараққиёт суръатларини жадаллаштиришда давлат ва кенг халқ оммаси ўзаро ҳамкорлиги
Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш асосида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун давлат томонидан пухта ўйланган макроиқтисодий сиёсат, изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бизнингча, мамлакат иқтисодий тараққиётида жаҳон хўжалигида пешқадамликка эришиш учун ушбу омилнинг ўзи етарли эмас.
Иқтисодий тараққиёт адолат тарозисининг бир палласида ҳамиша давлатнинг макроиқтисодий сиёсати, иккинчи палласида эса халқнинг иқтисодий онги ва иқтисодий тафаккури ётади. Халқнинг юксак иқтисодий онги ва иқтисодий тафаккурига таянмаган давлатнинг ҳар қандай мукаммал макроиқтисодий сиёсати, пировард натижада, мамлакатда иқтисодий тараққиёт мўжизаси содир бўлишини таъминлай олмайди. Тарозининг иккинчи палласига етарли эътибор бермаган давлат аскарларсиз жанг майдонига чиққан қўмондон сингари кучсиз бўлади. Давлатнинг кучли макроиқтисодий сиёсати кенг халқ оммасининг мукаммал иқтисодий онги ва когнитив иқтисодий тафаккури билан тўлдирилган тақдирдагина, ўзаро ҳамкорлик кўламининг синергетик самараси ҳосил бўлиб, чинакам иқтисодий тараққиёт мўжизаси содир бўлади.
Мамалакатда кенг халқ оммасининг, аҳоли барча қатламларининг иқтисодий онгини замон талаблари даражасига кўтаришнинг муҳимлигини, зарурлигини оддий мисолларда изоҳлаб беришга уриниб кўрамиз.
Иқтисодий онги мукаммал шахс ўзининг кундалик ҳаётида иқтисодга оид муаммоларни ҳал этишда тежамкорлик нуқтаи назаридан ёндашади. Бу жамият иқтисодий тараққиёти учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Масалан, иқтисодий қонунлардан озгина хабари бор инсон ҳеч қачон ҳайфга оқиб ётган сув ёки беҳуда ёниб турган электр лампочкасидан келаётган зарарга, айрим шахсларнинг фаросатсизлиги туфайли оёқ остида учрайдиган нон бўлакларига, катта машаққатлар билан тозаланган шинам кўча ва йўлакларнинг ифлосланишига бефарқ бўлмайди. “Тома-тома кўл бўлур”, дейди доно халқимиз. Худди шундай, тома-тома кўл бўлган сув тома-тома йўқ бўлиши ҳам муқаррар. Иқтисодий онгнинг заифлиги оқибатида мамлакатимизда исроф бўлаётган, тегишли натижа бермай, зое кетаётган иқтисодий имкониятларни сарҳисоб қилиб, умумий махражга келтирсак, иқтисодий билимдонлик самараларидан қудратли тўлқин пайдо бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ушбу қудратли тўлқин давлатнинг пухта ўйланган макроиқтисодий сиёсати билан ўзаро уйғунлашиб, бир йўналиш томон ҳаракат қилса, халқимиз орзу қилган иқтисодий тараққиёт мўжизаси содир бўлади.
Мамлакатда аҳоли барча қатламлари иқтисодий саводхонлигини ошириш, унинг иқтисодий онги ҳамда когнитив иқтисодий тафаккур юритиш қобилиятини замон талаблари даражаларига кўтариш давлат макроиқтисодий сиёсатининг марказий бўғинларидан бирига айланмоғи лозим.
М.Мухаммедов,
М.Пардаев,
СамИСИ профессорлари.