Момоқалдироқ ёхуд Искандар раис юра­гидаги ғулғула

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов бугун 76 ёшини қаршилади. М.Ҳазратқулов 1947 йил 1 февралда Ургут туманида туғилган.

Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигида фаолият юритган. Айни пайтда “Гулистон” журналида бош муҳаррир вазифасида меҳнат қилмоқда.

М.Ҳазратқуловнинг “Оқ қуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Кўккўл”, “Дийдор”, “Севги сози” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари чоп этилган.

“Меҳнат шуҳрати” ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Қуйида ёзувчининг ҳикояларидан бирини ўқийсиз.

***

МОМАҚАЛДИРОҚ

Райком бюроси тамом бўлганда ёмғир шариллатиб қу­ярди. Шунданми, район маркази кўчаларида одам сийрак. Аҳён-аҳёнда ўтаётган машиналар кўчанинг ҳалқоб жойлари­даги ёмғир сувларини икки тарафга сачратиб кетади.

Искандар раис бюродан сувга тушган латтадай шалвираб чиқди. У ҳеч қачон бунчалик шаллинг бўлмаган эди. Бутун вужуди зирқираб қақшар, ўзини бир замбил лойдай, балки ундан-да оғирроқ ҳис қиларди. Хром этикларини кўтаришга гўё мадори етмасди.

У ҳафсаласизлик билан мармар зиналардан тушди. Йўл четида турган машинасига боргунча уст-боши жиққа ҳўл бўлди. У буни сезмади, хаёлидан ҳар хил фикр кечди: «Нега мундай бўлди? Биринчи нима учун мени бунчалик қаттиқ са­валади? Яна бюрода, ҳамманинг олдида-я! Нега?».

Раис машина эшигини қандай очганини билмади. Ўзи­ни «Волга»нинг орқа ўриндиғига ташлади. Раисни бунақа аҳволда кўрмаган Бўривой ҳайрон қолди.

– Қаёққа?

– Гўрга.

Бўривой раисга ўгирилиб қаради.

– Нимага ўқраясан? Ҳайдасанг-чи!

– Назокатхонникигами?

– Ўчир овозингни! – ўшқирди раис. – Фаросат борми ўзи?!

– Ахир ҳамиша бюродан кейин...

– Бўлди, қисқа қил! Уйга ҳайда...

Машина чироқлари қоронғилик бағрини ханжардек ти­либ бормоқда. Раис миқ этмас, гоҳ-гоҳида уф тортиб қўярди. У хаёлини тизгинлаб ололмас, секретарнинг дашномига ўзича сабаб қидирар, аммо бирон-бир жўяли асос тополмай дили хуфтон бўларди.

«Йўқ, секретарь бекорга саваламади. Бу ерда бир гап бор. Кимдир ғаламислик қилган, унга олди-қочди гаплар­ни етказган. Чигит экиш кечиккан бўлса менда нима айб? Жўрттага орқага сурганим йўқ-ку! Менам вақтлироқ экиб олай дейман. Осмоннинг таги тешилгандай ёмғир тинма­са, қўлимиздан нима келади?! Табиий шароитни ҳисобга олишмаса... Бунақа масалада Қодир Собирович маладес эди. Тушунарди. Ҳа, энди у киши бошқа одам эди-да. Булар нимани биларди. Деҳқончилик қилиб юриптими. Академик бўлсаям деҳқончиликни билмаса қийин-да. Экиш уч-тўрт кун кечиккан билан осмон узилиб тушмайди-ку! Ёки экувсиз қоп кетармиди? Барорини берса бас. Олдин-кейин экканга қарамайди. Эрта баҳордаёқ доварага дов солиб, экишни ту­галладик деб рапорт берганларни кўп кўрганмиз. Чигитни қайта-қайта экади, қанча уруғ кетади ортиқча, ўзиникини тамомлаб, қўни-қўшнидан қарз ҳам олади. Қанча меҳнат, оворагарчилик... Ғалвир сувдан кўтарилган паллада эса ил­дизини қурт еган палакдай шалпайиб, дами ичига тушиб қо­лади. Қийғир урган беданага ўхшаб бўйнини ичига тортиб, атрофга жавдирайди. Баҳонаси – чигит қайта экилган... Жў­жани кузда санайдилар...»

Раис сигарет тутатди. Сал ҳовуридан тушди.

– Менга қара, Бўривой, – у машина ўриндиғига ўмганини ташлади. – Бир неча йилдан бери бирга ишлаймиз. Сендан яширадиган сирим йўқ. Айтгин-чи, борди-ю, мен сени кўп­чиликнинг ўртасида ноҳақдан-ноҳақ изза қилсам нима қи­лардинг?

Бўривой раиснинг аҳволига энди тушунди. «Ҳа, демак бюрода калтак еган. Зўрдан зўр чиқипти-да. Мени сўзимни иккита қиладиган одам ҳали туғилмаган деб ҳаммани зор қақшатасан. Арзимаган нарсага одамларнинг дилини оғри­тасан. Бировни менсимайсан. Сени шохингни қайирадиган ҳам топилипти-ку. Шунақа, пешонаси тошга текканда очила­ди одамнинг кўзи. Шу машинанинг тили бўлса, айтсин, қан­ча сўккансан мени. Қанча эрмак қилгансан. Андишанинг оти қўрқоқ... Энди ўзингга кепсан». Бўривой бу гал ҳам андиша чегарасини бузиб ўтолмади. Дилидагини тилига чиқармади. «Ўзи-ку бўлганча бўпти, менам ўлганнинг устига чиқиб теп­майин. Марднинг ишимас бу. Иззаи-мўмин – ҳаром».

– Билмадим, раис бова.

Раис яна тутақиб кетди.

– Ҳей, қанақа одамсан ўзи? Қачон бир нима сўрасам «билмадим», дейсан. Нимани биласан ўзи?! Бирон нарса десанг-чи ахир, мундай.

Искандар раиснинг бу гапига Бўривойнинг жаҳли чиқма­ди, аксинча кулгиси қистади. Лекин кулмади. «Қаттиқ сава­лапти-да». У ўйланиб қолди. Кўзлари машина чироқлари ёритиб кетаётган ўйдим-чуқур йўлларда. Ёмғир шаррос қуяр, машина ғилдираклари тез-тез кўлмакларга тушиб-чиқарди.

– Тўғрисини айтсам майлими, раис бова? – деди Бўривой.

– Хўш, гапир...

– Борди-ю, мени биров бекордан-бекор сўкса, юзимни шувут қилса, ўша одамнинг бетига қайтиб қарамасдим.

Раис ойнадан сигарет қолдиғини ирғитди-да, орқага су­янди. «Буям бало. Гап нимадалигини тушунганга ўхшайди».

– Лекин, ука, дунёнинг ишлари сен ўйлаганчалик осон эмас.

Шунақа пайтлар бўладики, бегуноҳ эканингни билиб тур­санг ҳам танқид қилган одамга қарши бирон нарса деёл­майсан, ҳақлигингни исботлаёлмай қоласан. Ичингда ғи­жинасан, асабийлашасан, ўша одамни болахонадор қилиб сўкасан ҳам, аммо кўзига тик қараб бир оғиз сўз қайтарол­майсан. Билдингми, ука?

– Нимага шундай, раис бова? – ўсмоқчилади Бўривой.

– Ким билади дейсан. Балки одамлар ўзидан қўрқар...

– Йўқ, раис бова, ким билади эмас, ҳамма билади. Ун­нан кейин, одамлар ўзларидан эмас, мансабидан, столини тортиб олишларидан қўрқадилар. Ахир ҳаммаям шундай­мас-ку, – раис ҳайдовчининг гапларига жиддий қулоқ сол­ди. – Масалан, мен кимдан қўрқаман, ёки менинг нимамни тортиб олади. Олса, мошинасини олади. Бу мошина бўлма­са бошқаси, бошқасиям бўлмаса кетмон. Кетмонни ҳеч ким ололмайди.

– Лекин кетмон билан ҳеч қаёққа бориб бўлмайди-да ҳозир.

Бўривой кулди:

– Ҳеҳ, раис бова, қаёққа ҳам борардик. Нима қилсак ҳам, ким бўлиб яшасак ҳам, барибир энг сўнггида кетмонга, кет­мончига ишимиз тушади... Бусиз бўлмайди.

Раиснинг ғаши келди. У Бўривойни кўпдан билар, аммо бунчалик гапдонлигини сезмаганди. Аслини олганда раис ҳайдовчиси билан ҳеч қачон яқинроқ, самимий гаплашма­ган. Искандар раис буни ҳозир биринчи марта ҳис қилди. Бу­нинг учун Бўривойга қарши миқ этмади. Қайтанга гап бошлаганидан афсусланди.

– Дурустсан-ку, – деди аччиқ киноя билан. – Шунча гапларни биларкансан-у, мендан яшириб юрибсан-а.

Бўривой раиснинг пичингини фаҳмлади.

– Тўғри гап туққанингга ёқмас экан, – ҳайдовчи раисга қа­раб қўйди.

– Тилинг жуда узун бўлиб кетипти-ку, Бўривой?!

Бу гап Бўривойнинг жаҳлини чиқарди. У озғин, чайир қўл­лари билан машина рулини маҳкамроқ сиқиб ушлади. Ўрни­дан бир қўзғалиб қўйди.

– Сизга осон: гапим ёқса, ёлғондан бўлсаям мақтаб қўясиз, ёқмаса, уришасиз, сўкасиз... Менга ўхшаган бечоралар эса...

– Бўлди! Ўргилдим сендақа «бечора»дан... Ўз иззатини билмаган нонкўр! Кийикдай машинанинг рулини тутқазиб қўйибман-а, сен кўрнамакка!

– Нима дўқ қиласиз менга. Бўлди-да, энди. Қачон бир жойдан феълингиз айниб чиқса, аламини мендан оласиз. Нима, сизга ўйинчоқманми? Нари борса битта аравакаш-да, истаганимча ҳақорат қилавераман, қўлидан нима келарди, дейсиз-да, – у тобора қизишиб борарди. Ўзини босмоқчи бўлар, аммо ички бир туғён, дард бунга йўл қўймас, юраги­да тош бўлиб ётган дардларини тўкиб солишга ундарди. – Йўқ, ундай эмас, раис бова, мавриди келганда айтиб қўяй, мени кўп калака қилаверманг. Бўлди! Бошқа чидаёлмайман. Охирги гапим шу: менинг қоп кетадиган давлатим ҳам, сағир қоладиган болам ҳам йўқ. Бир сўққабош одамман. Шунинг учун ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман.

Искандар раис Бўривойга еб қўйгудек бўлиб тикилди. Бўривой буни сезмади. «Бу тирранча мени қўрқитмоқчими ёки ҳаммаси лалми дўқми? Райкомдаги гаплар етмовди­ми? Тавба! Ҳали бурнини эплаб артолмайдиган зумраша гап қайтаряптими?! Мени ким деб ўйлаяпти ўзи бу? Райкомда­ям менга бунақа муомала қилишмаган-а! Анави секретарь гапирди қўйди-да. Зарари йўқ, ҳали янги, яхши билмайди мени. Аста-секин тушуниб олади. Яна шунақа катталик қил­са ўзим биламан нима деб жавоб қайтаришни. Мен билан беллашган не-не азаматларнинг пихини қайириб, попугини пасайтириб қўйганман».

– Сен бунақа баландпарвоз гапларингни бас қилгин, бола. Лайлак билан тенглашаман деб чумчуқнинг пути йирилгани­ни эшитганмисан?!

Бўривой ўзини тутолмади:

– Мен сиз билан тенг бўлмоқчимасман. Сиз кимсиз – Ис­кандар раиссиз, мен-чи оддий шофёр. Буни биламан. Лекин сизнинг етимчангиз эмасман! Сиз ҳам шуни билиб қўйинг!

– Ўчир унингни! – бақирди Искандар раис. – Менга гап қайтаришни ким қўйипти сенга?! Тилингни...

Бўривой раиснинг гапини охиригача эшитмади. Чапдаст­лик билан моторни ўчирди-да, машинанинг калитини суғу­риб олиб раисга отди:

– Олинг матаҳингизни! – унинг тим қора, думалоқ кўзла­ри яна ҳам йириклашди, рангпар юзлари оқариб кетди. Аъ­зойи бадани титраб, гапиролмай қолди. – Нима мен... Нима мен... си-и-зга к-калака бўлдимми?.. Катталигингизни бошқа одамга қ-қиласиз... Мен кўтармайман...

Бўривой шартта машинадан тушди-ю, эшикни зарб би­лан ёпди. У шаррос қуяётган ёмғирга ҳам, кетма-кет гулди­раётган момақалдироққа ҳам парво қилмай илдамлаб кет­ди. Ўчирилмай қолган машина чироқлари ёруғида раис уни аниқ кўриб турарди. Бўривой кўздан ғойиб бўлгунча икки марта кўлмакка оёғини тиқиб олди. Аммо у ҳеч қаёққа қара­май, ҳеч нарсага эътибор бермай жадал илгарилаб борарди.

Раис ҳанг-манг бўлиб қолди. Бўривойнинг бу даражага боришини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Бўлмаса, бунақа ғиди-бидилар, эҳ-ҳе, неча марта бўлган. Ҳаммасида ҳам Бўривой ранжиган, кўнглига олган, аммо елкасини қисиб ишини қилиб кетаверган. «Бугун нимага бундай қилди? Қаердан пайдо бўлди бу юрак унда? Ё биров ўргатдимикан?.. Ҳаммасини кўнглига тугиб, пайт пойлаб юрган экан-да. Ҳа, тирмизак, роса вақтини топди лекин».

Раис босиб-босиб сигарет тортди. Ёмғир зўрайган­дан-зўраяр, машинанинг устида биров ўйинга тушаётгандай дапир-дупир қиларди. Ялт этиб чақмоқ чақди. Раис беихти­ёр Ёмонжардаги Бургутқояга қаради. Болалигида Ёмонжар, Бургутқоя ҳақида кўп ваҳимали гаплар эшитганди. Ҳозир уларни эслашга ҳам юраги дов бермасди. Назарида баҳай­бат қоя момақалдироқ зарбидан қулаб тушаётгандек туюл­ди. «Падарингга лаънат. Келиб-келиб шу ерда қолдирасан­ми?!» Раис жаҳл билан тишларини ғижирлатди. Ҳайдовчиси ҳозир олдида бўлса бўридай ғажиб ташларди. «Ҳеҳ, тавба, камбағалнинг орқа томири таранг бўлади, деб бекорга ай­тишмасакан-да. Сенга ким қўйипти дўнгмўйинликни. Ундан кўра ака деб қўлтиғимга кирмайсанми аҳмоқ. Бу туришингда гўр бўлармидинг. Ҳаммагаям шунақа хўққилик қилсанг, йиғиштир тахта-ўқловингни деб орқангга тепадики... Се­нинг ҳалоллигингу, ор-номусинг – ҳаммаси бир пул... Ҳали кўзи очилмаган кучукваччасан. Эҳ гўдак! Осмонда юрганга ўхшайсан. Шошмай тур, ўзим тушириб қўяман ерга. Шунда очилади ўша кўр кўзларинг...»

Ёмғир тобора авжига чиқар, йўллар, ариқлар бўтана сув­га тўлиб оқарди. Раис дам-бадам Бургутқояга қараб қўйди. Ёмонжар томондан ниманингдир увиллаётгани эшитилди. Раиснинг эти увишиб, баданига чумоли ўрмалагандай туюл­ди. Бу қўрқувданми, совуқданми – англолмади. Бир мишиқи шу қора ёмғирли тунда нотавон қилиб кетгани алам қилди унга. Бўривойнинг орқасидан югурмоқчи, унга етиб олиб роса калтакламоқчи бўлди. «Адабини бериб қўймасам... Тўхта, Искандар! Нималар деяпсан? Урасан. Кимни? Ўғлинг қатори бола билан ёқалашиб ўтирасанми? Йўқ, у безбет ҳеч нарсадан қайтмайди. Улар ҳўкиз болтадан тоймас, қайтариб солса борми... Нима деган одам бўласан? Биров эшитса, гап- сўз кўпайиб кетади. Унга-ку барибир. Қайтанга Искандар ра­исни урдим деб мақтанади».

Раис шуларни хаёл қилди. Ўрнидан қўзғалишга, машина эшигини очишга қуввати етмас, аниқроғи ботинолмасди. Плашини елкасига ташлаганча қунишиб ўтирар, фаралар­нинг хира тортиб бораётган ёруғида чор атрофга олазарак термиларди. Бургутқоянинг учгинасида момақалдироқ жуда қаттиқ гумбирлади. Осмоннинг бир парчаси узилиб тушган­дай бўлди.

Чақмоқ, момақалдироқ, кучли ёмғир Искандар раис юра­гида ғулғулани оширар, у ғужанак бўлиб қолганди. Раис энди ҳеч нарсани ўйламас, ўйлай олмас эди...

Машина чироқлари батамом ўчди. Ёмғир челаклаб қуяр, яқин атрофда йилт этган учқун кўринмасди...

1977 й.