Мономарказда “Жасорат мактаби” ёшлари ҳунар ўрганди
Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида ташкил этилган “Жасорат мактаби” лойиҳаси асосида ўқув йиғини ўз фаолиятини бошлаган эди.
Профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир ёшлар қалбида ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида ташкил этилган ушбу йиғин давомида ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик сирлари ўргатилди, мотивацион тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этилди.
- Ушбу лойиҳа доирасида марказимизда барча шаҳар ва туманлардан келган профилактик ҳисобда турган ёшлар ўзлари қизиққан касбларга ўқитилди, - дейди Самарқанд шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази директор ўринбосари Исматулла Мардиев. - Бу ерда уларга малакали ўқитувчилар замонавий электромонтаж, электро пайвандлаш, яримавтомат пайвандлаш ҳамда металларга ишлов бериш бўйича машғулотлар ўтди.
Бу ташаббусда қатнашган ёшлар зарур билим ва кўникмага эга бўлиб, ўзлари қизиққан соҳада ишлаш ниятида.