Мтм: жиддий ўзгаришлар арафасида

Самарқанд вилоятида бугунги кунда 3-7 ёшдаги болалар 272 минг нафарни ташкил қилади, уларнинг атиги 74 минг нафари ёки 27 фоизи боғчага қатнашини ҳисобга оладиган бўлсак, бу масала Самарқанд учун ҳам долзарб экани маълум бўлади. 

Лекин афсуски, шунча бола боғчага қамраб олинмаганига қарамасдан, вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида турли сабабларга кўра 11 мингта ўрин бўш турганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. 

Ҳозирги кунда Тойлоқ, Қўшработ, Самарқанд, Оқдарё туманларида ва Самарқанд шаҳрида боғчаларнинг қуввати етишмайди. 

Тизимдаги муаммолардан бири – бу кадрлар салоҳиятининг  пастлиги ва уларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.

Каттақўрғон, Нарпай, Паст Дарғом, Пахтачи, Қўшработ ва Ургут туманларида 118 та мактабгача таълим муассасаси моддий-техник жиҳатдан талабга мутлақо жавоб бермайди". 

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқидан олинган. Кўрсатиб ўтилган муаммолар республикамизнинг барча ҳудудида йиғилиб қолгани сабаб шу йили Президентимиз қарори билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Унинг жойлардаги бўлимлари аллақачон иш фаолиятини бошлаган.

Хўш, мактабгача таълим бошқармасининг вазифалари нималардан иборат? Юқорида келтирилган муаммоларни ҳал этишда уларнинг роли нечоғлик бўлади?  Шу саволлар билан вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора САЪДИНОВАга мурожаат этдик. 

– Боланинг шахс сифатида камол топиши, дунёқарашининг кенгайиши аввало, боғчадан бошланади. Ушбу муассасада олинган таълим-тарбия боланинг онгида узоқ вақт сақланибгина қолмай, унинг ривожланишида муҳим босқич ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида таълим тизимига эътибор бўлгани ҳолда мактабгача таълим соҳаси бироз четда қолди. Бир амаллаб кун кечирган, амал-тақал қилиб ишлаб турган боғчалар мавжуд эди. Айниқса, туманларда моддий-техник базаси ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто оддий шарт-шароитга эга бўлмаган мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келди. 

– Бу муаммоларни бугун ҳам   бирданига ҳал қилиш осон кечмаса керак?

– Албатта. 2016 йилдан буён мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг иккита қарори эълон қилинди. Уларга кўра, боғчаларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш, МТМ биноларини капитал реконструкция қилиш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида тарбиячиларнинг олий таълим муассасаларида имтиёзли тарзда таҳсил олиши каби қатор масалалар ечими ўз ифодасини топди. Давлат хусусий шерикчиликда нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил қилишда имтиёзлар берилиб, шу орқали болаларнинг боғчага қамровини янада кенгайтириш белгиланди. 

 Гарчи бу каби боғчалар ҳозирча фақат бошқа вилоятларда синов тарзида ташкил қилинган бўлса-да, аммо аллақачон ўнга яқин тадбиркорлар бизга боғча қуриб, иш бошлайман, дея мурожаат этишди. Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туманда камида биттадан шундай боғча ташкил этилиши режалаштирилган. 

Қолаверса, Самарқанддаги "СамАнтепГилам" корхонаси қошида боғча ташкил этиш учун мутасаддилар томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Режага кўра, ушбу боғчада асосан корхона ишчиларининг фарзандлари имтиёзли тарзда таълим-тарбия олиши белгиланган бўлса-да, муассаса шу атрофдаги маҳалла болаларини ҳам қамраб олиши мумкин. Ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш ниятимиз бор. 

– Мавжуд боғчаларнинг тўла қувват билан ишлашини таъминлаш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш масаласи-чи?

– Вилоятдаги 23 минг қувватга эга мактабгача таълим муассасаларини бошқатдан қуриш, капитал таъмирлаш бўйича ўз таклифларимизни билдирганмиз. Келгуси йилдан бу ишларга киришилади. Айни пайтда 622 та маҳаллада боғча йўқ. Ушбу маҳаллаларнинг жойлашуви, ҳудуддаги боғча ёшидаги болалар сони тўлиқ ўрганиб чиқилмоқда. Баъзи маҳаллаларда боғча ташкил қилиш ўзини оқламайди, аммо у ердаги болалар мактабгача таълимдан баҳраманд бўлишларини ташкил қилиш лозим. Бундай вазиятда ўша маҳалладаги бўш турган бинолардан фойдаланган ҳолда қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этишни режалаштирганмиз. Ҳозир маҳаллалардаги бўш турган бинолар рўйхати, уларнинг аҳволи кўздан кечирилмоқда. 

– Мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнида ҳам ўзгаришлар бўладими?

– Мактабгача таълим муассасаларида "Болажон" дастури асосида машғулотлар ўтилади. Ушбу дастурда боланинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча жиҳатлар эътиборга олинган. Аммо техника асри, гипер ҳаракатчан болалар каби атамалар бежиз пайдо бўлаётгани йўқ. Бугун икки-уч ёшли бола ҳам замонавий техника воситаларини бемалол ишлата оляпти. Демак, уларни ривожлантиришдаги дастурларга ҳам вақти-вақти билан ўзгартириш киритиш давр тақозосидир. Эндиликда барча боғчалар бир хил дастур асосида ишламайди. Муқобил дастурлар, хориж тажрибаси асосида таълим бериш усуллари устида иш олиб борилмоқда.

2018 йилдан бошлаб улар ҳаётга татбиқ этилади. Қолаверса, ҳар бир мактабгача таълим муассасасида чет тили ўқитувчиси, логопед, дефектолог каби мутахассислар штат асосида ишга қабул қилиниши ҳам белгиланган. Жорий йилда соҳадаги ўзгаришлар туфайли қишлоқ ҳудудларидаги 100 нафар тарбиячи олий таълим муассасасида имтиёзли тарзда таҳсил олиш имконига эга бўлди. 

– Фарзандини боғчага бераётган ота-она биринчи навбатда у ердаги овқатланиш билан боғлиқ масалаларга қизиқиб кўради. Бу борада кутилаётган янгиликка ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳозирча бу борада овқатланиш меъёрларига янада аниқроқ талаблар қўйилганини айтиш мумкин. Аммо ушбу масалада яна бир муҳим жараён айни кунларда тажриба сифатида кўрилмоқда. Яъни, болаларнинг овқатланиш тизимини марказлашган ҳолда ташкил қилиш орқали болажонларга ҳар бир таом порциясини белгиланган миқдорда етказиб туриш кўзда тутилган. Бу тизим боланинг кундалик рационидаги барча масаллиқлар фақат ҳар бир боланинг ўзигагина тегишли бўлиши билан катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, унинг жорий этилиши натижасида мактабгача таълим муассасаси фақатгина боланинг сифатли таълим олишига эътибор қаратиши мумкин. Ҳозирги кунда ҳар бир боғчада озиқ-овқат маҳсулотларининг барча меъёрларга кўра сақланиши, унинг болалар таомномасига мос тарзда пиширилиши каби масалалар барча таълим муассасасида ҳам ижобий тарзда ташкил этилган, деб бўлмайди. Бу эса боланинг соғлом ривожланишида ўзининг салбий таъсирини келтириб чиқаради. Боланинг овқатланиши билан профессионал ходимлар шуғулланиши керак. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат!