МТТларда қиш мавсумига тайёргарлик, захира омборида, ошхонада, меъёрий иш ҳужжатлари юритишда камчиликлар аниқланмоқда – ўрганиш натижалари бўйича ахборот берилади
Кеча, 6 ноябрь куни Zarnews.uz сайтида “Самарқанд туманидаги аксарият давлат мактабгача таълим ташкилотлари талаб асосида фаолият кўрсатмаяпти” сарлавҳаси билан мақола эълон қилинди.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 26 октябридан 30 октябригача вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд туманидаги МТТларда ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар доирасида тумандаги 1-, 4-, 19- ва 24-давлат мактабгача таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик йўқлиги, захира омборидаги салбий, ошхонадаги антисанитария ҳолатлари, таомномасиз овқат тайёрланиши, меъёрий иш ҳужжатларининг нотўғри юритилиши, ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлдалиги, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги каби муаммо ва камчиликлар аниқланди.
Ишчи гуруҳи томонидан бу борадаги ўрганишлар вилоятнинг барча туманларида олиб борилди ва аниқланган камчиликлар бўйича вилоят телерадиокомпанияси томонидан “Агар хулоса қилмасак, халқ бизни кечирмайди” рукнида видеолавҳа тайёрланиб, “Ҳокимлик соатида” мутасаддилар эътиборига ҳавола этилди.
Муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва ҳозирда шаҳар, туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Мақолада келтирилган Самарқанд туманидаги 1-, 6-, 9-, 13-, 25-, 35- ҳамда 39-МТТлардаги салбий ҳолат ҳам атрофлича ўрганиб чиқилади. Натижалар ҳақида хабар берилади.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.