Муаллифлик ҳақи - гонорар олганмисиз? Бунинг учун сизнинг ҳуқуқингиз бор

Республикамизда муаллифлар ва ижрочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқариш мақсадида жорий йилнинг январ ойида “Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси” давлат ташкил қилинди.

Хўш, ҳозирда ушбу палата ўз фаолиятини қандай амалга оширмоқда? Жамиятимизда соҳага оид дуч келинадиган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш борасида тизимли ишлар олиб бориляптими?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида палата ходимларини суҳбатга таклиф этдик.

Бобоқул ТОШЕВ, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси бошқарув раиси, юридик фанлар доктори:

- Нафақат юртимизда, балки бошқа давлатларда ҳам муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни халқаро доирада ҳимоясини таъминлаш учун ички механизмлар, яъни ҳуқуқларни бошқарувчи турли ташкилотларни тузиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилади. Шуни айтиш керакки, халқаро доирада бирон бир давлат идораси, вазирлик, агентлик, қўмита ёки шунга ўхшаш тузилмалар муаллиф ва ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқариш билан шуғулланмайди. Бундай фаолият билан ҳуқуқ эгалари ўзаро ихтиёрийлик асосида тузган ташкилотлар шуғулланади.

Шунга кўра, муаллифлик ҳуқуқини бир мамлакат ҳудудида, балки у бутун дунёда бир хилда ҳимоя қилиниши учун халқаро конвенциялар қабул қилинган. 1886 йилда буюк мутафаккир ва ёзувчи Виктор Гюго ташаббуси ҳамда раҳбарлигида бир гуруҳ Европа олимлари ва ижодкорлари томонидан “Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Берн конвенциясига асос солинган.

Мазкур конвенция фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда уларнинг муаллифлари ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган универсал халқаро шартномалардан биридир. Бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ давлати ушбу конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Мазкур конвенциянинг аъзоси сифатида мамлакатимизда ҳам 2005 йил 19 апрелдан бошлаб ушбу ташкилот нормалари қўллана бошланди. Қарабсизки, биз халқаро мажбуриятга ҳам эга бўлдик. Шу мақсадда муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошира бошлади. Яъни, ушбу ташкилотлар катта ҳуқуқ эгаларининг, жумладан ёзувчилар, шоирлар, олимлар, бастакорлар, кинорежиссёрларнинг мулкий ҳуқуқларини бошқариш ва уларга тегишли бўлган муаллифлик ҳақларини йиғиш билан шуғулланиши мумкин. Лекин, ўтган вақт мобайнида айрим ташкилотлар маълум сабабларга кўра ўз фаолиятини давом эттира олмади.

Мамлакатимизда санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқаришни самарали йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 6-бандида кўзда тутилганидек “Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси” ташкил этилди ва у қўллаб-қувватланмоқда.

Шу ўринда яна савол туғилади. Палатанинг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Палата фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳасидаги муаллиф, санъаткор, ижодкор ва ижрочилар (ҳуқуқ эгалари) ҳамда уларнинг ҳуқуқий ворислари мулкий ҳуқуқларини бошқариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини республика ҳамда республикадан ташқарида рўёбга чиқаришларини таъминлайди. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, якка тартибда мулкий ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ҳуқуқ эагаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқаради ҳамда асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланишга ҳуқуқ эгалари (ҳуқуқий ворислар) номидан фойдаланувчиларга рухсат бериш ёки тақиқлашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи объектлари, жумладан аудиовизуал асар (кино-видео фильмлар ва бошқа)лар, турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланилганда муаллифларнинг ҳақ олиш ҳуқуқларини амалга оширади. Асарлар (қўлёзмалар, нусхалар)га ёки турдош ҳуқуқ объектларига нисбатан мерос ҳуқуқини таъминлашда иштирок этади ҳамда ҳуқуқ эгалари (ҳуқуқий ворислар)га якка тартибда асарлар ва ижролар (фонограммалар)дан фойдаланишда ҳуқуқ олишларига амалий ёрдам кўрсатади.

Бахтиёр УСМОНОВ, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ижрочи директори:

- Мамлакатимизда муаллифларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, Президентимизнинг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари” белгиланган. Шунингдек, амалдаги миллий қонунчилигимиздан келиб чиққан ҳолда палатамиз ҳам “ҳуқуқ эга”ларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга тегишли ҳақларни тўплаш, тақсимлаш ва тўлаш билан боғлиқ ҳисоб-китоб ишларини амалга оширади. Жумладан, асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларидан ҳар қандай фойдаланувчи палатага муаллифларга тегишли ҳақни ўтказиб бергандан сўнг, умумий ҳақ миқдоридан 10 фоиз маблағ Палатанинг сарф-харажатлари учун олиб қолинади ва қолган 90 фоиз маблағ амалдаги солиқ қонунчилигига асосан даромад солиғи олинган ҳамда бошқа тўловлар ундирилгандан сўнг, қолган соф маблағ “ҳуқуқ эга”сининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Шуни таъкидлаш керакки, муаллиф учун тўланиши лозим бўлган ҳақ палата ҳисобига келиб тушган санадан эътиборан уч йил мобайнида сақлаб турилади. Кўрсатилган муддат тугагач, палата талаб қилиб олинмаган ҳақни тақсимланадиган суммаларга қўшиб юборишга ёки уни палата қайси “ҳуқуқ эгаси” номидан иш кўраётган бўлса, фақат шу ҳуқуқ эгаларининг розилиги билан ва уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа мақсадларга қаратишга ҳақлидир.

Нодиржон АСЛАНОВ, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоқ қилиш палатаси бўлим бошлиғи:

- Жамиятда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш ва аҳолининг ҳурмат ҳиссини шакллантириш ҳамда муаллифларнинг қонуний хақ-ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларидаги санъаткор, ижрочилар ва ижодкорлар билан, оддий қилиб айтадиган бўлсак, барча “ҳуқуқ эга”лари билан аъзолик шартномаларини имзоланиб, муаллифларнинг асарлари репертуар базаси шакллантирилмоқда. Бунда муаллиф палатага тақдим этган маълумотларнинг тўғрилиги, ўзига тегишли асар ёки ижро амалда фойдаланилганини асослаши лозим бўлади.

Бундан ташқари, палата “телеграм” канали (т.ме/сиипуз) ва “Инстаграм” канали (СИИПУЗ) ҳамда “Фаsебоок” ижтимоий тармоқларида ўз фаолиятига оид маълумотларни бериб бормоқда. Шунингдек, юртимизнинг кўплаб мутасадди ташкилотларида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширмоқда ҳамда палата томонидан ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кенг тарғиботчисига айлантиришга ҳаракат қилиняпти.

Суҳбатни Гулҳаё Нурметова тайёрлади.