Мучалингизни аниқлай оласизми?

Шарқ халқлари Наврўзни Янги йил байрами, Мучал йили ­бошланадиган арафа куни сифатида қадрлашади. Мучал - йил ҳисобини юритишнинг ўзига хос тизими бўлиб, унга кўра, янги йил 22 мартдан бошланади ҳамда сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз номи билан аталади. Шунга мутаносиб равишда ҳар ўн икки йилда янгидан такрорланади.

Мучал ҳисобига киритилган ҳайвонлар хосиятли ва муқаддас саналган. Ўз навбатида, йилларнинг баъзилари қут-баракали, баъзилари аксинча таърифланган. Бу ўринда кўпинча об-ҳавонинг қулай ё ноқулай келиши, қайси йил кишиларга қувонч, омад ва бахт ато этиши, қай бири ғам-ташвиш, омадсизлик ва кулфат келтириши назарда тутилган. Айтайлик, Тўнғиз йилида ёғингарчилик кўпайиб, нарх-наво арзонлашади, Балиқ йили серёғин келади ва экинлардан мўл ҳосил кутилади. Товуқ йилида ҳам озиқ-овқат сероблашади, лекин одамларнинг ташвиши ортади.

Қуйида мучал йилининг милодий тақвим бўйича қайси йилларга тўғри келишини кўрсатувчи жадвал орқали мучал йилингизни аниқлаб олишингиз мумкин.

Шунингдек, агар сиз мучалингизни топмоқчи бўл­сангиз, аввал таваллуд йилингизга 9 сонини қў­шинг, сўнгра йиғиндини 12 га бўлинг. Қолдиқ сонни эса мучалингиз деб билинг. Айтайлик, сиз 1972 йили туғилгансиз. Бу санага 9 ни қўшсак, 1981 га айланади. Уни 12 га бўлсак, 165 сони келиб чиқади ва қолдиқ сифатида 1 қолади. Жадвалда эса ушбу рақам қаршисида "Сичқон" ёзуви турибди. У сизнинг мучалингиздир. Борди-ю, амаллар натижаси "ноль"га тенг бўлса, 12-мучал йилида дунёга келган ҳисобланасиз. Мисол учун, сиз 1959 йили туғилган бўлсангиз, бу сонга 9 қўшилганда, йиғинди 1968 га тенглашади. У 12 га тақсимланса, ҳеч қандай қолдиқ чиқмайди, аниқроғи, "ноль" пайдо бўлади. 1959 рақами эса жадвалнинг ўн иккинчи қаторидан ўрин олган. Демак, мучалингиз тўнғиз эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.

Фарҳод ТОҒАЕВ тайёрлади.