Муҳаммад Юсуф: “Қўшиқ бўлиб қайтаман…”

Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” туристик марказида Самарқанд халқаро технология университетининг Ўзбек тили ва маданияти маркази томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига 70 йил тўлиши муносабати билан ана шундай номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда университетда фаолият юритаётган хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан ташқари, шоирнинг рафиқаси Назира ас-Салом ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ходимлари, адабиётшунослар ва шоирнинг мухлислари иштирок этди.

Дастлаб тадбирда Назира ас-Салом сўзга чиқиб, шоир билан ўтказган умр йўллари ва ёзган шеърлари тарихи ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг шоира Хосият Бобомуродова адиб ижодига тўхталди.

- Муҳаммад Юсуф ижоди хусусида сўз борар экан, энг аввало, ватаннинг оташин куйчиси, муҳаббат ва инсонийликни баралла тараннум этувчи ҳақиқий халқ шоири, ўзбек халқининг маданият ва урф-одатларини, юртнинг бор бойлигию борлиғини қаламга олган ўзбекнинг арзанда фарзанди сиймоси кўз олдимизда гавдаланади, - деди у. – Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари ҳам ўзи каби содда ва самимий. Шоирнинг ўлмас сатрлари, қўшиққа айланиб қалбларга кирган шеърлари, унинг боладек беғубор қалбидан янграган овози ва дунёларга сиғмай қоғозлардан жой олган инжа ижод маҳсулларини ҳеч бир ўзбек унутмайди!

Тадбирда талабалар томонидан шоир қаламига мансуб шеърлар ва бу шеърлар асосида яралган қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, олийгоҳнинг ижодкор талабаларидан таркиб топган «Олтин мерос» талабалар театр студияси томонидан тайёрланган миллий рақслар, ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.