Муҳлат кимга берилди?
Йигитнинг айтишича, у бир неча бор ўзи истиқомат қилаётган, қолаверса, рафиқаси яшаётган Хўжамазгил маҳалла фуқаролар йиғинига бориб, оиласини яраштириш учун кўмак сўраган. Аммо натижа бўлмаган. Шундан сўнг туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат этишга мажбур бўлади. Оиладаги келишмовчиликларни бирма-бир айтиб ўтишни лозим топмадик. Эҳтимол, оилани яраштиришнинг имкони йўқдир. Аммо оиламни ташлаб қўймоқчи эмасман, деб турган йигитга туман хотин-қизлар қўмитасининг жавобини ўқиб, тўғриси, кулишни ҳам, йиғлашни билмай қолдик. Қуйида ушбу жавоб мактуби келтирилган:
"Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, "Қирқшоди" маҳалласида яшовчи фуқаронинг туман ҳокимлиги номига ёзган аризаси туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Қирқшоди" МФЙ фаоллари томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди.
Ўрганиш жараёнида куёв ва келин қонуний никоҳ асосида турмуш қурганлиги, турмушларидан бир нафар фарзандлари бор, 3 ой бирга яшаганлиги, турмушлари давомида жуда кўп келишмовчиликлар бўлганлиги сабабли қизи отасининг уйида фарзанди билан яшаб келаётганини билдирди. Маҳалла яраштириш комиссияси томонидан яраштириш чоралари кўрилганда куёв турмуш ўртоғига ота-онасидан воз кечсагина бирга яшашини билдирган, ушбу оилани муросага келтиришнинг имконияти бўлмаган.
Ҳозирда келин фарзанди билан касалхонада даволанаётганлиги сабабли муҳокамада иштирок эта олмади. Ушбу оилани ярашишлари учун муҳлат берилди.
Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ш.Пардаева".
Жавоб хати ўтган йилнинг 10 октябрида берилган. Эҳтимол, вақт ўтгач, бу масала ўрганилар, деган мақсадда уни шу пайтга қадар газетада эълон қилмай тургандик. Аммо орадан уч ой ўтди. Қизиқ, муҳлат кимга берилди ўзи? Оиламни яраштириб беринг, деган аризачигами, маҳалла фуқаролар йиғинигами ёки туман хотин-қизлар қўмитасининг ўзигами? Нима, хотин-қизлар қўмитаси суд идорасимиди, оила ярашиши учун муҳлат беради?