Муҳожир аёллар: Кутилмаган хавфлар, онлайн оналик, муносиб яшаш орзуси

Унинг хорижда ишлаш қарорига ҳамма кўниб бўлганди. Кўниш ҳам гапми, оила аъзоларининг баъзилари хурсанд бўлди. Энди уларнинг ҳам ҳаёти ўзгаради! Уларнинг ҳам уйида четдан кўп пул келиб туради, улар ҳам истаган кийим-кечак, анжомлар харид қилади.

Ахир атрофдаги қўни-қўшнилари аллақачон янги уйлар қуриб, чиройли жиҳозлар сотиб олди. Энди буларнинг барчаси уларнинг ҳам уйида бўлади. Фақат ойиси озгина қийналади-да. Аёл самолётга чипта олиб, кетгунига қадар бу уйда аллақандай ҳам асабий, ҳам сукунат ҳукмрон бўлди.

- Нарсаларингни олдингми?

- Олдим.

- Иссиқ кийимларингни ҳамми?

- Албатта.

- Майиз билан ёнғоқ қолиб кетмасин...

- Бўлди-да энди, олдим уларни ҳам.

Ҳар куни бир неча марта қайтарилавергандан бу диалог болаларга ҳам ёд бўлиб кетди. Шу кунларда уйида тўсатдан пайдо бўладиган сукунат ичида ҳатто оддий томоқ қириш ҳам жаранглаб кетади. Қизи мактабдан келса, унга тушлик тайёрлаб беради-ю, хаёлида “Мен кетсам, нима қиларкин болам” деган савол пайдо бўлади. Ўғлининг кийимларини юваркан, “Мен йўғимда тоза-озода юрармикан болам”, деган фикр миясини тегирмон тошидай эзади. Аммо у бу фикрлар қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай, яшин тезлигида миясидан қувиб солади. Кетишдан олдин кайфиятини бузгиси келмайди. Ахир олдинда уни қанча синовлар кутиб турибди. Иш топиб бераман, ҳаммаси тайёр, дея ишонтирган дугонаси айтганини қилармикан? Умрида самолётга чиқмаган бўлса. Аэропортларда чет тилини билмай, сарсон бўлиб қолмасмикан? Ишқилиб, эсон-омон етиб олсин, Худонинг ўзи шарманда  қилмасин!

Ҳар куни, ҳар соатда минг турфа ўйларни бошидан ўтказди Саодат. Лекин шаштидан қайтмади. Ахир бошқаларга ўхшаб кўпга кетаётгани йўқ-ку, бор-йўғи уч йил ишлаб келса бўлди. Аҳволини ўнглаб олса, қизининг ўқишига, сарполарига пул жамғарса бўлди, дарров қайтиб келади. Шундай деб ўзини тинчлантирди.

Ўшанда бу гапларига ўзи ҳам ишонган, агар ишлари ўхшаб қолиб, ростдан ваъда этилган ойлик маош олиб ишлай бошласа, бир-икки йилда ўзи мўлжал қилганларини жамлаб олиши ва яна жонажон уйига қайтиб келиши мумкинлигини ўйлаб, хотиржам бўлди. Хуллас, жомадонлар йиғилиб, аэропортга олиб борадиган такси эшик олдига келгач, оила аъзолари жимгина хайрлашиб олишди. Қизи кўзига ёш олди, аммо аясининг йўл аввалида кўнглини хира қилгиси келмади шекилли, дарров артиб ташлади. Бир неча соатлардан кейин самолёт учиб кетди. Болаларининг ва табиийки, турмуш ўртоғининг наздида ҳам уй ҳувиллаб қолгандай бўлди...

Вақт ҳар қандай ўзгаришни инсон онгига сингдириб, кўниктириб, хатти-ҳаракатларини ҳам шунга мослаштириб бораверар экан. Саодат хавотирланмаса ҳам бўлар экан, ваъда этилган иш топилди, аэропортларда ҳам ҳар қадамда йўлкўрсаткичлар. Олий маълумот олиш насиб этмаган бўлса-да, Саодат мактабда аъло баҳоларга ўқиган, дунёқараши ҳам баъзи аёлларники сингари тор, фақат маиший доирада ўралашиб қолмаган. Шунинг учун, Туркияда йўлини осон топиб кетди. Ўзи тушган оилага тез мослашди, қараши лозим бўлган онахонга ҳам маъқул келди. Эпчил, зийраклиги анча фойда бўлди. Айниқса, тозаликни хуш кўриши, менинг ишим кампирга қараш, демасдан атрофини тозалаб қўйиши туфайли туркиялик оилада ҳурмати янада ошди. 

Ҳаммаси рисоладагидек эди. Тўғри, аввалига болалари, уйни жуда соғинди, ҳар кун бир неча марта гаплашиб олмаса, кўнгли тинчимасди. Шу тариқа орадан икки йил ўтди. Бир қараганда Саодат ўзи мўлжаллаган маблағдан ҳам кўпроқ жамғариб қўйибди. Ватанга қайтиб, уларни жой-жойига ишлатиб, саранжомлаб келиши керак. Қолаверса, оиласини жуда соғинган. Шуни режа қилдию, аммо чипта олаётганда қайтишни ҳам мўлжаллаб қўйди.

Бу каби келиб-кетишлар кўп бўлди. Қизиқ, ҳар гал бўлди, энди қайтмайман, дейди-ю, лекин уйида бир ой турмасдан, яна “кетаман”га тушиб қолади. Кетишга сабаблар ҳам тайёр, ҳали тўй қилишлари керак, ҳовлининг у ёқ бу ёғини тузатиш лозим, ёшликда қилмаса бўлмайди. Ўзи ҳам шу баҳоналарга ишониб қолди ва аслидаям шу-да, рўзғорнинг ғори битмаса, уйда ўтирганимдан нима наф, тайёр иш бўлса, деб юк халтасини кўтариб кетаверди.  Ҳатто бир гал уйидан кўз олди қоронғилашиб, дод солгудай бўлиб, то самолётга чипта олгунига қадар жинни бўлаёзган хабарни эшитгандан кейин ҳам бу кетишлар канда бўлмади.   Ўшанда қизи учрашиб юрадиган йигитидан ҳомиладор бўлиб қолганди. Қайтиб келиб, биринчи навбатда масалани ҳал қилишга киришди: вақт кам, ҳомила аллақачон олти ойликдан ошиб қолганди. Қизини узоқроқ қариндошиникига ўқишга кетди, деб хабар тарқатди-ю, бошқа жойдан ижарага уй топиб, ўша ерда ўзи ҳам яшаб турди. Хуллас, гарчи йигит болани тан олмаса-да, судлашиб юрмади, янаям тўғрироғи гап кўпайтиришни истамади. Аксинча, кейинги сафар қизиниям олиб кетди. Гарчи уни ҳунар ўрганиш, илм олишдан бенасиб қилаётганини билса-да, шундай йўл тутди, бошқа иложини тополмади. Балки келгусида ўз йўлини топиб кетар, деб ўйлади...

Аёлларга хавф-хатар кўпроқ

Аёлларнинг ўз юртидан ташқарида меҳнат қилиши бугунги янгилик эмас. Аксинча, бу фаолиятни легаллаштириш, мигрантларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилмоқда. Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида мигрантлар сони 300 миллионга яқинлашиб қолган, яъни бу сайёрамиз аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил этади.

Гап ўзи туғилиб ўсган юртдан ташқарида ишлайдиганлар ҳақида кетмоқда. Улар ўзлари ва фарзандлари шароитини яхшилаш учун бошқа давлатларда ишлайди, шу билан бир қаторда, ишлаётган давлатлари ҳамда ўз Ватани тараққиётига ҳисса қўшишади. 2020 йилда катта миқёсдаги мигрантлар фақатгина асосий 20 та давлатда истиқомат қилишган. Америка қўшма штатлари ҳамон халқаро мигрантлар борадиган асосий давлатлар сирасига киради ва у ерда 51 миллион меҳнат мигрантлари истиқомат қилади. Бу дунё бўйича муҳожирларнинг 18 фоизини ташкил қилади. Германия халқаро муҳожирлар масаласида иккинчи ўринни эгаллайди. Ушбу давлатда 16 миллион, Саудия Арабистонида 13 миллион, Россия Федерaциясида 12 миллион, Буюк Британия қироллиги ва Шимолий Ирландияда 9 миллион меҳнат муҳожири мавжуд.

Меҳнат муҳожирларининг 48 фоизини аёллар ташкил этса, 38 миллиони болалар, 4,4 миллиони талабалардир. Аёллар мигрaцияси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Аммо шуниси ҳам борки, эркак муҳожирларга кўра, аёлларнинг йўлида бу масалада қатор хавф-хатарлар мавжуд. 

Лекин бу хавф-хатарлар фақат ташқарида эмас, ичкарида, яъни оиласида ҳам мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, аёл учун меҳнат муҳожирлигининг чегараси бўлиши лозиммикан, деган хаёлга борамиз. Юқорида келтирганимиз, Саодат воқеаси яқин атрофимизда содир бўлаётган ҳолатларнинг мингдан биридир. Лекин уларнинг кўпчилигида бир умумийлик бор. Ўзлари режалаштирган даражада маблағ топиб келганидан сўнг ҳам яна бошқа давлатга кетиш иштиёқи уларни тарк қилмайди. Бунинг сабаби нималарда? Эҳтимол, бунинг ижтимоий омиллари бордир?

Виртуалликнинг ҳам чеки бор

- Ҳар бир инсон ўқиш, ишлаш, касб ўрганиш мақсадини маълум бир ёшга етгач, ўзи ҳал этади ва шунга муносиб ҳаракат қилади, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари  - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Саидова. -  Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда эркаклар билан бир қаторда аёллар турли давлатларга бориб ишлаяпти. Бу рақамлар ошиб кетди, дея олмаймиз, аммо кескин камайгани ҳам йўқ. Табиийки, биринчи навбатда аёл қайси давлатга бориб ишлашидан қатъи назар турли хавф-хатарлардан холи бўлиши лозим. Ўтган йилларда бу масалалар бўйича мамлакат миқёсида йирик ишлар олиб борилди, хусусан, одам савдосининг олдини олиш борасида чоралар кескинлашди, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўзбекистонликлар кўп бўлган мамлакатларда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича амалий ишлар олиб борилди. Аммо хорижга ишга кетганларнинг оилаларида қатор муаммоларнинг юзага келаётганидан кўз юмолмаймиз. Хорижга кетган оилалардаги болаларнинг таълим олиши, тарбиясидаги ўзгаришлар ҳақида ўқитувчилар бонг уриб гапиришлари бежиз эмас. Қолаверса, узоқ йиллар давомида ота тарбияси, она меҳридан четда бўлган болаларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, қўйингки, кейинги ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар кўп. Тўғри, маълум муддат оилани тиклаб олиш учун четга ишлашга бораётганлар ҳақида нимадир демоқчи эмасмиз. Аммо моддият яхшилангандан сўнг ҳам болаларини ўз ҳолига ташлаб, йиллар давомида виртуал ота ва оналарга айланиб қолаётган оилалар жабрини кейинчалик ўзлари тортмоқда. Жамият учун бундай ҳолатлар ижобий ечим эмас, албатта. Айниқса, мигрaциядаги оилалар орасида ажралишлар, фарзандларнинг нотўғри йўлларга кириб кетиши билан боғлиқ муаммолар йиллар давомида ўз ечимини кутади.

Бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида вилоятимизда ўтган йили  34277 нафар хотин-қиз мигрaциядан қайтарилиб, 8299 нафарининг бандлиги таъминланди. Қолаверса, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, уларга субсидиялар бериш ва бошқа қатор чоралар орқали жами 55593 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 27 минг нафар хотин-қизга 462,6 миллион сўм кредит ажратилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 3624 нафар хотин-қизга субсидия ажратилди.

“Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигида кўмакка муҳтож бўлган оилалар ва улардаги болалар билан тизимли ишлаш механизми ишлаб чиқилиб, 9913 та оила муаммолари ўрганилди.

Бу рақамларни ўқирканмиз, ўзимизда ҳам иш ўринлари мавжуд бўлса, нега оналар фарзандларини йиллар давомида ташлаб, қийинчиликларга чидаб, ўзга юртларда юришибди, деган савол туғилади. Табиийки, бу саволга жавоб ҳам тайёр: шу меҳнатинг учун четда сенга ўн баробар кўпроқ маош тўлашаётган экан, нега имкониятдан фойдаланмаслик керак?! Аммо бу имконият оилангизга дарз етказса-чи? Бундай моддият фарзанд аталмиш неъматингизнинг нотўғри йўлларга кириб кетишига сабаб бўлиб, унинг ҳаётини издан чиқариб юборса-чи? Умуман, йиллар давомида моддий аҳволини яхшилаб олгандан кейин ҳам қайтишни истамаётган аёл руҳияти қандай?

- Бу ҳақда гапирарканмиз, фақатгина битта, аниқ сабабни айтолмаймиз, - дейди Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, психолог Абира Баҳромова. – Чунки аёлнинг аниқ мақсадлари амалга ошгандан сўнг ҳам четда қолишга интилиши, ҳатто фарзандларига ҳам виртуал оналикка ўрганиб қолишининг турли ижтимоий-маиший томонлари мавжуд. Биринчи навбатда бунга сабаб аниқ мақсад қўя олмаслик билан боғлиқ. Яъни, инсон моддий ўлчовларининг ҳам чегараси бор, лекин бу чегарани у назорат қила олмайди ва оқибатда қанча кўп пул топса, шунча кам туюлаверади. Шунинг учун гарчи ўзи қийналаётган бўлса-да, шу ҳаёт тарзини ўзгартиргиси келмайди, моддият унга куч беради. Яна бир ҳолат, аёлларнинг оиладаги ўрни билан боғлиқ. Баъзи оилаларда аёл фарзандлари улғайганда ҳам қайнона-қайнота, қайнсингил, қўни-қўшни ва умуман, келин бўлиб тушган жойида қайсидир маънода хизматчидай қаралади, унга алоҳида шахс сифатида муносабат йўқ. Хорижда узоқ йил ишлаб, ўз маблағига эга бўлган, қолаверса, у ерда аёлларга муносабатни кўриб, таҳлил қилаётган муҳожир аёл Ватанига қайтгач, илгаригидек ҳаммага келинлик хизматини қилишни истамайди. Энди у оилада, рўзғор ишларида ҳам  эр-хотин, болалар тенгма-тенг меҳнат қилишини истайди. Лекин бу истакни ҳар доим ҳам амалга ошира олмайди. Унга эндиликда шунчаки пул топувчи шахс бўлиб яшаш қулайроқ туюлади. Афсуски, буни ҳамма эплаб кетмайди ва яна ўша, бир неча йил давомида ўзи кўникиб қолган муҳитга қайтгиси келаверади. Айтиш керакки, бу фақат аёлларда эмас, эркакларда ҳам кузатилади. Эркакларда иш ҳақи билан бир қаторда иш берувчининг оддий ишчиларга муомаласи, ўзга давлатларда турли ижтимоий муассасаларда инсонларга муносабат каби ижтимоий сабаблар ҳам меҳнат муҳожирлигига кетиш иштиёқини оширади.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун жамиятда ҳам ўзгаришлар бўлиши керак. Аммо шу билан бир қаторда, биз фарзандларимизнинг ҳам мақсадларини ривожлантиришимиз, ўз шахсий фикри, нуқтаи назари бўлишига эътибор қаратишимиз, бир оғиз сўз билан айтганда, таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз керак.

Бу масалада сизда ҳам фикрлар бор, ҳатто баҳслашишингиз ҳам мумкин. Негаки турли ижтимоий вазиятлар, оиладаги муаммолар ҳаммаси ўзига хос, уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди. Аммо дабдабали тўйлар, қуда-андаларга сарполар, қимматбаҳо машина-ю уйимизни янгича таъмирлаш учун фарзандларимизни ота-она меҳридан мосуво қилиб, йиллаб муҳожирликнинг танланиши мантиғини асослаб беринг.

Гулруҳ МЎМИНОВА.