Мулк ҳуқуқини бекор қилиш фақат суд томонидан амалга оширилади
Кейинги беш йил давомида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тубдан ўзгартириш, мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш муаммоси, айниқса долзарб аҳамият касб этди. Шу сабабли бу даврда Президент ва ҳукуматнинг мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган 300 дан ортиқ ҳужжати қабул қилинди.
Жумладан, жорий йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш, мазкур ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши, ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш, юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш каби қатор талаб ва чекловлар бекор қилинди.
Шунингдек, турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга оширишда турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш бекор қилинди.
Шу муносабат билан фармонда бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилди. Яъни, мулкий ҳуқуқни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали ушбу ҳуқуқни тугатиш мумкин эмаслиги белгиланди. Агар ушбу ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин бўлди.
2023 йил 1 январдан Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими ҳисобланади.
Умуман, мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш ҳамда давлат органлари билан муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш учун бевосита шароитлар яратишда кучли туртки бўлади. Қайд этилган ҳужжат эса айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Баҳодир Қаршиев,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.