Муносабат берилди, бироқ ҳеч нарса ўзгармади

Сайт ва каналларимизда эълон қилинган баъзи масалаларга тегишли ташкилотларнинг муносабат билдиргани яхши албатта. Аммо муаммо муаммолигича қолаверса, ечим кўрсатилмаса, лоақал таклиф берилмаса бу муносабатдан нима наф?

Олдинроқ “Бўлди ажаб ҳангомалар: “Маҳалла” жамғармасининг солиқдан қарзини ХДП тўлаши керакми?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Қисқа қилиб айтганда унда, нега бир ташкилот учун бошқа ташкилот нофаол тизимга ўтиб қолиши керак, бир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаган одам бошқа ташкилотга ишга ўтса, ташкилот қарзи ҳам “кўчиб” ўтадими каби саволлар ўртага ташланган.

Вилоят давлат солиқ бошқармасининг ҳолатга муносабатида ҳам шу ҳолат қайд этилган, бизга маълум сабаб кўрсатилган. Аммо қандай қилиб масалани ҳал этиш очиқлигича қолган. Мажозий қилиб айтадиган бўлсак, бу худди бошим оғрияпти, деб борган беморга шифокорнинг ростдан бошингиз оғрияпти, дея тасдиқлашига ўхшайди.

Шу сабабдан айрим саволларни такрорлашга мажбурмиз: Агар бир ташкилот вакили иккинчи ташкилотга ишга ўтса, ташкилот қарзи ҳам “кўчиб” ўтадими?  Агар ташкилот раҳбарининг собиқ ишхонаси қарзни тўламаса кейинги ташкилот ҳам қарз бўлиб юраверадими шунда?

Бундай ҳолатда муаммо қай тартибда ҳал этилади? Бунинг осонроқ тартиби ишлаб чиқилганми ўзи? Агар бу инсон омили билан боғлиқ бўлмаса, автоматлашган тизимнинг камчилиги бўлса, бу тизим қачон мукаммаллаштирилади? Унгача бир ташкилотнинг қарзини иккинчи ташкилот тўлаб юрадими?

Ўйлаймизки, мутасаддиларнинг муаммонинг фақат сабабини эмас, ечимини ҳам кўрсатишади.