Муносабат ўрнида

Бугун Zarnews.uzнинг телеграм каналида “Муаммо яширилиши эмас, ҳал қилиниши керак” сарлавҳали мақолага “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан муносабат билдирилган.

Унда кеча Самарқанд шаҳар, Қорасув массивида электр энергияси таъминотида узилиш бўлганлиги ва бундай узилишлар Қўшработ тумани давлат хизматлари марказида, орадан кўп ўтмасдан Иштихон туманида ҳам кузатилганлиги баён қилинган.

Бугунги кунда вилоятдаги истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан 0,4-6-10 кВ ҳаво электр узатиш ва кабель тармоқлари ҳамда трансформатор пунктлари орқали электр энергияси етказиб берилади. Мазкур тармоқларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари, аварияли узилишлар ҳақида филиалнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида маълумотлар мунтазам бериб борилмоқда.

Хабарингиз бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2025-йил 1-июндан бошлаб, 35-110 кВ кучланишли подстанция ва электр узатиш тармоқлари “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти “Самарқанд магистраль электр тармоқлари” филиали балансига ўтказилган. Куни кеча мазкур корхона балансида бўлган 110 кВ кучланишли “Марго-1” ҳаво электр узатиш тармоғида техник носозлик юзага келганлиги сабабли Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги айрим ҳудуд истеъмолчиларида электр таъминотида узилишлар бўлган.
 Мазкур техник носозлик тезкор бартараф этилиб, электр таъминоти қайта тикланган.

Бундан ташқари, “Самарқанд магистраль электр тармоқлари” филиалига қарашли “Л-Зармитан” ва “Л-Ишонч” 110 кВ электр узатиш тармоқларидан Иштихон тумани, Кўтарма маҳалласи ҳудудида янги қурилган “Кўтарма” подстанциясига тармоқ тортиш ва улаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганлиги бўйича бир кун олдин Иштихон ва Қўшработ туман ҳокимликларининг ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг телеграм каналлари орқали хабар берилган, дейилган муносабатда.