Мурожаатлар сайёр қабулларда ҳал этилмоқда

Самарқандда Республика ишчи гуруҳи томонидан тўрт кундан буён ташкил этилаётган оммавий қабулларда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Т.Турдиев ҳам иштирок этиб, фуқаролардан газ масаласига доир келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб чиқмоқда.

Жомбой туманида ўтказилган сайёр қабулда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, туманнинг Шодлик маҳалласида кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли уйда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатишда ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий якун топди.

-  Яшаётган уйларимизга қурувчи эски русумдаги электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб кетишган экан, - дейди Ойгул Турдиева. – Туман газ идорасидагилар келиб, ўрнатилган ҳисоблагичлар жаҳон стандартларига тўғри келмаслигини айтишди. Аслида “ақлли” газ ҳисоблагичлар қурувчилар томонидан, агар улар ўрнатмаган тақдирда хонадон эгаси ўз ҳисобидан ўрнатиши лозим экан. Сайёр қабулда газ ҳисоблагич сотиб олишга имкониятимиз йўқлигини айтиб, мурожаат қилган эдик. ”Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбарияти томонидан аризамиз ўрганилиб, 11 хонадонга “ақлли” ускуналар ўрнатиб беришди.

Шунингдек, сайёр қабулда маиший газ баллон сўраб қилинган қатор мурожаатлар ҳам ечим топди.

Тадбирда мутахассислар томонидан энергия тежамкор газ жиҳозларининг  афзалликлари, шунингдек, қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш ускуналарининг қулайликлари тўғрисида маълумотлар берилди.

"Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали матбуот хизмати.