Мурожаатларнинг “калити” қаерда?

Самарқандда ваколатли органлар йилнинг биринчи ярмида 5 мингдан ортиқ  мурожаатга масъулиятсизлик билан ёндошган

Давлат хизматлари марказларига келаётган ҳар бир фуқаро муаммосига ечим излаб келади. Афсуски, кўп ҳолларда ўша умид қилинган “калит” вақтида эгасини топмайди.

Биламизки, давлат хизматларини кўрсатишда, уларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, белгиланган муддатларда тақдим этилиши учун давлат идоралари ва ташкилотлари ваколатли орган ҳисобланади. Марказлар орқали юборилган фуқароларнинг ҳар бир сўровлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, тегишли жавоб қайтарилиши лозим. Мурожаатни ассоссиз рад этишга, вақтида кўриб чиқмасликка, ортиқча ҳужжат талаб қилишга ҳақимиз йўқ. Бироқ ана шу тамойилни бугунги кун масъуллари унутиб қўймоқда. Оқибатда хизмат ҳақини тўлаб қўйган истеъмолчининг қонуний манфаатлари қўпол равишда бузилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларидан юборилган махсус хабарларнинг кўпи ваколатли органлар томонидан қонунда белгиланган тартибда ҳал этилмаган. Ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасида бу ўз тасдиғини топиб, ваколатли идоралар томонидан 5117 та қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганлиги аниқланди.

Таҳлилларга кўра, 4234 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 821 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 56 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилиб, 6 ҳолатда бошқа қонун бузилишлари содир этилган.

Афсуски, кўрилаётган таъсир чораларига қарамасдан тегишли хулоса чиқармаётган давлат идоралари ва ташкилотлари сони камаяётгани йўқ. Масалан, кадастр идоралари (1750 та), газ таъминоти, (1584 та), сув таъминоти (594 та), электр таъминоти корхоналари (127 та), қурилиш идоралари (83 та), туман (шаҳар) ҳокимликлари (204 та), соғлиқни сақлаш муассасалари (240 та), давлат солиқ инспекциялари (378 та) ҳали-ҳануз мазкур рўйхатда “етакчи”лик қилмоқда. Наҳотки, ушбу идораларда фуқаролар мурожаатларига панжа орасидан қаралса? Улар учун истеъмолчи манфаатларининг бир чақалик қадри йўқми?

Ота-боболаримиз бизни бировнинг мушкулини осон қилишга ундаб келган. Лекин бу ерда кимгадир ёрдам бериш ҳақида эмас, хизмат ҳақини тўлаб қўйган истеъмолчи ва бир мурожаат ортидаги тақдир ҳақида гап бормоқда. Биргина мисол, “Graver Menejment” МЧЖнинг Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази орқали шу йил 15 майда Оқдарё тумани қурилиш бўлимига юборилган объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома олиш тўғрисидаги сўровномаси 17 май куни “Ижарага берувчи ернинг фойдаланиш мақсадини бошқа фаолият турига ўзгартириш ва қўшимча қурилишга берилгандан сўнг рухсат берилишини таъминлаймиз...”, деган важ билан рад этилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” 18-бандида ваколатли органга сўровнома тушганидан сўнг, 7 иш кунида объектни жойига бориб бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудида қўшимча бино ва иншоотлар қуриш имкониятлари мавжудлигини ўрганиши ва QR-код қўйилган рухсатномани бериш ёки рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда рухсатнома беришни рад этиши белгиланган. Яъни, Оқдарё тумани қурилиш бўлимининг мазкур ҳолатдаги хатти-ҳаракатлари қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли идоралар раҳбарлари номига 19 та тақдимнома, 772 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, 54 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида ваколатли органларнинг 18 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, 54 нафар айбдор раҳбар ва ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Шерзод Азизов,

вилоят адлия бошқармаси давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими бошлиғи.