Мурожаатнома амалий ишларга ундайди

Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис сенати аъзоси Рустам Холмуродов Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 14-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси ва ўқувчилари билан давра суҳбати ўтказди.
Дастлаб ректор мазкур умумтаълим мактабидаги шарт-шароитлар, бинолардаги иситиш тизими, дарс машғулотлари жараёнлари билан танишди.
Сўнг юзма-юз мулоқот ташкил этилди ва Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ва уларнинг ижросига тўхталди.
- Мурожаатномада асосий эътибор илм-маърифатни, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга, халқимиз турмуш тарзини, яшаш шароитларини янада яхшилашга, қулай бизнес ва инвестиция муҳити, янги иш ўринлари яратиш зарурлигига қаратилди, - деди Р.Холмуродов. – Ушбу масалаларни рўёбга чиқариш сиз, ёшларнинг, педагогларнинг салоҳияти, интилишларига боғлиқ. Ақл-идрок, билим ва интеллектуал истеъдод Ватанни юксак чўққиларга кўтаради. Буни ҳар бирингиз билишингиз, илм ва маърифатнинг қадрига етишингиз зарур.
Учрашув якунида сенатор ўқитувчи ва ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Мактабга иккита замонавий компьютер жамланмаси совға қилинди.
Шунингдек, университетда давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ва уларнинг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда университет ректори маъруза қилди.
Таъкидландики, Президентимиз тақдим этган Мурожаатномада фан ва таълимни ривожлантириш, олий ўқув даргоҳининг нуфузи ва савиясини бугунги кун талаби даражасига етказиб, бу борада бошланган ислоҳотларимизнинг руёбини таъминлаш, барча тармоқлар учун етук кадрлаш тайёрлаш барчамизнинг олдимизда турган устувор вазифадир. Бунинг учун албатта рақамли билимлар ва замонавий технологияларни ўзлаштиришимиз шарт.
Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 25 фоиздан ошириш, келгусида 50-60 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шулар қатори таълим стандартлари хорижий тажрибага таянган ҳолда ривожлантирилади.
Рустам Холмуродов Мурожаатнома талабидан келиб чиққан ҳолда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини, педагогик таълимнинг олтита йўналиши бўйича ўқув муддатини уч йилга қисқартириш билан боғлиқ масалалар юзасидан аниқ ва мақсадли дастурлар яратиш вазифаларини белгилаб берди.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.