Мурожаатнома — ҳар бир маҳалла учун амалий қўлланма

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси муҳим сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга ҳужжат. Унда мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари, ислоҳотларнинг янги босқичлари, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилади.

Ана шу Мурожаатнома мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг аҳамиятини тушунтириш мақсадида жойларда турли маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу каби тадбирлардан бири Самарқанд шаҳридаги Чармгари маҳалласида ташкил этилди. “Мурожаатнома – ислоҳотларимизнинг дастурамали” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Абдуллаева, маҳалла еттилиги аъзолари, фаоллар ва нуронийлар иштирок этди.

Учрашув аввалида Н.Абдуллаева Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтини қўллаб-қувватлашда мутлақо янги босқич бошланаётганидан далолат эканини таъкидлади. Бу эса маҳаллаларни мамлакат тараққиётининг муҳим бўғини сифатида янада мустаҳкамлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мурожаатномада маҳаллалар инфратузилмасини тубдан янгилаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани алоҳида қайд этилди. Бу вазифаларнинг изчил ижроси маҳаллаларда яшовчи аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятини кенгайтиради.

Давра суҳбати жараёнида маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг фаоллигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Нуронийлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори экани, у маҳаллалар ҳаётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши айтилди. Бундай давра суҳбатлари аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онгини ошириш, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.