«Мурувват» уйидан репортаж: «Нон топишга қийналган кунларимиз бўлган»
Бу муассасага жойлашиш учун 2021 йилдан бери 25 нафар бемор навбатда турибди. Лекин бу ерга жойлашганлар умрбод шу ерда истиқомат қилишади, демакки, жой бўшаши осон эмас.
Йилдан-йилга навбатда турувчилар сони ошиб бораверади. Айни пайтда муассасада 300 га яқин бемор истиқомат қилади. Улар орасида мамлакатимизнинг барча вилоятларидан аёллар бор. Айниқса, Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан кўпроқ.
Гап Ургутдаги «Мурувват» ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйи ҳақида кетмоқда. Кўпчилик яхши билади, бу ерда I, II гуруҳ ногиронлиги бўлган, асосан руҳий хасталиклардан азият чекаётган фуқаролар даволанади. Мурувват уйининг ҳовлисига кирганимизданоқ бу ерда шароитлар бошқача эканлигига гувоҳи бўлдик. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, нафақат ташқи кўриниш, балки беморларга ажратилаётган дори-дармон, озиқ-овқат учун маблағ ҳам кескин ўзгарган.
- Тўғриси, бундан икки-уч йил олдинги ҳолат, шароитни ҳатто эслашни ҳам истамаймиз, - дейди мазкур муассаса раҳбари Алишер Саидов. – Эсимда, ҳатто беморларга кези келганда нон топиб беришга ҳам қийналиб қолган пайтларимиз бўлган. 2020 йилда тегишли қарорлар асосида Ургут «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи ҳудудида 300 ўринли ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйи қурилиб, 2021 йилда ишга туширилди. Илгари эркак ва аёллар бир бинода, 450 ўринли муассасада яшаб, даволанган бўлса, эндиликда эркаклар учун 250 ўринли, аёллар учун эса 300 ўринли, барча шароитларга эга бўлган бинолар фойдаланишга топширилди. Ўринлар сони ҳам 100 тага ошди. Ҳар бир беморнинг дори воситаларига ўртача 4,5 минг сўмдан сарфланса, озиқ-овқатга 30 минг сўмга яқин, гигиена воситаларига киши бошига 2700 сўмдан тўғри келади. Бир пайтлар умр бўйи шу ерда яшайдиган беморлар учун ҳатто гигиена воситалари кўзда тутилмаган эди.
Ҳозир бу рақамлар баъзилар учун арзимасдек туюлиши мумкин. Лекин бу ерда узоқ йиллардан бери ишлаётганлар, беморлар бу рақамлар ортидаги ўзгаришларда қанчалик фарқ борлигини жуда яхши ҳис қилишади.
Ўтган йиллар давомида фақат ҳомийлар ёрдамигагина кунимиз қолган пайтлар бўлди. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан мурувват уйларига эътибор қаратилиши инсон қадри улуғланиши тамойили билан бевосита боғлиқ.
Муассасада беморлар яшаб, даволаниш билан бирга, тикиш-бичишни ўрганиши, турли ўйинчоқ ва буюмлар ясаши, қўлидан келгани суратлар чизиши мумкин.
Тўғриси, меҳнат хонасида ясалган турли ўйинчоқларни кўриб, аввалига улар шу ерда тайёрланганига шубҳа қилдим. Аммо тушликдан сўнг бу ерда яшовчилар меҳнат хоналарига тушиб, машғулотларга киришиб кетганда, фикримдан уялдим. Айниқса, Санобар опа чизган суратларни, назаримда, соғлом одам ҳам чиза олмайди. Нилуфар ясаган ўйинчоқларни эса моҳир ҳунарманд томонидан тикилган, деб ўйлайсиз.
Ирода шеър айтиб, кўпчилик мухлисларини йиғлатиб юришга уста (унинг ўзи ўқиган таъсирли шеъри қуйидаги видеолавҳада).
Дарвоқе, интернат уйида бой кутубхона бор. Яшовчиларнинг айтишича, кутубхоначи опа Ирода сингари китобга қизиқувчиларга китоб ўқиб беради, шеър ёдлатади.
Интернат уйининг ҳовлисида спорт майдончалари, жонли бурчаклар ҳам бор. Курка, қуён, қўй, бузоқ каби уй ҳайвонлари парваришланади. Ўртача катталикдаги майдонда эса иссиқхона ташкил этилган, ҳозир у ерда кўкатлар барқ уриб яшнаб турибди. Бир сўз билан айтганда, бир хўжаликка зарур бўлган барчаси муҳайё.
300 нафар бемор, 214 нафар ходим меҳнат қилаётган жамоа билан бу ерда меҳнат қилиш осонмас. Руҳий хаста бемор билан ишлашнинг ўзига хосликлари бор, бир неча йиллик ходимлар бу масалада тажриба тўплагани, уларнинг «тили»ни яхши тушунишлари муомала муносабатларда ҳам кўриниб турибди.
Ўрта, оғир даражадаги беморлар турли бўлимларда ётқизилгани туфайли улар билан ишлаш шунга қараб белгиланади. Мутасаддиларнинг айтишларича, кейинги йилларда беморларнинг умр давомийлиги ошган. Ким учундир бу фикрлар шафқатсизроқ туюлса-да, аммо муассасага жойлашиш учун навбатда турган 25 нафар бемор фақатгина бу ерда яшовчилар оламдан ўтган тақдирдагина, ўрин бўшагач, мазкур жойда яшаш имконига эга бўлишади. Яъни, уларнинг бу ерга жойлашуви шу вазиятга ёки давлат томонидан таъминот кўпайишига боғлиқ.
Яна бир масала, жуда кўп вилоятларда шу каби мурувват уйлари бўлгани ҳолда нега ўша ҳудудлардан ҳам беморлар сони кўплиги кишини ўйлантириб қўяди.
Гулруҳ Мўминова.