Мушкул аҳволга тушган мигрант “Labor - migration” дастури орқали мурожаат қилиши мумкин
Тойлоқ туманида O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши ижроия қўмитаси томонидан Президентининг 2019 йил 20 августдага “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони тарғиботига бағишланган тадбир уюштирилди.
Унда фармонга кўра, фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар алмашинди.
- Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун меҳнат мигрантларига молиявий ёрдам кўрсатиш каби ҳаётий масалалар қамраб олинган, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали бош мутахассиси Нормамат Баҳромов. – Шунингдек, эндиликда чет элда мушкул аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари масофавий мурожаат қилишлари мумкин. Мазкур ишлар ягона миллий меҳнат тизими доирасида, яъни “Labor - migration” дастури орқали амалга оширилади.
Савол-жавобларга бой бўлган учрашувда вилоят бандлик бош бошқармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилояти кенгаши вакиллари, депутатлар ва партия фаоллари иштирок этди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.