Мустақиллик моҳияти ёки бугунгача босиб ўтилган йўлга бир назар

Гугурт нархи ва бошқа маиший масалалар билан мустамлака даврини оғзининг таноби қочиб эслайдиганлардан бири билан бир неча кун ҳамсафар бўлишга тўғри келди. Рост, балки шу одам бўлмаганида истиқлол ва унинг моҳияти ҳақида қоғоз қоралашимга зарурат сезмасдим. Бугунги ижтимоий-сиёсий манзарини бир қур таҳлил қилиб кўрмасдим...

Зотан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий манзараси 35 йил аввалгидан бутунлай ўзгарган. Чунки мустақиллик йилларида жамиятимизнинг сиёсий ва ижтимоий соҳаларида катта ўзгаришлар рўй берди.

Бу даврда мамлакатимиз совет тузумидан мустақил давлатга айланди, Конституция қабул қилинди, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойиллари шаклланди. Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини танлаб, очиқ ва жадал ривожланаётган мамлакат сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгалламоқда.

Совет давридан бошлаб...

1991 йил 31 августда Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган. Бу тарихий сана мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлгани янгилик эмас. Лекин айни шу йилларни кўрганлар билади: 1990 йилларда мамлакатда бир партиявий тузум, цензура, сўз эркинлигининг чекланганлиги ҳукм сурганди. Бугунги кунда кўп партиявийлик тизими, сайловларнинг очиқ-ошкора ўтиши ва фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиши каби янгиликларни санашга кун етмайди.

Дарвоқе, сўнгги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари, фуқаролик эркинликлари, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Илгари танқидий фикрлар чекланган, сўз эркинлигига тўсиқлар бор эди. Ҳозирги кунда журналистика, блогерлик ва жамоатчилик назорати фаоллашмоқда, оммавий ахборот воситалари эркинроқ фаолият юритмоқда.

Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар

Ижтимоий соҳада ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Илгари фуқароларнинг ҳаёти давлат томонидан тўлиқ назорат қилинарди, шахсий ташаббуслар чекланган эди. Бугун эса ёшлар, аёллар ва норасмий секторнинг фаоллиги ошган, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда кенг имкониятлар яратилган.

Маълумотларга кўра, вилоятда сўнгги 7 йилда олий таълим муассасалари сони 7 тадан 19 тага етган. Талабалар сони ҳам шунга мос равишда 24 минг нафардан 101 минг 710 нафарга ошган. Олий таълимга қамров 9 фоиз эмас, 45 фоиз бўлган.

Имконият бўлса, шунча бўлмайдими?!

Бундан ташқари, жорий йилда вилоятдаги мактаб битирувчиларидан 177 нафари муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасаларига грант ва конракт асосида ўқишга қабул қилинган.

Илгари Тошкентда ўқишга кириб-киролмаган халқимиз фарзандларига мустақиллик берган неъмат бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

 

Халқаро ҳамкорлик ёки ўзгаришлар ўзаги

35 йил аввал Ўзбекистон ташқи дунёдан деярли узилган эди. Бугун эса мамлакатимиз жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатган. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.

Энг муҳими, мустақиллик, ислоҳотлар ва ахборот технологиялари таъсирида жамият онгида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхшироқ англамоқда, давлат ишларига нисбатан фаолроқ муносабат билдиришмоқда.

Шу ўринда бир гап. Асли нарпайлик бўлган ижодкор Ўктам Мирзаёрнинг айтишича, ўтган асрнинг 70-80-йилларида пойтахтга ўқишга борган. Ўша кезларда ҳамқишлоғини Тошкентдаги трамвайларнинг бирида кўриб қолади. У автоуловнинг иккинчи учида бўлгани учун “ҳой фалончи, яхшимисан, Ўктамман”, дегани учун рус кондуктори унга жарима тўлатган. Албатта, иш ички ишлар идоралари аралашуви билан бўлган.

Бугун бундай ҳуқуқсизлар фақат тарих қатларида қолди...

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сўнгги 35 йилда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий жиҳатдан мутлақо янги манзара касб этди. Совет мафкуравий тизимидан мутлақо фарқ қилувчи янги сиёсий муҳит, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ташқи дунёга очиқлик бугунги Ўзбекистоннинг юзидир.

Тўғри, ҳали олдимизда яна кўплаб вазифалар турибди, аммо энг асосийси — тараққиётга юз тутган бу йўл барқарор ва узлуксиз бўлиб қолмоқда.

Ёқубжон Марқаев.