МУСТАҚИЛЛИК – МУҚАДДАС МАВЗУ

Ҳар куни одамлар бир-бирлари билан муайян бир мавзуда муомалага киришадилар – муносабатлар мазмунан ҳар хил: мавзу кичик ёки улкан бўлиши мумкин.Масалаларнинг қамрови ҳам ҳажман фарқланади. Эътиборли жиҳати, суҳбат ёки фикр алмашиш албатта бирор-бир мақсадга қаратилган бўлади. Тил воситасида амалга ошириладиган бунинг каби кундалик алоқаларда махсус тайёргарлик талаб этилмайди ­– тили бор одам фикрига келганни гапиради. Қўшиб-чатиши ёки ярмини яшириб ёзғириши мумкин ­– бунинг учун уни ҳеч ким айбламайди. Профессионал даражадаги билим ва тажриба шарт эмас. Бироқ шундай муқаддас мавзулар борки, улар ҳақида сўз кетганда чуқур мушоҳада юритиб, мулоҳаза қилиб, далилларга асосланиб гапириш шарт. Масалан, мустақиллик мавзуси. Бу борада сўз айтишнинг масъулияти бор. Чунки, сўзловчи истиқлол шарофатини аввало теран ҳис қилмоғи лозим. Озодлик ­ нақадар тотли сўз эканини юрак-юракдан англамоғи даркор. Бугунги доруломон замонлар ўз-ўзидан рўёбга чиқмаганини, осмондан тушмаганини, унинг замирида гаровга тикилган ҳаёт, заҳматли меҳнат, ғоялар тўқнашуви, тинчлик ва осойишталигимизга таҳдидлар, барқарорлигимизга хуружлар, жаҳолатга қарши кураш ва бошқа кўплаб жараёнлар мавжуд эканини билмоғи керак. Бунинг учун эса мамлакатимизнинг мустақиллик йиллари босиб ўтган масофаларига теран кўз билан қараш, шунинг баробарида унинг энг яқин ўтмиши мустабид тузум давридаги тарихи нечоғли аянчли бўлганини англаш талаб этилади. Муқояса, таққослаш орқали ҳақиқат рўёбга чиқади.

Ўтган тузумда юртимиз икки карра қақшатгич қатағонлар даврини бошидан кечирганини кўпчилик билади. Мустақиллик даврида туғилиб, вояга етган ёшларимизга эса билмаганларини айтиш бизнинг бурчимиз. Чунки истиқлолнинг қадрига етиш учун ҳам ўтган кунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш зарур.

Тарихдан маълумки инсоният ўтмишида ўрта асрларда Европада амалга оширилган инквизиция, ўзининг даҳшатли жазо машинаси билан жуда кўп олиму уламоларни қирғин қилди. Шаккокларни аниқлаш, даҳрийликка барҳам бериш шиори остида фаолият кўрсатган бу кампания Европа тараққиётини бир неча юз йил ортга суриб ташлагани баайни ҳақиқат (Худосизларга қарши курашишнинг мазкур институти 1478 йили қирол Фердинанд ва малика Изабелла томнидан, Рим папаси Сикста IVнинг фатвоси билан испания инквизициясига асос солишлари натижасида даҳшатли тус олган. Теология, астраномия сингари фанларда камолга эришган қатор олимлар, масалан Галилео Галилей, Жордано Бруно, Николай Коперник сингари даҳолар инквизиция қурбонига айланганлар).

Ўтган асрнинг 37-йилидаги қатоғонлари чин маънода халқимиз бошига солинган инквизиция даҳшатларининг такрорланиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки инквизиция даҳрийликка қарши кураш ниқоби остида амалга оширилган бўлса, шўро тузумининг жазо машинаси “халқ душманлари”га қарши кураш шиори билан майдонга чиқди. Асил ғаразли мақсадини шу йўл билан хаспўшлади. Омманинг ўз кирдикорларига нисбатан хайрихоҳлигини уйғотди, эътирозларга ўрин қолдирмади. Шу йўл билан, миллатнинг ўз сўзи, ўз фикрига эга бўлган фарзандлари судсиз, сўроқсиз қатл қилинди. Мамлакатнинг тақдири кўланка кўринишидаги одамлар қўлида қолди. Сабаби бундай кишиларни бўйинтуруқсиз ҳам бошқариш осон кечарди.

Бундан кўзланган асосий мақсад, юртимизни асосан хом ашё базасига айлантириш бўлган. Тарихимиз, тилимиз, маданиятимизга беписанд қараш, уни тескари талқин қилиш тажрибаси қўлланилган. Муддао буюк бобокалонлари ҳар соҳада дунёга ибрат бўлган элни асосан қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиш, уларнинг орасидан довруқли шахсларни ўстирмасликка қаратилган. 

Ўзбекнинг ўзлигини англашига хизмат қиладиган барча қадриятлари таъқиқлангани бугун ҳеч кимга сир эмас. Худди инквизиторлар каби оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар устидан кучли цензура назорати ўрнатилган. Омма эркин сўзлаш, кенг қамровли фикрлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шароитда маънавий юксалиш ҳақида гап бўлиши мумкинмиди ­– йўқ, албатта! Оқибатда биз майда-чуйда мавзулардагина сўзлашадиган, глобал масалаларда фикрлаш имкониятидан мосуво бир миллатга айлана бордик – қадрсизландик. Қизиқ бир ақл бовар қилмас маълумот: мабодо бир маскан қурмоқ бўлиб, иншоот бино қилмоқчи бўлсак унинг смета харажатлари арзимас суммага лойиҳалаштирилиши лозим бўлган. Салмоқлироқ суммада бўлса марказдан рухсат сўралиши шарт экан.

Ҳар бир соҳада сунъий тўсиқлар, сансолорликлар одатий ҳолга айланган эди. Илми ҳаминқадар одамлар кучли таъсир ва ваколатга эга бўлганлари боис, босар-тусарини билмай қолганлар. Кўпнинг манфаати уларни қизиқтирмаган. Ишни “Ўзим хон, кўланкам майдон” қабилида ташкил этганлар. Бу халқни мутеликда ушлаб туришни режа қилганлар учун айни муддао бўлган, албатта. Чунки, бу миллатнинг кундалик ҳаётида руҳий зўриқиш, маънавий депсиниш қанча кўп содир бўлса, унинг юксалишга бўлган интилиши шунчалик зиён кўришини билишган. Шунинг учун ҳам раҳбарлик ролларига саводи ҳаминқадар одамларни ўтирғизиб, уларнинг бюрократик иш услубларини ҳар томонлама рағбатлантириб турганлар...

Шўро ҳокимияти Иккинчи жаҳон урушида қозонган ғалабасидан сўнг, қирғин сиёсатини бир мунча юмшатгандек бўлди. Аммо, мана шу юмшоқлик замирида ҳам мустамлакачилик сиёсатининг сиёғи сезилиб турган. Вақти-вақти билан миллат маънавиятининг ўсув нуқталари “чеканка” қилиб турилган. Энг ачинарлиси бу пайтга келиб, ҳинд халқининг атоқли ёзувчиси Робиндринад Таҳур таъбири билан айтганда, шўро сиёсати миллий манфаатларимизга аввалгидек ҳамла қилмаса ҳам, олдга силжимасин деб олдимизга тўсиқ қўйиб қўйган (Робиндринад Таҳур “Хонадон ва жаҳон” асарида инглиз мустамлакачиларининг Ҳиндистонда юритган сиёсати ҳақида фикр юритиб: “Улар бизнинг миллий қадриятларимизга жиддий дахл қилмас, аммо ҳурмат ҳам қилишмасди”, деб ёзади).

Аввалбошдан учқунни алангага айлантиришни касб қилган бу тузум, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида яна қатағон сиёсатининг чўғини алангалатди ­– яна бир карра ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш этди. “Пахта иши” деган айбнома билан халқимиз бошига мусибатли кунларни солди. Кўпдан бери чанг босиб ётган жазо машинасини яна ишга қўшди. Ноҳақ қама-қамалар авжига чиқди. Марказдан адолат посбонлари сифатида келган “десантчилар” билган номаъқулчиликларини қилдилар ­– халқни хоҳлаганча таладилар. Ўзимиздан чиққан кўланка кўринишидаги каслар уларга кўмак бериб туришди. Марказдан келган “ваколатли вакиллар” кўп ноҳақликларни уларнинг қўли билан амалга оширди – керагида қўллаб-қуватлаб турди. Вақти келаганда айбни уларнинг бўйнига ағдаришди.

Яқинда ўша пайтдаги “машҳур десантчи”лардан бири Гдлян, матбуотдаги чиқишларининг бирида: “Биз Ўзбекистонда беш-олтита йирик жиноятларни очишдагина иштирок этганмиз, холос, қолганини ўзларининг одамлари қилишган”, - деб ўзини оқлашга уринди. Буни қандай тушуниш керак? Наҳотки, ҳайвонот оламига хос бўлган “агратомия ҳодисаси” одамлар орасида ҳам мавжуд бўлса! (Баъзи бир мавжудотлар ҳаётига хавф сезилса маълум бир тана аъзосини бой бериш эвазига ўзини хавфдан халос этади. Масалан, калтакесаклар думини ташлаб қочади. Актинийлар пайпаслагичларидан, қисқичбақалар қисқичларидан воз кечадилар. Фанда ана шу ҳолат “агратомия ҳодисаси” деб аталади).

Гарчи таъсир доираси заифлашган бўлса-да, ҳали Марказ мавжуд эди. У яна бир карра юртмиз ҳудудида учқундан аланга чиқариш режасини тузиб турарди. Миллатларо зиддиятлар, диний можоро чиқариш, минтақада ўзаро кескинликни вужудга келтиришни мўлжаллаганди. Мана шундай мураккаб вазиятда мамлакатимизнинг янги раҳбари Ислом Каримов, ҳаётини гаровга қўйиб, ноҳақликларга барҳам бериш талаби билан чиқди. Марказнинг муросаага келмаслиги аён бўлгач, иттифоқдош республикалар орасида биринчилардан бўлиб юрт мустақиллигини эълон қилди. Агар таъбир жоиз бўлса, ўрта асрлар Европада амалда қўлланган инквизициянинг, шўро тузуми трансплантация қилиб қўллаган ноҳақликлари мазкур журъат туфайли барҳам топди. 

Дастлабки пайтлари бу журъатни ҳамма ҳам бирдек англамагани рост. Қизиққонликка йўйганлар ҳам бўлган. Ҳадемай вазият яна ўз ҳолига қайтишига, “эски тос эски тослигича қолишига” ишониб, сўз сўзлаган, жиддий бир ҳаракат қилишдан тийилиб турганлар ҳам бўлган. Чунки, собиқ иттифоқда ўзаро иқтисодий алоқалар шундай йўлга қўйилган эдики, бир-бировнинг кўмагисиз боши берк кўчага кириб қолиш турган гап эди. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлари, Ватанимиз омборларида бор-йўғи 3-4 кунга етадиган ғалла заҳираси билан қийин шароитда қолган. Бошқа соҳаларда ҳам мана шу сингари сакталиклар вужудга келган. Аммо, доно раҳбар бошчилигида халқимиз ўзи танлаган мустақил ривожланиш йўлидан қайтмади, чеккадан берилган алдовларга чалғимади. Тарихан жуда қисқа муддатда салмоқли натижаларни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрнимизни топдик. Эндиги вазифамиз эса ана шу жойимизни мустаҳкамлаш, муваффақиятларимизни кўз қорачиғидек асраш, бунёдкорлик салоҳиятимизни юксалтиришдан иборат. Зотан, “биз ҳеч кимга қарам эмасмиз, қарам бўлмаймиз ҳам!” Мана шу ғурур ва ифтихор туйғуси устувор бўлган кўнгиллар мустақилликнинг қадрини теран ҳис қилишига шубҳа йўқ.

Ушбу ҳаёт ҳақиқатининг нақадар муҳимлигини англаб етган халқимиз, стратегик фикрлаш қобилиятига эга, ташаббускор, инсонпарвар ва адолатли юртбошиси Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига мустаҳкам қадам қўйди.

Миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари юз тутган Ватанимиз – Ўзбекистоннинг янгиланаётган қиёфасини шакллантириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган инсонпарвар ислоҳотларни амалга оширишга астойдил киришди. Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад мамлакат аҳолисининг олий қадрият деб эътироф этилган конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини ҳамда хаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдан иборат этиб белгиланди.

Ушбу мақсадга эришиш аввало узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган, халқимизни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлашдан бошланди. Барча вилоят, туман ва шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди, мурожжатларни қабул қилишнинг электрон тизими, виртуал қабулхоналар, халқ билан бевосита мулоқот йўлга қўйилди. Бугун халқ дардини, муаммосини ечиш учун, юмшоқ курсидан тушиб, салқин хонадан чиқиб, халқнинг олдига келиш, уйма-уй юриб дардини тинглаш, муаммосини ўрганиб, ечим топиш, пировард натижада халқни рози қилиш давлат идоралари ва барча раҳбар ходимларнинг биринчи галдаги вазифасига айланди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган инсонпарвар ғоя давримизнинг асосий шиорига айланди.

Бугунга кунда халқимиз, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, ёш оилалар учун арзон ва шинам уй-жойлар қуриш дастури давлат томонидан изчил амалга оширилмоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, биргина жорий йилда ана шу дастур бўйича қишлоқ жойларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ кўп хонали уй-жойлар барпо этилаётгани, 2 минг 400 га яқин ижтимоий объект, жумладан, 427 та боғча, 477 та мактаб, 216 та соғлиқни сақлаш, 29 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси ва 100 га яқин бошқа турли иншоотларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги фаолиятининг йўлга қўйилгани фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларидаги қанчадан-қанча сарсонгарчилигининг олдини олди, вақтини тежади, энг асосийси, бюрократия ва коррупцияга барҳам берилаяпти.

Иқтисодий ислоҳотлар, туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтириш, валюта бозорини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, янги-янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг банд бўлмаган қатламларини доимий иш билан таъминлаш натижасида ишсиз оилалар учун доимий даромад манбалари яратилиб, камбағалликни қисқартиришга эришилмоқда.

Ижтимоий хаётимизнинг турли соҳаларда ижобий самара бераётган бу каби ислоҳотларни ҳозир бирма-бир санаб, адоғига етиб бўлмайди, аммо катта йўл бошида турганимизда бундай эзгу ишларнинг амалга ошишига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди.

Бугун юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самараси туфайли оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб, эртанги кунга мустаҳкам ишончи пайдо бўлмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, юртдошларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмуши мисолида кўриб турибди. Бу эса фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканидан далолатдир.

Шу билан бирга, ҳали ечимини топмаган муаммолар, халқимизни ўйлантираётган масалалардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир инсон боқимандалик кайфиятини мутлақо тарк этиб, масъулият ҳиссини туймоғи, аҳиллик билан астойдил меҳнат қилмоғи, бебаҳо неъмат бўлмиш мустақилликни мустаҳкамлаш учун мен нима қилдим деб, эртанги тараққиётга ишонч билан қарамоғи лозим. Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, аҳиллик, садоқат ва тинимсиз меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг бирдан-бир тўғри йўлидир.

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг раҳбари,

юридик фанлари доктори, профессор.