Мутахассис тавсияси: Жазирама кунларда қандай ишлаш керак?
Бугунги жазирама кунларда ишлаш ҳаммага ҳам бирдек маъқул келавермайди. Бундай шароитда корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари белгиланган тартибдаги иқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат қилишлари талаб этилади. Айниқса, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цех ва бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлим меъёрда бўлиши лозим.
Меҳнат кодексининг 25, 276, 352, 359-моддалари ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Қулай иш шароитларини яратиб бериш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади.
Жазирама вақтида биноларда миқроиқлим шароитини яхшилашга ёрдам берадиган кондиционер, вентиляция, қуруқ ҳавони намлантириш ускуналари фаолиятини таъминлаш ҳамда ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш мумкин. Яъни, уларнинг дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартириш, ходимларни бепул тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.
Йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар ҳаво ҳарорати 34,2°С-36,0°С дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади. Мазкур ҳолатда режимни ўзгартириб, иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Агарда ходим очиқ майдонда, жумладан, қурилиш майдонларида, далаларда фаолиятини амалга ошираётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумий ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режими ўзгартирилиши, шунингдек, ходимлар бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши керак. Аммо бу даврда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.
Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.
Меҳнат кодексининг 21, 22, 355-моддаларига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганда, албатта, иш берувчига хабар қилиши лозим. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқласа, иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиши лозим. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир.
Об-ҳаво харорати даражаси юқори бўлган вақтларда тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш, имкон қадар кўчада ўтказиш вақтини чеклаш, ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш зарур. Шунингдек, уларга бош кийим ёки соябон билан юриш, жисмоний фаолиятни камайтириш, автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш, кўпроқ сув ичиш, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув тавсия қилинади. Энг муҳими, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари лозим.
Орифжон МИЗОМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси
вилоят кенгаши етакчи мутахассиси.