Мутахассислар йўлларнинг четидаги дарахтлар ҳолатини ўрганди

Об-ҳавонинг иссиқ ва қуруқ бўлиши ҳудудлардаги мевали ва манзарали дарахтларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг оқибатида баъзи кўп йиллик дарахтлар нобуд бўлмоқда.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти мутахассис олимлари Самарқанд шаҳар атрофидаги асосий магистраль йўллар четига экилган манзарали дарахт кўчатлари, буталар ҳолати ҳамда Оқдарё туманида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасидаги кўп йиллик манзарали ва мевали дарахтларни ўрганди.
Ўрганиш жараёнида йўллар четида экилган дарахтларни парваришлашда маълум камчиликлар аниқланди. Уларнинг баъзилари қуриб қолган ёки турли сабабларга кўра барг ташлаган.
Дарахтларда кузатилаётган касалликлар, уларни парваришлаш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш бўйича институт мутахассислари томонидан керакли ишлар амалга оширилди ва масъулларга дарахт баргларини ювиш ва баргларидан қўшимча озиқлантириш, уларни эрталаб ва кечқурун суғориш, турли зараркунандаларга қарши курашиш каби тавсиялар берилди.