Мутолаа: Бардош. Ҳикоя

Таксичиликнинг шуниси яхшики, турли феъл-атвордан ташқари, дунёнинг кўп гапидан хабардор бўласиз. Ҳатто манзилдан манзилгача гапирмай етиб борган йўловчининг туриши ҳам сизга бир маълумот-да!

Кўпингча йўловчиларнинг, ҳар қалай, суҳбатдош бўлишини истайсан. Лекин Худо асрасин, жағи тинмайдиган ёки фаросатсиз одам ўтириб қолса, хаёлингда, машинанинг ғилдираги ҳам оғир юраётгандек туюлади.

Кеча шаҳарнинг чекка кўчасида бир кампир қўл кўтарди, туришидан оддийгина. Олд томон деразасини очдим, у ҳам бошини эгиб, «Лоҳутий кўчасига олиб борасизми?», деб сўради.

- Ҳа, борамиз, хола, келинг.

- Қанча пул оласиз?

- Ўн минг-да.

Кампир шошилганча олд ўриндиққа ўтириб олди. Ёмғирда ивий бошлаган рўмоли билан юзларини артган бўлди. Мен эса одоб юзасидан «Ассалому алайкум», дедим.

- Яхшимисан, болам?

- Таксиларам сал қиммат бўлганга ўхшайдими? Бир қадам жойга 10 минг сўм бўларкан. Ҳа, энди нима ҳам дердик, карвон борки, ризқи бўлак. Сенам таксичими, болам.

Кампирнинг жайдари содда мулоҳаза ва саволлари, очиғи, кайфиятимни кўтарди. Унинг гап-сўзлари, серташвиш чеҳраси, бошидаги оппоқ рўмоли энамни эслатди. «Очиққина аёл экан», деб ўйладим ичимда.

- Шундай, хола. Ишдан кейин озроқ тирикчилик қиламан-да.

- Укамнинг олдига келувдим. Бечора қамалиб қолди. Паспортим уйда қопти, бу ташкилотда паспортинг бўлмаса, киргизмас экан. Ишқилиб, ҳеч кимнинг иши милисага тушмасин-да.

Гарчи хаёлим йўлда бўлса-да, кампирнинг самимияти эътиборимни тортди ва «Нима гап, хола, тинчликми ўзи», деб сўрадим. У киши ҳам шунақа саволни кутиб турган эканми, «пойинтар-сойинтар» гапириб кетди.

- Ҳаммага ҳам Худонинг ўзи инсоф бермаса бекор экан. Ота-онамдан қолгани шу битта укам, ёши ҳам олтмиш учга кирди. Ўзи зўр уста, қўли гул. Лекин ҳаммани ҳам ўзига яраша душмани бўларкан-да. Аслида ўзи шу ичкилик деган нарсани чиқарганнинг «падаргинасига лаънат». Ана шу касофат туфайли битта-иккита кўнгли қоралар укамнинг чакмонига дори солиб, уни ушлаб беришибди. Ҳозир тергов кетяпти.

Бояқишнинг дарди ичида экан шекилли, ҳар бир воқеага шарҳ бериб, мени диққат билан эшитяпти, деб ўйлаб гапираверди. Мен эса ҳар-ҳар замонда «ҳмм, ҳаа», деб қўяман.

- Яқинда бобойимни касалхонадан чиқарувдим. У қурғур ҳам томдан йиқилиб, бошининг қопқоғи очилиб кетди. Жуда қаттиқ операция қилишди. Ҳар қалай зўр дўхтирлар бор экан, касбу корига Худойим ривож берсин, умргинасидан барака топсин, илойим…

Кампир узундан-узоқ дуо қилиб, юзига фотиҳа тортди. Мен ҳам юзимга фотиҳа тортдим. Бу ёқда эса машина кўп, йўл тирбанд. Айниқса, шаҳарда иш кунлари одатда бу аҳвол янгилик эмас. Бунинг устига ёмғир ёғаётгани учун тез юриб бўлмайди. Кампир эса гапдан тўхтамайди.

- Бизларнинг зотимиз улуғ, болам. Оиламиз билан ҳожимиз. Ҳажга биринчи бўлиб бобойим билан ўғлим бориб келди. Ўтган йили ўзим ҳам зиёратга бориб келдим.

Йўловчининг кайфиятини кўтариш учун «Э, бунақа табаррук жойга поччам билан бормабсиз-да», деб қўйдим. Бу луқма гап кампирнинг гапини яна қўзғаб юборди.

- Э, нимасини айтасан, болам. Иккита билетга ҳам пулимиз бор эди. Режани пухта қилиб турганимизда ўғлим ўзини осиб қўйди. Яхшиям ҳамсоялар ёрдамида уни зўрға қутқариб қолдик.

- Нима, жонидан бирор нарса ўтганмиди?

- Ўғлим жуда меҳнаткаш бола. Яқинда ўғилчалик ҳам бўлди. Бирам ширин, бирам ширин, унинг қарашларига ҳавасинг келади, - Кампир ўғли қолиб неварасини роса таърифлади. Кейин уларни ҳам узоқ вақт дуо қилди.

- Унда ўғлингиз нега ўзини осди?

- Ўғлим ёмон бола эмас. Доимо ташвиш билан юради, кўп ишга улгуради. Баъзан халта-халта пул топади. Ўша куни кўчадаги беш-олтита танишларига бир кафеда зиёфат берган. Ҳалиги жўралари арағига нимадир қўшиб, уни карахт қилишган. Сўнг машинадаги ҳамма пулларини ўғирлаб кетишган. Кайф таъсирида болам нима бўлганини билмаган. Калласи жойига тушгандан кейин уйга келиб, асаби чиққанми, пулига ачинганми, ишқилиб ўзини осган. Яхшиям чолим шўрлик ҳушёрлик қилган, кўнгли негадир безовта бўлиб, айвонни айланса, ўғлимни осилган ҳолда кўрган. Худо бир асраган-да.

- Кейин нима бўлди?

- Нима бўларди, болам. Жонини сақлаб қолдик. Азоб чекмасин, яна ёмон йўлга юриб кетмасин деб, ўзимни ўрнимга отаси билан уни Умрага жўнатдим. Аммо болам ақлли бўб келди Умрадан. Худога шукр. Жудаям яхши бола бўлди. Энди умуман ичмайди, чекмайди, фақат рўзғорим, бола-чақам деб югуради.

Мен гарчи қизиқ бўлса-да, кампирнинг гапларидан зерикаётганлигимни сездим. У эса худди эртак айтгандек тутади ўзини. Шу пайт қўлидаги телефони жиринглади, ким биландир узоқ салом-алик қилди. Сўнг тез орада боришини айтиб гўшакни ўчирди. Манзилга етиб борганимизда кампир сумкасидан пул чиқарар экан, бирпас ўйланиб қолди, сўнг менга юзланди.

- Таксичи бола, мана шу ер менинг уйим, лип этиб паспортимни олиб чиқсам, мени бояги жойга яна элтиб қўясанми? Яна такси ушлаб овора бўлиб ўтирмай…

Мен рози бўлиб тезроқ уйга кириб-чиқишига ишора қилдим. Кампир ҳақиқатан ҳам уйига чопқиллаб бориб, чопқиллаб қайтди. Озгина бўлса-да, ташқарида ёғаётган ёмғирнинг гўзаллигига қараб тин олдик. Барибир табиатнинг ўзи одамга яхши кайфият бағишлайди-да. Шу алфозда яхши қўшиқ эшитиб, ҳузур қилиб турсам, кампир ҳовлиқиб келиб қолди. «Кутиб қолмадингми?» деб сўраган бўлди-ю, «Кетдик, болам, тезроқ ҳайда» деб қисталанг қилди.

- Милисахонага жиянларим ҳам келишибди. Дадамнинг олдига бирга кирамиз, тез келинг, дейишяпти. Аммагинаси ўргилсин, ўзим катта қилганманда уларни. Шунинг учун уйдан чақ-чуқ, туршак олдим, ҳар на қуруқ боргандан кўра… Сенам уйлангансанми, болам?

- Ҳа, хола. Битта ўғлим бор.

Кампирнинг жағи яна очилиб кетди.

- Умрингдан барака топ. Ана шу ўғлингга мабодо яна туғилса, уларга ҳам ўзинг бош бўл. Узоғимни яқин қиляпсан. Худойим нимаики мушкулинг бўлса, илоҳим осон қилсин. Қайда бўлсанг ҳам Аллоҳнинг паноҳида бўл. Йигит бошинг эгилмасин, номардга ишинг тушмасин, ҳамиша омадингни берсин.

Кампир яна алланарсалар деб дуо қилди, юзига фотиҳа тортди. Бу яхши гаплардан кўнглим кўтарилса-да, унинг кўп гапирганидан феълим айниб турди. Кампир эса худди фикримни билгандай яна жавради:

- Ҳар доим дуо олиб тур, болам. Дуода гап кўп. Мен уйқумда ҳам дуо қиламан. Мана кўрасан, менинг дуомни олдинг. Бугун ишларинг омадли бўлади. Ишқилиб топганингни баракасини берсин. Ўтган куни қизимнинг ўлган куни эди. Бояқиш, болам жуда ёш кетди-да! Болалари чирқираб қолди. Кўп қатори ковид деган балога дуч келди, ўпкасига ўтибдими, қайтиб ўнгланмади. Э-э-э, тақдир экан, ишқилиб ҳамманинг ҳам боласи орқада қолсин экан… Дунё ҳам шунақа бир нарса эканки, яхши кунинг ҳам, ёмон кунинг ҳам сендан сўрамай ўтиб кетаверар экан. Ташвишлар билан бўлиб, умрингни қандай ўтганини ҳам билмай қолар экансан.

Нима учундир хола бирдан мунгли тус олди. Қайтиб гапирмади. Фақат машина деразасидан ёмғир томчиларига термулиб бораверди. Очиғи, унинг ҳомуш чеҳрасига раҳмим келди. Назаримда ичида тангрига юрагидаги ўтинчини айтяпти. Ичида пичирлаб айтяпти.

- Келдик, хола.

- Э, келдикми, барака топ болам.

Кампир сумкасидан пулни олиб узатар экан, яна дуога қўл очди.

- Раҳмат, болажоним, касб-корингга барака берсин, бирингга минг берсин. Илоҳим, яхши ниятларингга ет. Ўзингни эҳтиёт қил, болам.

Очиғи, хаёлларим чувалашиб кетди. Кампирнинг сиймоси шууримга жойлашиб қолди. Менинг юрагимнинг ҳам қаеридадир оғриқ пайдо бўлганга ўхшади. Сергап деган бу аёлнинг шунча дардни кўтариб юрганига ишонгинг келмайди. Бунча чидам, бардошни қайдан олган экан у? Наҳотки одамни ана шундай синов учун яратган. Биз оддийгина, соддагина деб ўйлаган ҳар бир киши ҳам ана шундай ташвишлар оғушида бўлиши мумкинлигини ўйласам оғриниб қоламан. Лекин бу имтиҳонларга чидаб, кампирдай дунёнинг умидини кифтига олиб юрган аёллардан ўргангим келади. Ваҳоланки, заминни тутиб турган бир жуфт кафт, мабодо ҳолдан тойса, унинг учун дунё ҳам тугайди. Яхшиям ана шу жуфт кафтни йўловчим бўлган кампир каби бардоши мустаҳкамлар ушлаб турибди.

Темурбек Тойиров.