Мутолаа: Даллол. Ҳикоя

Эркинжон Умаров

Бу воқеа ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар ўрталарида бўлиб ўтган, маҳалладошларимиз воқеани узоқ вақт ёр-биродарларига ва фарзандларига ибрат сифатида айтиб юрганди. У вақтлар мен 7-синфда ўқирдим.

Маҳалламизда Нозим даллол исмли киши яшарди. Даллол туманимизда ва қўшни туманларда бозор бўладиган кунлари мол бозорларида олдига ёш қизини олиб, даллоллик билан шуғулланарди. Уни яқиндан танимасам-да, бобом у ҳақида гапирганида ижирғаниб, худди бирор-бир жирканч нарсани босиб олгандек гапирар, иложи бўлса, у ҳақида сўзламас, бошқаларга ҳам даллол исмини тилларига олмасликни уқтирарди. Раҳматли бувим “Нозимбой эски ҳунарини ташламабди-да”, деса бобом бир сўкиниб олар, “Бир куни унинг бу ҳаром иши бошини ейди”, деб қўярди.

Бобомнинг бу сўзига, нега бундай дейишига қизиқдим. Жума бозор кунларининг бирида дадамни қўярда-қўймай мол бозорига олиб бордим. Дадам “У ерда нима қиласан ёш бола бўлиб?”, деб ҳайрон бўлди. Мен эса бозорга етгунча асл мақсадимни айтмадим.

Эрталабки соат беш яримларда бозорга етиб бордик. Май ойи бўлгани учун тонгдан ҳаво иссиқ, қилт этган шабада йўқ. Аммо бозор аллақачон гавжум: ким ёш қўзисини мақтаган, ким сигирининг кўп сут беришини бақириб мақтайди. Одамлар ва ҳайвонларнинг кўплигига лол бўлиб қолдим.

“Хўш, Абдураҳмон, бу бозорнинг нимасини кўрасан?”, сўради дадам. Бироз индамай тургач, асл мақсадимни айтдим:

- Маҳалламиздаги Нозим ака бор-у, қизи Ширина билан бозорга чиқади, дейишади, ўшани бобом доим ёмонлайди. Шуни кўрмоқчиман.

Дадам аввалига ҳайрон бўлиб қолди. Яна қайтарчи, дегандек менга тикилди. Ниятим қатъий эканлигини билгач, секин ва салмоқли сўзлади:

- Майли, сен айтганча ҳам бўла қолсин. Бироқ сен даллолнинг ишини яхшилаб текшириб олгач, мен сенга бир насиҳат айтаман, ўнг қулоғинг билан ҳам, чап қулоғинг билан ҳам уқиб олгин, хўпми?

Мен хўп, дедим. Дадам мени бозорнинг чеккароғидаги девор томонга бошлаб кетди. Сал юргач “Шу гўдакка раҳм қилинг, шу бечорага раҳм қилинг, бечоранинг шу бузоғидан бошқа бойлиги йўқ. Шуни сотиб, пулини касал онасига олиб борса, давоси учун пул чиқади”, деяётган даллолга яқинлашдик. Бу ўзимизнинг Нозим ака эди. Мени унинг бақириши-ю, шанғиллаб дунёни бузиши эмас, ёнида кўзларида ёш билан (ҳа, айнан ёш билан) мунғайиб турган Ширинанинг аҳволи ҳайратда қолдирган эди. Чунки даллол ҳақида яхши билмасам-да, мендан икки синф пастда ўқийдиган Ширинани яхши танир ва унинг онаси соппа-соғ эканлигини, тўйма-тўй юриб, даврабошилик қилишини яхши билардим. Бундан ташқари, Ширина ёлғиз фарзанд эмас, унинг 9-синфда ўқийдиган акаси ҳамда иккита синглиси ҳам бор эди. Ҳайратимни яшира олмай, дадамга савол бердим:

- Дада, ахир бу одам ёлғон сўзламаяптими?

Дадам ҳам нафрат, ҳам юзида ним табассум билан менга ўгирилиб қаради-да, “Юр нарироққа”, деди.

Даллолнинг шанғи овози етмайдиган тинчроқ жойга боргач, дадам чуқур уф тортди-да, менинг бир умр ёдимда турадиган пурмаъно сўзларини айтди:

- Болам, бу даллолни бобонгнинг ёмон кўриши шундан. Бу кимса ҳаромдан қўрқмайди. Ёлғонни сувдек ичиб юборган. Одамларни алдаб, бировдан арзон-гаров олган мол-қўйларини бошқаларга ёлғон ва ҳийлалар билан жуда қимматга сотади. Энг ёмони, ўзининг бу ярамас иллатига ёш гўдагини ҳам тортаётгани. Ўзининг гуноҳлар ботқоғига ботаётгани етмагандек, покиза қизини ҳам ёлғону ҳийлаларига шерик қилаётгани. Шуни унутмагинки, Аллоҳ таолонинг наздида энг катта гуноҳлардан бири бу ёлғондир. Чунки ёлғон ва алдов нафақат ёлғон эгасининг ўзига, балки оиласига, жамиятга ва Ватанга ҳам катта зиён, ҳеч эвини қилиб бўлмас муаммолар келтириши мумкин.

“Балки, - деди дадам бир оз тин олиб, - балки, сен нега одамлар Нозим даллолнинг бу ишларига кўз юмяпти, деб савол бермоқчидирсан. Аҳвол сен ўйлаганчалик эмас. Уни яқин қариндошлари ҳам, маҳалла-кўй ҳам бу йўлдан бир неча марта қайтармоқчи бўлишди. Бироқ у пулнинг кучи биланми ё ўзига ўхшаган ҳаромтомоқ амалдор улфатларининг ёнини олиши биланми, хуллас, қандайдир қўлловлар билан ҳеч кимнинг сўзини олмади. Ким насиҳат қилмоқчи бўлса, юмма талади. Ўзига қўшилиб, аёли ҳам одамларни ёмонотлиққа чиқарди. Бора-бора даллолнинг бойлиги кўпайиб боргани сари унинг ёр-дўстлари ҳам камайиб борди. Охир-оқибат у яхши дўстларсиз, хешу ақраболарсиз қолди”.

Дадам жим қолди. У худди менга эмас олисдаги тоғларга сўзлаётгандек бўларди.

- Абдураҳмон, инсон ҳаётидаги ҳар бир яхшидан ҳам, ёмондан ҳам ибрат олиб яшаши керак. Даллол фақат содда одамларни алдаяпти. Аммо сен ўқигин, яхши инсон бўлгин. Келажакда қўлингдан келса, жамиятдаги иллатларни тозаловчи касб эгаси бўлгин.

Дадам менга кулиб қаради-да, бошимни силаб, “юр кетдик”, дея бозор эшиги сари юрди. Биз бозордан чиқиб кетар эканмиз, қулоғим остида Нозим даллолнинг “бола бечорага раҳм қилинг”, деган сўзлари кетмасди.

Орадан бир неча йиллар ўтди. Нозим даллол маҳалладаги энг бой инсонлардан бирига айланди. Данғиллама уй солди. “Нексия” олди. Бобом эса уни ҳамон ёмон сўзлар билан эсларди.

1997 йилнинг декабрида қишлоғимизга нохуш хабар келди. Нариги маҳаллада молларни юклаб келаётган оғир машина жарликка ағанаб кетибди. Ҳайдовчи ҳам, унинг олдидаги йўловчи ҳам, моллар ҳам аралаш-қуралаш бўлиб ётган жойга синфдошларим билан югуриб бордик. Биз жар тубига тушганимизда одамлар ўлган, чала ўлган молларни, машинанинг синиб, пачоқ бўлиб кетган ускуналарини, кузов ва буферларини, бордачоклари-ю, ойна тозалагичларини торта-торта йиғиштиришаётган экан.

Ногоҳ сувчи Салим аканинг “Воҳ!” деган овози эшитилди. Ҳамма у тарафга беихтиёр югурди. Одамларни оралаб, олдинга ўтиб қараганимда кўз олдимда мудҳиш манзара ётарди. Бир катта ҳўкиз қонга беланиб ётар, унинг ёнидаги мурда ўша даллол Нозим ака эди…

Бобом ҳам, дадам ҳам шу воқеадан кейин даллол ҳақида гапирмайдиган бўлди. Ўлганнинг ортидан ёмон гапириш яхши эмас. Аммо одамлар узоқ вақт ёр-дўстларига, фарзандларига бу воқеа ва ундан чиққан ҳиссани ибрат тарзида сўзлаб юрди.

***

Муаллиф ҳақида: Эркинжон Умаров (Бўстоний) Андижонда камол топган. Ҳозирда Нурободдаги 64-мактабга келиб, ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ беряпти. Ижодкор муаллим ташаббуси билан қишлоқ ижодкорларининг “Тим саломи” адабий альманахи чоп этилган. Яқинда Намангандаги “Истеъдод зиё-пресс” нашриётида олий тоифали ўқитувчининг "Меҳр соҳили” китоби чоп этилди.