Мутолаа: Энг муҳим сўз - ТИНЧЛИК сўзи. Ҳикоя
Пьер Гамарра
Бу воқеа кечқурун синфда, дарслар тугагандан кейин содир бўлди. Болалар уйга кетишди, ўқитувчи дафтарларни текширди, синф журналини олиб қўйди, китоб жавонларини ёпиб у ҳам кетди.
Синфда сукунат ҳукм сурди. Жим-житлик, бирорта ҳам овоз чиқмайди. Мактабда бундай сукунат бўлиши мумкинлигига ишониш қийин. Тўсатдан китоб жавонида бир нарса ғичирлади, кейин шитирлаб, яна ғичирлади. Китобларнинг муқовалари шовқин билан очиларди, саҳифалар шитирлаб, ҳайқириқ ва чақириқлар эшитилди... Сўнг калит тешигида кичкина одам пайдо бўлди, у бошини чиқариб атрофга қаради ва орқасига қараб нимадир деди. Сўнг тезда полга қараб туша бошлади. Унинг орқасидан иккинчи, учинчи, ўнинчи ва йигирманчи одамчалар пайдо бўлиб, уларнинг ҳаммаси ерга туша бошлади.
“Булар ким экан?”, деб ўйлади ўқитувчи столи устида турган қари сиёҳдон. - “Улар жуда таниш, мен уларни қаердардир кўрганга ўхшайман”. Шу он қари сиёҳдон бу митти одамларни таниди. Ахир бу унинг барча сиёҳлари, уларни ёзишга сарфланадиган сўзлар-ку. Улар қалам билан ҳам, тахтада бўр билан ҳам ёзилади ва китобларда босилади.
Митти сўзлар калит тешикидан чиқиб келаверарди, уларнинг кўплари оёғи орқали стол устига кўтарила бошладилар. Тез орада ўқитувчининг столи кўп одам тўпланган майдонга ўхшаб қолди. Уларнинг ҳаммаси хавотирда бўлиб, шовқин-сурон кўтаришарди, тортишишарди, ҳаммаси бир овозда гапирарди - бу ғала-ғовурда ҳеч нарсани тушуниб бўлмасди.
Сиёҳдон жимгина нима бўлишини кутиб турарди...
Қаттиқ овоз эшитилди:
- Жим! Жим! Ҳаммангиз тинчланинг!
ЖАЗО сўзи овозини баландлатди. Жиддий сўз, у доимо сояда қолишни афзал кўради, лекин қўпол ҳаракатларни сергаклик билан кузатади. Яхши кўриш учун у темир гардишли катта кўзойнак тақади ва ҳамма нарса ҳисобга олинадиган эслатмалар дафтарини олиб юради.
- Жим бўлинг, - деди ЖАЗО, - акс ҳолда фаррош аёл эшитиб қолади, шунда қочиб қутула олмайсиз.
- Асло, фаррош аёл бизга ҳеч нарса қилмайди, у ёқимтой аёл, деб эътироз билдирди БИРОДАР сўзи. – Ахир биз бу ерга раис сайлаш учун йиғилдик-ку. Шундай экан дарҳол ишга киришайлик, энг ақлли, меҳрибон ва энг адолатли сўзни танлайлик.
- Ҳа, ҳа, - шивирлади оломон, - муносиб сўзни танлайлик! Болалар бизни ҳаддан ташқари бузиб, қўпол хатолар билан ёзиб ранжитганда ҳаммамиздан вакил қилиб ўқитувчига юборамиз.
- Айтганча, - чийиллади СИЧҚОН сўзи, масалан, мени ҳар доим хато билан ёзишади.
- Улар мени ҳам хато билан ёзади, шунда мен ғазабдан қайнаб тиканларимни ёйиб қўяман, - дея минғиллади ТИПРАТИКОН сўзи.
- Дўстлар, келинг ўтган гапларни эсламайлик. Болалар ҳали ёш, улар ҳамма нарсани бирдан эслаб қололмайди. Агар дангасаларни ҳисобга олмасак...
- Ҳурматли МЕҲРИБОНЛИК сўзи, ижозатингиз билан гапингизни бўлсам, - деди СОАТ сўзи – биз чалғияпмиз, вақт эса ўтиб боряпти! Сайловни бошласак! Хўш, ким раис бўлишни хоҳлайди?
- Фақат мен эмас, - деди ЖУРЪАТСИЗЛИК сўзи хижолат тортиб, - ҳар бир қарашдан мен гилос каби қизараман.
- Мен!!! ТЕМИР сўзи чинқириб юборди ва муштини шу қадар қаттиқ урдики, ўқитувчининг столи ва барча сўзлар қалтираб кетди. – Мен раис бўлишни хоҳлайман! Менинг кучли муштим борлигини кўряпсизми? Ким менга овоз беради?
- Э, йўқ, тўхтаб тур, кучли мушт кифоя эмас, раис ҳамма томондан эътироф қилиниши керак, ҳамма уни яхши кўриши керак, - деди ОЛТИН сўзи. – Менинг сочларимга, кийимларимга қара, мен жилваланиб, ярқираб тураман ва мени яхши кўришади. Энг севимли сўз мен бўламан.
- Мен буни нотўғри деб таъкидлайман: ҳамма ҳам олтинни севмайди ва бахт бойликда эмас, қатъиян эътироз билдирди ЮРАК сўзи. – Энг севимли сўз, бу – ОНА! Ким мен билан баҳслашиши мумкин? Ҳеч ким! Раисимиз сифатида ОНА сўзини танлашимиз керак!
Орадан оғзи овқатга тўла ШЎРВА сўзи суқилиб чиқиб, ноаниқ ғўлдиради:
- НОН сўзи ҳақида нима дейсиз? Уни ҳам ҳамма яхши кўради. Нонсиз қолишни истайдиган одам йўқ бўлса керак.
- Мен айтсам майлими? – қудратли овоз янгради ва ҳамма улкан шар сингари сўз олдида икки томонга сурилиб йўл очди.
- Дўстлар, - деди ЕР сўзи, - мен ДЎСТЛИК сўзини сайлашни таклиф қиламан.
Сўзлар ўйланиб қолишди, гувиллашди, баҳслашишди. Раис танлаш осонми, ахир?
Тўсатдан ОНА сўзи ҳаммага мулойим қўлларини чўзди:
- Сўзлар, менга қулоқ солинг, мен кимни раис этиб сайлашимиз кераклигини биламан. Бу ҳамма учун зарур, жуда муҳим сўз. Тўғри, у қисқагина, бироқ у ўзида СЕВГИ, НОН, УЙ, ОНА, МУҲАББАТ ва ДЎСТЛИК каби сўзларни мужассамлаштиради.
- Биз биламиз, биз бу сўзни биламиз! – бақириб юборишди сўзлар. – Бу ТИНЧЛИК сўзи! Биз уни танлаймиз! ТИНЧЛИК бор бўлсин!
Танланган сўзни ёқтирмайдиган сўзлар ҳам топилди. ҲАСАД, ҒАЗАБ, ОЧКЎЗЛИК ва УРУШ - улар камчилик эди, ачинарли бир сиқим. Улар қоронғу бурчакка чекиниб, бирлашишди ва умумий хурсандчилик олдида ҳатто қимирлашдан қўрқишарди.
Барча сўзларнинг раиси – ТИНЧЛИК сўзи олдинга чиқди ва баланд овоз билан деди:
- Раҳмат биродар-сўзлар! Мен сизнинг ишончингизни оқлайман!
- Энди қайтиш вақти келди, деди ИШ сўзи қўлларини бир-бирига ишқалаб, - ҳамма ўз жойига қайтсин, янги кун, янги дарс яқин ва биз унга тайёр бўлишимиз керак.
Сўз-одамчалар китоб жавонига югуриб бориб, унинг эшигига тирмашиб чиқди ва бирин-кетин калит тешигида ғойиб бўла бошлади.
Ўқитувчининг столида фақат ҳамма нарсани кўрган ва эшитган сиёҳдон қолди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.