Мутолаа: Ғор (ҳикоя)

Воқиф Султонли.

Улар икки киши эди. Бири жингалак, малла сочли, бошқаси новча, чўққисоқол. Қўлларидаги белкурак ва чўкич билан ғор ичида қазишма ишларини олиб боришарди.

Бир неча кундирки, ғайриоддий топилмалар бу икки ажнабий олимни тамомила сеҳрлаб қўйганди. Уларни бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасди. Айтишларича, улар ғордан топган топилмаларнинг ҳар бири камида минг йиллик тарихга эга эди. Милоддан бир неча аср илгари ҳам бу ҳудудда қадим маданият излари мавжуд бўлганини кўрсатувчи далиллар топишганди. Улар ўзлари истаган нарсаларни топган бўлса-да, қазишни давом эттиришарди.

– Қаранг, мана бу қолдиқлар жуда қадимий тамаддундан дарак бермайдими? – сўради малласоч эркак қўлидаги суяк парчасини тупроқдан тозалаб, оқ мато устига қўяркан.

Чўққисоқол шериги қарамасдан:

– Агар буларни юзага чиқарсак, бутун дунё археологиясида катта янгилик қилган бўламиз, — деди.

…Бирмунча нарида ғорни эслатувчи қазма даҳмада қочоқ оиласи яшарди. Оила эр, хотин ва уларнинг ўн бир ёшлардаги ўғилчасидан иборат эди. Оиладаги катта ўғилни арманлар асир олишганди.

Оила бошлиғи бир қазма ғорни икки йил аввал уй қилиб олганди. Аввалроқ улар сал нарида жойлашган қочоқлар лагерида яшашарди. Уларнинг чодири жуда тор эди, бундан ташқари қишда совуқдан, ёзда чанг-тўзондан ичкарида туриб бўлмасди. Ёмғир ёққанида чодирни сув босар, тупроқнинг рутубати ҳафталаб сақланиб қоларди. Ғорда яшаш чодирга нисбатан анча яхшироқ эди. Оиланинг бошчиси аввал археологлар ишлаётган ғорга кўчиб кирмоқчи бўлди. Аммо ғорнинг жуда кенглиги, чуқурлиги, суяк-савоқларга тўлалиги уни фикридан қайтарган, айнан шу ғорга ўхшаш бу қазмада жойлашишни афзал билганди. Бир ҳафта ҳаракат қилиб, бу қазмани яшаш учун яроқли ҳолга келтиришди.

Қазманинг бир эшигию бир деразаси бор эди. Деразани сувқоғоз билан ўрашганди. Эски брезент парчаси эса эшик вазифасини бажарарди.

Қочоқликнинг илк даврида ҳар куни жой алмаштиравериб, бола мактабга чиқолмаганди. Кейин чорасизликдан чодирга кўчишганди. Бу яқин орада мактаб бўлмагани учун у дарсга чодир шаҳарчаси ёнида жойлашган қишлоққа борадиган бўлди. Аввалига бола мактабга боришни истамас, тенгдошлари ундан уч синф юқорида ўқишгани учун уяларди. Бир тарафдан йўлнинг узоқлиги уни чарчатарди. Бир неча кун давомли дарсга бормагани боис синф раҳбари орқасидан қидириб келарди. Бола ўқишни истагани учун эмас, кўпроқ муаллими унинг изидан келишини истамагани учун ҳам дарс қолдиришни истамасди.

Ўтган йилдан бошлаб, қочоқлар шаҳарчасида эски юк вагонида мактаб очилганди. Энди ўқиш учун шунча йўлга бориб келишга ҳожат қолмаганди.

Бу икки ажнабий олимнинг яқиндаги ғорда қазишма ишларини олиб бориши боланинг қизиқишини оширганди. Улар ғор яқинида тиккан мовий чодир ва ундан чиқадиган турли мусиқа садолари узун антеннали, қора ойнали "Жип" машинаси, атрофга сочилган бўш консерва банкалари, кечалари чодирни ёритиш учун ғуриллаб ишлаб турадиган электрик қурилма – ҳамма нарса уни ўзига жалб этарди. Унга ҳаммадан ёқимлиси, ушбу қурилма уларнинг ҳам бошпанасини ёритиб туриши эди.

Бу ерга келган илк оқшомлари шу икки археологни меҳмонга чақиришганди. Отаси меҳмондўстлиги сабабли қочоқликдан олдинги даврларда уйларида ҳар куни меҳмон бўларди. Онаси археологларни ғариб мусофир деб билар, уларнинг бирор кам-кўстига ёрдам беришни истарди.

Меҳмонлар келган куни, ичкарини ёритиш учун бир ўрам сим олиб келиб, ҳалиги қурилмадан уйларига электр олиб киришганди. Меҳмонлар онаси пиширган қайноқ юпқа ва товуқ қовурмасини ейишаркан, атрофни ҳайрат билан кузатишар, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ турли саволларни беришарди. Меҳмонлар ярим кечагача уларнинг қазма ҳужрасида ўтиришди.

Кундузлари электр қурилмаси ўчирилар, фақат кечалари ишлатиларди, шунинг учун чироқ фақат кечқурун бўларди.

Шу икки ажнабий ғорда ишларкан, улар чироқ ғамини емасалар ҳам бўлади.

Ғорда қазиш ишлари бошланганда, илгари ҳамма нарсани бефарқ кузатадиган боланинг энди ҳамма кўрган нарсаларига муносабати ўзгарганди. Энди у отасини саволга тутишдан чарчаганди.

– Дада, улар ким, бу ерда нима қилишяпти?

– Улар археолог. Қазишяпти. Ўтмиш изларини қидлиряпти.

Эртаси куни бошқа саволлар туғиларди:

– Болаларнинг айтишича, улар олтин қидиришаётганмиш.

– Балки…

– Нега биз ҳам ўз уйимизни қазмаяпмиз?

– Уйда қазилма ишлари олиб борилмайди, болам. Қазилмани ғорларда олиб боришади.

– Ахир, биз ҳам ғорда яшаймиз-ку, онам шунақа деди.

–У ҳазиллашиб айтгандир, – ота ичида аёлини яниб қўйди.

Бир куни кечаси бола қатъият билан:

– Ота, мен катта бўлсам, археолог бўламан, — деди ғурур билан. – Қадим тарихимизни ўрганаман.

– …

Отаси жавоб бермади.

Бола эрталаб ётоқдан ҳавас билан уйғониб, ҳар кунгидек бир финжон сут билан бир парча нонни еб, қочоқлар шаҳарчасидаги мактабига йўл олди. Бугун ўзини бошқа бир оламда ҳис этди. У қатъий қарорга келди – катта бўлса, археолог бўлади. Боланинг тасаввурига кўра, мактабда ҳамма унинг бу сирли орзусидан хабардордек эди.

Дарсдан кейин отаси уни бир топшириқ билан юборди. Отасининг топшириғини аъло даражада бажариб келди. Уйга қайтганида қош қорайганди.

…Ҳар доимгидек, археологларнинг мовийранг чодиридан мусиқа овози келарди. Икки археолог белкурак ва чўкичларини бир тарафга ирғитиб, ҳордиқ чиқариш учун йиғма каравотга узанишганди. Балки уларнинг бу ётиши чарчоқдан эмас, уларни кутаётган шуҳратнинг сарин шабадасидан сархуш бўлишганди.

..Бола эса қазманинг атрофида тўхтаб, эртанги дарсларини тайёрлаш учун электрик қурилманинг ишга тушишини кутарди. Ахир, у улғайиб археолог бўлиши, шунга ҳозирлик кўриши керак.

 Озарбайжончадан Рустам Жабборов таржимаси.