Мутолаа: Капалак
Шаҳар ҳар кунгидек улкан ғала-ғовур оғушида. Асаббузар автолар кўчаларни баттар шовқин-суронга тўлдириб юборган. Одамлар на ғала-ғовурларга, на шовқинларга асло парво қилмай, шошган-шошган. Шовқин аллақачон уларнинг кундалик ҳаётига сингиб кетган.
Кўчалар лиқ тўла шовқин. Метролар тирбанд. Милиционернинг ҳуштаги, автоларнинг чинқириғи бир зум тинмайди. Бақир-чақирдан одамларнинг қулоқлари қоматга келган. Асабий, телба-тескари суҳбатлар авж пардаларга кўтарилади:
– Йўл берсангиз-чи, анграймай!
– Мунча ҳовлиқасиз?..
– Ҳе, оғзингизни юминг.
– Сиз ҳам оғзингизга қаранг.
– Оғиздан олдин кўзга қараш керак, галварс!
– Кўриб-кўрмасликка олади-я.
– Ҳозир ҳамма шунақа…
– Қулоғиям карга ўхшайди.
– Фақат меники эмас.
Яна автолар фарёди. Бақир-чақир авжида. Шаҳар шовқинга ғарқ бўлган. Қайсидир кўчада водопровод қувури ёрилган шекилли, бульдозер ҳайқириб ер ковлаяпти. Яна бир кўчада ола-тасир асфальт ётқизиляпти…
Тирбанд кўчадан тобут кўтариб боришяпти. «Бир текис кўтаринглар», деган шовқин эшитилади. Мусиқани вадаванг қўйиб, қий-чув қилиб кетаётган тўй машиналари тобут кўтарганларни қувиб ўтмоқчи…
Йўлак четидаги турфа гуллар қийғос очилиб ётган кичик гулзорда бир беозор капалак оҳиста учиб юрибди. У шовқинга ҳам, бақир-чақирга ҳам парво қилмай майин қанот қоқади. Завқланиб учади. Ана, капалак бир гулга қўниб, унинг ҳидидан маст бўлиб, бошқа гулдан завқ олиш учун яна қанот қоқди. У гулдан-гулга қўниб, улардан бўса олаётганга, гуллар билан сирлашаётганга ўхшайди… Унинг шовқинзор билан асло иши йўқ…
Она
Она бедаво дардга йўлиқди. Давонинг нархи баланд эди…
Онанинг беш фарзанди бор эди. Икки ўғил ва уч қиз. Улар уйли, жойли бўлиб, бир-бирига суяниб яшашарди. Чунки уларнинг ҳам фарзандлари бўлиб, рўзғорларини амаллаб тебратишарди. Оталари икки йил бурун қазо қилган эди…
Фарзандлар ўзаро маслаҳатлашиб қўлларидан келганча оналарига мадад бўлиш, бирор-бир ёрдам бериш учун йиғилдилар. Она уларнинг ҳол-аҳволини кўриб, дардини достон қилмади. «Дўхтирлар ташхис қўйишда янглишибди, – деди. Сўнг секин шивирлади: – Мен соппа-соғман, жоним болаларим, ҳеч нарсани ўйламанглар, ташвиш чекманглар».
Болалар аста бошларини кўтариб, бир-бирларига «хайрият» дегандай енгил нафас олдилар.
Она, шўрлик ва меҳрибон она бир ҳафтадан сўнг вафот этди. Доно ва оқила она дардини ўзи билан олиб кетди.
Яхши хотин
– Мухторжон, нима гап? Уйда жанжал бўлдими, дейман?
– Хотин билан яна озгина жанжаллашдик-да, оқсоқол.
– Жанжал қилдингми ё келинни урдингми?
– Шу, тили чаён. Гап қайтарганида оғзи ёпилмайди. Шунга урдим.
– Урганингда хотининг кўчага қочдими ё уйга кирдими?
– Ўзини дарров уйга урди. Нимайди?!.
– Гап қайтариш хотинларга теккан бедаво касал. Энди хотинни урма, бола. Қайтиб қўлингни теккизма, келин яхши хотин бўлади.
Нон ва дори
У ҳар куни ишга боради ва ҳориб-толиб қайтади. Аввал дўконга кириб, узоқ саралаб нон харид қилади. Сўнг кўчанинг нариги томонидаги дорихонага кириб, талашиб-тортишиб дори сотиб олади.
Аввал мазза қилиб нон ейди, сўнг ҳузур қилиб дори ичади.
Учта банан
У ишдан қайтишда уч нафар фарзандига гоҳ уч дона банан, гоҳ уч дона шоколад харид қилади. Кўпроқ банан, албатта. Бундан болалар бениҳоя хурсанд бўлиб, бананни олишлари билан уйни бошларига кўтаришади:
– Дадам банан олиб келдилар.
Сўнг қўлларидаги бананларни пўстидан айириб, бир-бирларига мақтаниб ея бошлайдилар.
Бобо билан буви бир-бирларига сездирмасдан қараб, тамшаниб қўяди. Иккаласи ҳам беихтиёр «Мен боламга, болам боласига», деган мақолни эслайди…
Ашурали ЖЎРАЕВ.