Мутолаа: Кетди. Ҳикоя
Антон Чехов
Тушлик қилишди. Ошқозон томонида кичик бир ҳузур-ҳаловат сезилиб, оғизлар эснаб кетди, пинакдан кўзлар торая бошлади. Эр сигарани ёқиб диванда чўзилиб олди. Хотин унинг бошига ўтириб олиб хиргойи қила бошлади. Иккаласи ҳам бахтли эди.
- Нима гаплар, - эснаганча сўради эр.
- Нимани айтиб берсам экан... Мм..Ҳа! Эшитмадингизми? Софи Окуркова турмушга чиқяпти, биласизми кимга... ҳалиги... фон Трамбга! Қандай машмаша, шармандалик!
- Нимаси шармандалик экан?
- Ахир Трамб ярамас-ку! У шунчалик разил... шунчалик уятсиз, ноинсоф одам! Мунофиқсиз, ахлоқсиз! Графнинг иш бошқарувчиси эди – бойлик орттирди, энди у темирйўлда хизмат қиляпти... у ерни талон-торож қиляпти. У ҳатто ўз синглисини шилиб кетди. Қаллоб ва ўғри, бир сўз билан айтганда. Шунақа одамга турмушга чиқиш?! У билан яшаш?! Ҳайронман! Шундай одобли қиз... ва мана сенга! Мен бундай шахсга ҳеч қачон турмушга чиқмаган бўлардим! У миллионер бўлса ҳам! Қанчалик чиройли бўлса ҳам, унга тупурган бўлардим! Бундай разил эрни ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман!
Хотин сакраб ўрнидан турди, қизариб кетган ва ғазабланган бўлиб хонани айланиб чиқди. Самимийлиги аниқ эди... Кўзлари ғазабдан ёнарди...
- Бу Трамб шундай махлуқки, бундай жанобларга минг карра калтафаҳм ва жирканч аёллар турмушга чиқади!
- Хўўш... Сен албатта чиқмаган бўлардинг... Ҳа... Хўш... Мабодо сен менинг ҳам... жирканч эканлигимни билиб қўйсанг, нима қилган бўлардинг?
- Мен? Сизни ташлаб кетардим! Бир сония ҳам сиз билан қолмасдим! Мен фақат ҳалол одамни севишим мумкин! Агар Трамб қилган ишларининг камида юздан бирини қилганингизни билиб қолсам, ўша зумда... Унда Adieu! (Алвидо - французча)
- Хўш... Ҳм... Сен ҳалиги... Билмаган эканман. Хо-хо-хо... Ёлғон гапирсаям, қизармас экан бу хонимча!
- Мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман! Ёмонлик қилиб кўринг-чи, ўшанда кўрасиз!
- Уриниб ҳам кўрмайман. Ўзинг яхши биласан... Керак бўлса мен сенинг фон Трамбингдан ҳам ўтказвораман. Трамб менинг олдимда кичкина чумолича. Кўзларингни катта қиласанми? Жуда ғалати... (жимлик). Сенингча, мен қанча маош оламан?
- Йилига уч минг.
- Бир ҳафта олдин сенга совға қилган шода маржон қанча туради? Икки минг... Шундай эмасми? Ҳа кечаги либос беш юз... Дала ҳовли икки минг... Хо-хо-хо. Кеча отанг тиланчилик қилиб мендан бир ярим минг сўраб олувди...
- Пьер, азизим, қўшимча даромад ахир...
- Отлар... Уй шифокори... Шляпадўз хотин ҳисоб-китоблари... Учинчи куни қарта ўйинида 100 танга ютқазиб қўйганингчи?!
Эр ўрнидан туриб, бошини муштлари билан тираб, айблов хулосасини ўқиб кетди. Ёзув столига бориб, хотинига бир нечта ашёвий далилларни кўрсатди...
- Энди хонимча, фон Трамб менга нисбатан арзимас чўнтак ўғриси эканлигига ишонч ҳосил қилдингми? Adieu! Энди жўна ва бундан буён бировларни қоралама!
Тамом. Эҳтимол ўқувчи савол берар:
- Хотин эрини ташлаб кетдими?
- Ҳа, кетди... фақат бошқа хонага.
Русчадан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.