Мутолаа: Конверт

Россиялик сатирик ёзувчи Евгений Петров (1904-1942)нинг бир ғалати одати бор эди: у бутун ҳаёти давомида ўзи жўнатган мактублари конверти коллекциясини йиғарди.

У бирон бир мамлакатнинг бирор шаҳридаги уйдирма манзилига хат ёзар, бир мунча вақт ўтгач, унинг уй манзилига турли хил хорижий штамплар ва “Алоқа манзили топилмади” кўрсатмаси ёзилган конверт қайтиб келарди. Бироқ кунларнинг бирида бу хоббиси уни ғалати аҳволга тушириб қўйди.

1939 йилнинг апрелида Петров Янги Зеландия почтасини безовта қилишга қарор қилди. Ўз схемасига кўра, у “Ҳайдбервилл” шаҳри,  “Райтбич” кўчаси, 7-уй, Мерилл Ожин Уэйзлига” деб хат жўнатди.

Хатда у қуйидагиларни ёзди: “Азизим Мерилл! Пит амакининг вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлигимини қабул қил. Бардам бўл дўстим. Узоқ вақт давомида ёза олмаганим учун мени кечир. Ингриднинг ишлари жойида, деб умид қиламан. Қизингни менинг номимдан ўпиб қўй. У аллақачон катта бўлиб қолгандир. Сенинг Евгенийинг”.

Мактуб юборилган кундан икки ой ўтди. Лекин тегишли белги қўйилган хатдан ҳали-ҳамон дарак йўқ эди. Ёзувчи хат йўқотилган, деб қарор қилди ва бу ҳақда унута бошлади. Бироз вақт ўтиб, ёзувчини ҳайратда қолдириб, жавоб хати келди.

Аввалига Петров кимдир уни ўз руҳида масхара қиляпти, деб ўйлади. Аммо конвертдаги манзилни ўқигач, у ҳазилга ўрин йўқлигини тушуниб қолди. Конвертда қуйидагилар ёзилган эди: “Янги Зеландия, Ҳайдбервилл, Райтбич, 7. Мерилл Ожин Уэйзли”. Боз устига буларнинг барчаси Янги Зеландия Ҳайдбервилл почта алоқасининг кўк штампи билан тасдиқланган.

Мактубда шундай дейилган эди: “Азизим Евгений! Таъзия учун ташаккур. Пит амакининг бевақт ўлими бизни шошириб қўйди. Кечикиб ёзганим учун мени кечирасан, деб умид қиламан. Ингрид ва мен сен билан бирга ўтказган икки кунни тез-тез эслаймиз. Глория ҳам катта бўлиб қолди, у иккинчи синфда ўқияпти. У сен Россиядан олиб келган бахмал айиқчани ҳанузгача асраб келмоқда”.

Петров ҳеч қачон Янги Зеландияда бўлмаган, шунинг учун у фотосуратда ўзини қучоқлаб турган бақувват одамни кўриб, янада ҳайратда қолди. Расмнинг орқа томонида шундай ёзилган эди: “1938 йил, 9 октябрь”.

Суратдаги санани кўриб, ёзувчи ҳангу-манг бўлиб қолди. Айнан ўша куни, ўтган йилнинг 9 октябрида у оғир пневмония билан касалхонага ётқизилганди ва шифокорлар бир неча кун давомида қариндошларидан унинг тирик қолиш имконияти деярли йўқлигини яширмай унинг ҳаёти учун курашган эди.

Евгений Петров ҳеч қачон тасаввуфга ишонмаган. Бу тушунмовчиликни бартараф этиш мақсадида у дарҳол Янги Зеландияга хат ёзди. Лекин жавоб кутишга муваффақ бўлмади: иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. У урушниннг биринчи кунлариданоқ ҳарбий мухбир сифатида ишлади. Ҳамкасблари уни танимай қўйганди – у ўйчан бўлиб қолди ва умуман ҳазил қилишни тўхтатди. Хуллас, ушбу воқеа ғалати равишда тугади.

1942 йилда Евгений Петров Севастополдан пойтахтга учиб келаётган самолёт Ростов вилоятида немислар томонидан уриб туширилди. Яна тасаввуф – ўша куни ёзувчининг уй манзилига Янги Зеландиядан хат келди. Ушбу хатда Мерилл Уэйзли совет аскарларига тасанно айтиб, Петровнинг ҳаётидан хавотирда эканлигини айтган. Бошқа нарсалар қатори мактубда қуйидаги сатрлар бор эди:

“Ёдингдами, Евгений, кўлда сузишни бошлаганингда мен жуда қўрққандим. Сув жуда совуқ эди. Сен эса чўкишдан эмас, самолёт қулаши оқибатида вафот этишингни айтгандинг. Илтимос, эҳтиёт бўл дўстим, иложи борича камроқ парвоз қил”.

Петровнинг дала сумкасида Севастополь ҳақида бошлаган репортаж лойиҳаси бор эди. У ёзишга муваффақ бўлган сўнгги сатрлар қуйидагича эди: “Эҳтимол, шаҳар ўз мавқеини сақлаб қолар... Мен аллақачон мўъжизаларга ишонишга одатланиб қолганман...”.

Ушбу воқеа асосида Россия ва Америка киноижодкорлари томонидан “Конверт” қисқа метражли фильм суратга олинган.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.