Мутолаа: Майлику-я...
У маҳалла раиси олдига келиб ўзини ночордан олиб ночорга солди ва моддий ёрдам сўради.
— Қўлдан берганга қуш тўймайди, ука, — деди раис. — Яхшиси юзта товуқ олишингга кўмаклашаман. Кунига 70-80 тадан тухум туғсаям рўзғорингга барака киради, сотиб пул топасан. Товуқ етти хазинанинг бири, ахир.
— Майлику-я, — деди у чайналиб. — Лекин ҳовлимда товуқ катагим йўқда...
— Унисигаям кўндим, — оқсоқол ён босди. — Иккита йигитга айтаман товуқ катак қуришингга ёрдамлашади. Бўладими?
— Майлику-я, — у яна чайналди. — Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон, деганларидай, юзта товуқни қандай боқаман?
— Бу ёғини ўйлама, — раиснинг энсаси қотсаям сездирмади. — Тўрт-беш кунга етадиган ем топиб бераман.
— Майлику-я, — баттар чайналди у. — Аммо тўрт-беш кундан кейин нима қиламан. Товуқ боқишнинг ўзи бўладими?
Раиснинг жаҳли чиқди:
— Унда кетавер. Товуқларни катаги бор, дон-дун топадиган бошқа оилага берамиз. Бўладими?
— Майлику-я, моддий ёрдам-чи? Моддий ёрдам нима бўлади?
— Моддий ёрдам сенга тўғри келмайди!.. Сур ғалтагингни...
У ўша куннинг ўзида раиснинг устидан шикоят ёзди...
Лола ЎРОҚОВА.