Мутолаа: Қўзига айланган қўчқор. Ҳажвия
Муҳаммал Очил.
Ичкиликни чиқарганнинг ичаги ўралсин экан-да! Агар шу касофат бўлмаганда… Хуллас, нима жин урди-ю, мўмин-қобиллиги билан ном чиқазган Қосимбой отлиғ ҳалимдеккина йигит ҳамсоясининг тўйида ичиб кайф қилгач, ёнидаги шишадош шериги Кўчимбойга калла қўйиб қолди.
Шериги ҳам нимжон, чиллашир эканми, оёғи осмондан келганча сув тўла ариққа тушиб кетди… Энг ёмони, бу воқеанинг шоҳиди бўлиб турган Дамир домулла завқланганидан беихтиёр қарсак чалиб юборди.
− Э-э, қойил! Калла уришни қаранг… Бу Қосимбой қўчқорнинг ўзи эканку-а?!
Тамом! Қишлоқда Дамир домулланинг дегани-деган, айтгани-айтган!
Хуллас, ўша тўйда Қосимбойга «Қўчқор» лақаби ёрлиғдек ёпишди-қолди. Бу хабар Қосимбойнинг улфатларига ҳам етиб борди.
− Қўчқорвой, калла қўйиш бўйича чемпионатга тайёргарлик кўраётган эмишсизми?!
− Қўчқорвой, сомон сувоққа ўтинг! Фақат ҳашарчиларга ҳазиллашмайсиз, хўпми?
− Қўчқорвой, сизни тўйга айтмоқчиман-у, аммо шу феъли-хўйингиздан қўрқиб турибман-да!
Қосимбой қараса, аҳвол чатоқ. Ҳамқишлоқлари отаси қўйган от қолиб, қаёқдаги тўрт оёқли жониворнинг номини тутиб… Нима қилса, бу чапани оғайниларининг чакаги ўчади? Ҳаммасига бир-бир «калла қўйиб» чиқолмайди-ку! Қосимбой ўйлаб-ўйлаб чорасини топгандек бўлди. Бир гурунгда дардини ёрди.
− Ў-ў, оғайнилар! Нима қилсам шу лақабларингдан қутуламан-а?! Кўчимбойдан бош эгиб, кечирим сўрасам рози бўласизларми?
Тўрда ўтирган жўрабоши – Дамир домулла оғзини кўвача қилиб кулди.
− Кечиримдан кулча ясаб бўладими-а? Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, тушундингми? Бунинг иложи, яхшилаб бир ҳақ берасан, тамом-вассалом! Бир яшик «Шаҳрисабз ароғи»ни ариқ қилиб оқизиб, оғилхонангдаги қўчқорнинг бўғзига пичоқ тортсанг, «қўчқор» номидан қутуласан! Тўврима, жўралар?!
− Тўғри, тўғри! − гувранди давра, − хўп деявер, Қўчқорвой, ҳалиям домулла сени аяяпти!
− Бўпти! − Қосимбой тиззаланди. − Фақат қасам ичинглар!
Дамир домулланинг пешонаси тиришди.
− Ҳў-ў, қўчқорнинг тиррақиси! Сен олдин гаштакнинг кифтини келиштир, ундан кейин «овмин!» ол-да, баччағар! Нима ёки гапимизга ишонмаяпсанми? Унда қайтадан қўчқорга…
− Бўлди, бўлди! − Қосимбой жон ҳолатда ияк силтади. − Бугун жума… Ана, бозор куни бизникига-да!
Айтилган гап – отилган ўқ. Якшанбадаги машварат меъёридан ошди. Ўша куни оғилхонадаги қора қўчқорга қўшилиб, товуқхонадаги икки курка ва бир хўрознинг ҳам боши кетди.
Ниҳоят, жўрабоши Дамир домулла сархуш ҳолда лаб-лунжини артганча қўлини дуога очди.
− Қани… Жигит ўлмайлик, бало кўрмайлик! Том устида седана, териб есин бедана. Шу гаштакда ўтирганларнинг уйи бўлсин тўйхона, оғилининг тўри қўйхона… Во-обшем, гап шу! Бундан кейин кимда-ким мана шу жўрамиз Қўчқо-о… кечирасизлар, Қосимбойнинг отига «Қўчқор» лақабини тиркаса…
Қосимбой иршайди: «Хайрият-э!»
Ҳиқичоқ тутиб Дамир домулла дуодан тўхтади, атрофдагиларга муғомбирона кўз югуртирди.
−Хўш-ш! Кимда-ким шу Қўчқорвойни яна қўчқор деса… Деса… Ҳм-м… Энди, Қўчқорвой хафа бўлмайсан! Ҳали, бу жойга келгунча биз келишгандик. Битта ўтириш билан энди шундай катта лақабдан қутулиш инсофдан эмас! Лекин биз ҳам унақа номард эмасмиз… Қилган хизматинг, ёзган мана бу шоҳона дастурхонингни, майли, инобатга оламиз. Қани, ҳамма қўлини дуога очсин! Бугундан бошлаб шу жўрамизнинг номи озроқ кичрайтириб айтилсин! Қўчқор эмас, энди қўзи бўлсин…
Гуриллаган кулгига уй эгасининг ҳиқиллаш аралаш хўрсиниши сингиб кетгандек бўлди.